Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Яна бир катта сел келса чимқўрғонликлар йўлсиз қолади(ми)?

Таҳририятимизга Иштихон тумани Чимқўрғон маҳалласи Юқори Чимқўрғон қишлоғида яшовчи Нуриддин Яҳёевдан шикоят хати келди.

Унда шундай ёзилади: “Қишлоғимизни маҳалла маркази билан боғловчи йўл катта сой орқали ўтилади. Сойдаги кўприк эса бузилганлиги, ички йўлларимиз ҳам таъмирталаблиги сабабли туман ҳокимлиги ва Халқ қабулхонасига мурожаат қилдик. Аммо натижа бўлмади. Туман ҳокими номидан келган жавоб хатида 2020 йил манзилли дастур асосида ажратилган маблағ етмаганлиги сабаб 2021 йилнинг учинчи чорагида қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилади, дейилган. Унгача одамлар кўчага чиқмаслик керак экан-да?!”

Шикоят хатини ўрганиш мақсадида Иштихон туманида бўлдик.

Бузилган кўприкдан умид узилган

Чимқўрғон маҳалласига бориб, аввало бузилган кўприкнинг тақдири билан қизиқдик. Ҳақиқатдан ҳам маҳалланинг икки қишлоғи ўртасидан ўтувчи сойдан ёз пайти сув оқмас, аммо қиш ва баҳор ойларида ёғингарчилик бўлса, сел келиши оқибатида маҳаллий аҳолининг ҳаракатланиши учун хавф туғилар экан. Қишлоқ одамлари ҳашар йўли билан кўприк қуришга бир неча бор уринган, аммо ҳаракатлар бесамар кетган.

- 2019 йил туман ҳокими томонидан ўтказилган сайёр қабуллардан бирида шу масалада мурожаат қилгандик, - дейди Юқори Чимқўрғон қишлоғида яшовчи Нарзулла Жайнаров. – Ҳокимлик кўмаги билан кўприк қурилиши учун 7 тонна цемент, 4 юк машинасида тош келтирилди. Ҳашар йўли билан қурилиш ишларига киришдик. Кўприк эндигина битаёзганда катта сел келиб оқизиб кетди. Мустаҳкам кўприк қурилиши учун катта иш кучи ва анчагина маблағ зарурлигини билиб, ҳозирча умидимизни узиб турибмиз.

Пиёдалар кўприги ҳам омонат

Сойдан ўтиш учун пиёдаларга мўлжалланган кўприк ўтган асрнинг 80-йилларида ҳашар йўли билан қурилган. Лекин бугун бу кўприк ҳам фойдаланиш муддатини ўтаб бўлган. Шу пайтга қадар таянч вазифасини ўтаб келган устунларнинг айримлари қулаб қолган, қолганларининг ўзи таянчга муҳтож.

- Катталарку бир йўлини топар, - дейди хат муаллифи Н.Яҳёев. - Юздан зиёд мактаб ўқувчилари ёғингарчилик кунларида шу кўприкдан ўтишади. Унинг бир томони жарликнинг “лаби”да турибди. Уни сел оқизиб кетмасин, деб сой қирғоғидан сал наридаги тол дарахтига боғлаб қўйганмиз. Бу кўприк ҳам яна бир йил дош бериши мумкин. Кейин нима бўлади, билмаймиз. Ишқилиб, бирор фалокат рўй бермасин-да, деб юрак ҳовучлаб ўтирамиз.

Йўл жар ёқасида

Юқори чимқўрғонлик ўқувчиларнинг мактабга ушбу омонат кўпикдан ўтмай, қўшни Қўшработ тумани Қийқим маҳалласи орқали келиши мумкин. Бунинг учун 5-6 километр масофани босиб ўтиши керак. Аммо шу йўлнинг ҳам 130 метр қисми жар ёқасида. Сел оқибатида ҳосил бўлган катта жарлик, нафақат болалар, балки катталар учун ва автоуловларнинг ҳаракатланишига жуда хавфли. Агар яна бир катта сел келса, бу йўлдан ҳам юриб бўлмай қолиши кундек равшан.

- Бу ҳақда бир неча марта туман ҳокимлигига, депутатларимизга мурожаат қилганмиз, - дейди маҳалла раиси Холмирза Раббимов. – Тўғри, мутахассислар ўрганишга келиб, суратга тушириб кетишди. Аммо натижа бўлмаяпти.

Мутасаддилар нима дейди?

Улар жим. Аниқроғи, туман ҳокимлиги мутахассислари, йўл қурилишига масъуллардан тайинли жавоб олиш қийин бўлди. Улар “бунинг учун катта маблағ керак, дастурга тушириш зарур”, дейишдан нарига ўтмади. Туман ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Умид Исломов эса ўша пайтда таътилда экан. Орадан беш кун ўтиб, у ишга чиққанлиги ҳақидаги хабарни эшитиб, телефон орқали боғландик. Масалага ойдинлик киритмоқчи бўлдик.

- Чимқўрғондаги кўприкни бир марта таъмирлагандик, - дейди ҳоким ўринбосари У.Исломов. – Тош етказиб бергандик, 30 тонна цемент ишлатилган эди. Ўзим бош бўлганман. Кейин табиий офат – сел туфайли яна бузилди. Энди дастурга киритиш чораларини кўриб, замонавий, мустаҳкам кўприк қуриш ниятидамиз. Йўл масаласига келадиган бўлсак, икки-уч кун ичида туман фавқулодда вазиятлар бўлими вакиллари ва масъул мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ билан жойига бориб ўрганамиз ва муаммонинг ечимини топишга ҳаракат қиламиз.

Масъуллар масъулиятсизлик қилса...

Маҳалла фуқароларининг айтишича, кўприкни таъмирлашга 7 тонна цемент кетган,  ҳоким ўринбосари У.Исломов эса 30 тонна ишлатилган, деди. Аслида бузилган кўприк қанча цемент эвазига бунёд этилган экан-а?

Кўприк масаласини дастурга киритиш чоралари кўрилаётганини ҳисобга олсак, унинг яқин орада битишидан умид қилмаса ҳам бўлади. Аммо инсон ҳаёти учун хавфли бўлган жарлик ва унинг ёқасидаги йўл муаммоси тезроқ бартараф этилмаса, масъуллар масъулиятсизлик қилса, турли кўнгилсизликлар содир бўлмаслигига ким кафолат беради?

Тўлқин СИДДИҚОВ,

“Зарафшон” мухбири.