Узумчилик: анъанавий ёндашувлардан воз кечиш пайти келди
Ҳисоб-китобларга кўра, 1 гектар майдонда етиштирилган пахта хомашёсига нисбатан узумдан 7, гилосдан 6, ёнғоқдан 5 баравар кўп даромад олиш имконияти мавжуд.
2010 йилда экспортнинг 11,3 фоизи пахта толаси ҳиссасига тўғри келган бўлса, 2018 йилга келиб ушбу кўрсаткич 1,6 фоизгача камайди.
Ушбу рақамларни илмийлик тамойили нуқтаи назаридан таҳлил қилиб кўрайлик.
Биринчидан, пахтачилик соҳасининг самарадорлиги йилдан йилга пасайиб бормоқда ва бундай номаъқул тенденцияни кластер тизимини жорий этиш йўли билан ҳам ўзгартириб бўлмаяпти.
Иккинчидан, узумчилик ва мева-сабзавотчилик соҳалари бозор механизмлари ва илмий тамойилларга таянган ҳолда такомиллаштирилади.
Учинчидан, узумчилик соҳаси яқин келажакда Ўзбекистон иқтисодиётининг драйверига айланиши мумкин.
Энди узумчилик соҳасида вужудга келган ҳолат ва унинг тараққиётидаги тенденцияни рақамлар ёрдамида таҳлил қилиб кўрамиз.
Расмий статистик маълумотларга кўра, 2020 йилда Ўзбекистондан етакчи импортёр мамлакатлар, яъни Россия Федерацияси, Қозоғистон ва Қирғизистонга 133 миллион долларлик 140 минг тонна маҳсулот экспорт қилинган. Бу кўпми ёки кам?
Ўзбекистонда ҳар йили етиштирилган узум ялпи ҳосили ўрта ҳисобда 1 миллион 600 минг тоннани ташкил этаётганини инобатга олсак, экспорт улуши 10 фоиз атрофида эканлигини кўриш мумкин. Жаҳон банкининг экспертлари мамлакатимизнинг узум бўйича йиллик экспорт потенциалини 222 минг тонна миқдорида баҳолашмоқда. Агар жорий йилнинг баҳор фаслида 25 минг гектар янги токзорлар барпо этилганини, шунингдек, аввалги йилларда экилган 15 минг гектар ҳосилга кирмаган токзорлар мавжудлигини инобатга олсак, яқин беш йилликда экспорт ҳажми юқорида қайд этилган рақамдан икки-уч маротаба кўп бўлиши лозим.
Шундан келиб чиқадики, соҳа драйверга айланиши учун чуқур маркетинг тадқиқотлари амалга оширилиши лозим. Алоҳида таъкидлаш жоизки, узумга тегишли жаҳон бозоридаги конънюктура ижобий тенденцияга эга бўлиб, ялпи талаб йилига 300 миллион долларга кўпаймоқда ва бундан мамлакатимиз самарали фойдаланиш имкониятига эга.
Соҳада вужудга келган ҳолатга қандай баҳо бериш ва уни қандай қилиб яхшилаш мумкин?
Биринчидан, токзорларимиз нафақат жисмонан, ҳатто манан эксирган. Жаҳон бозорида данаксиз узумларга талаб ўсиб бормоқда. Аммо биз экспортга чиқарадиган узумнинг аксарият қисми данакли («ҳусайни», «тоифи», «келинбармоқ») узумлардир.
Иккинчидан, Ўзбекистондан экспорт қилинадиган узум асосан тор доирадаги мамлакатларга жўнатилади, яъни экспорт географияси диверсификация қилиниши лозим.
Учинчидан, узум ялпи ҳосилининг 60 фоизи деҳқон (шахсий ёрдамчи) хўжаликлари ҳиссасига тўғри келади. Бу эса селекциялаш, стандартлаштириш ва сертификатлаш, соҳани тизимли бошқариш ва мувофиқлаштириш, энг асосийси, мақсадли молиялаштириш учун тўсқинлик қилади.
Тўртинчидан, етиштириш интенсив усулга ўтказилди, аммо узумчилик соҳасида анъанавий ёндашувлар сақланиб қолинди. Натижада, етарли даражада янги экспортбоп, узоқ масофаларга транспортировка қилинадиган навлар яратилди, деб мақтана олмаймиз.
Илҳом Вафоев,
иқтисодчи.
Зуҳур Ниёзов,
қишлоқ хўжалик фанлари номзоди.