“UzAuto Motors” АЖ енгил автомобиллари сотувидаги коррупциявий ҳолатларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилди
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ижтимоий тармоқларда коррупциявий ҳолатлар тўғрисида эълон қилиб борилаётган мақолалар мунтазам мониторинг қилиб борилмоқда.
Жумладан, “UzAuto Motors” АЖ томонидан ишлаб чиқарилаётган автомобилларни сотиб олиш жараёнида узоқ муддатли навбатлар ташкил қилинганлиги ортидан “устама эвазига” навбатсиз автомобиль сотиб олиш ҳолатлари кузатилаётганлиги тўғрисида эълон қилинаётган мақолалар кенг жамоатчилик муҳокамаларига сабаб бўлди.
Шунга кўра, автомобилларни сотиб олиш жараёнида коррупциявий ҳолатларни олдини олиш мақсадида ахборот тизимларини интеграция қилиш орқали бу жараёнда очиқлик ва шаффофликни таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар режаси Ички ишлар вазирлиги, “UzAuto Motors” АЖ ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ўртасида ишлаб чиқилиб, тасдиқланди.
Унда қуйидагилар амалга оширилиши белгиланди:
– автомототранспорт воситасини сотиб олиш жараёнида шартнома тузиш, жорий савдода мавжуд автомобиллар қолдиғи, шартнома навбатини онлайн кузатиш хизматлари мавжудлиги тўғрисида мижозларга батафсил маълумот бериш, жумладан оммавий ахборот воситалари орқали тарғибот ишларини амалга ошириш;
– “UzAuto Motors” АЖ ва ИИВ Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ахборот тизимлари (базалари)ни интеграция қилиш орқали “UzAuto Motors” АЖнинг дилерлик корхоналари томонидан мижозларга расмийлаштирилиб берилаётган ҳисоб-маълумотномаларни ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасида ҳақиқатда шартнома тузган шахс номига расмийлаштиришни таъминлаш;
–“UzAuto Motors” АЖ ва ДЙҲХХ ахборот тизимлари ўртасида маълумотлар алмашувини дастлаб тажриба тариқасида Тошкент шаҳрида, кейинчалик Республика миқёсида жорий этиш;
– қоғоз кўринишидаги (бланк) ҳисоб маълумотномага қўшимча равишда ИИВ ЙҲХББ ва “UzAutoMotors” АЖ ўртасида интеграциялашган ҳимоя даражасига эга бўлган электрон маълумот алмашиш тизимини (модуль) жорий қилиш.
Ички ишлар вазирлиги, “UzAuto Motors” АЖ томонидан юқорида келтирилган чора-тадбирлар ижроси бажарилиши ҳамда натижаси бўйича Агентликка ахборот киритиб борилишига келишилди.