Вакциналарнинг самарадорлигига шубҳа йўқ

Яқинда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ изланиш олиб бораётган мутахассислари иштирокида “COVID-19. Вакцинация: Эришилган ютуқлар, истиқболдаги режалар ва мақсадлар” мавзусида илмий-амалий халқаро конференцияда бўлиб ўтди.

Унда алоҳида маъруза билан иштирок этган Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғининг ўринбосари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Нурмат Атабеков тадбирдаги чиқишида тилга олинган фикрларни ССВ матбуот хизматига сўзлаб берди.

Жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб аҳолини коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари бошлаб юборилди.

❗️ Айни кунгача мамлакатимизда жами 16 861 167 доза вакцинадан фойдаланилди. Ҳозиргача тўлиқ эмланган фуқаролар 3 121 019 нафарни ташкил қилмоқда.

Нурмат Атабековнинг таъкидлашича, коронавирусга қарши эмлаш бошлангандан бери ўтган 5 ой давомида 285 та ҳолатда шифохонага ётқизилганлар мазкур касалликка қарши эмланганликлари эпидемиологик суриштирув жараёнида аниқланган.

Ҳозирда санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати томонидан грант лойиҳаси амалга оширилаётган бўлиб, унга мувофиқ, SARS-COV-2 коронавирусига чалинган ва ушбу касалликка қарши вакцина олган одамлар орасида иммунитет даражасини ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

Унинг сўзларига кўра, мутахассислар томонидан бир вақтнинг ўзида COVID-19га қарши ZF-UZ-VAC2001, AstraZeneca ҳамда “Sputnik V” вакциналари билан эмланган шахслар тадқиқ қилинмоқда.

Тадқиқот даврида аниқландики, жорий йилнинг 1 апрелидан август ойининг якунига қадар Тошкент вилоятининг Зангиоата 1- ва 2-клиникаларига 37 890 нафар коронавирус ва пневмонияга чалинган ва уларга гумон қилинган бемор ётқизилган бўлиб, ушбу беморларнинг 285 таси (0,75 фоиз) бир ёки бир неча маротаба вакцина олган.

Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, вакцина қабул қилганидан кейин коронавирус билан касалланган беморларда касаллик асосан енгил ва ўрта оғирликда кечган.

Бу ҳолатни қуйидаги таҳлиллардан ҳам кўриш мумкин. Беморларнинг  231 нафарида (Зангиота 1- ва 2-клиникаларида даволанган умумий беморлар сонига нисбатан 0.6 фоиз) касаллик енгил даражада кечган. Касалланганларнинг жуда кам қисми касалликни ўрта ва оғир даражада ўтказган.

Беморларнинг 10 нафарида клиник белгилар кузатилмаган ва аҳволи қониқарли бўлса-да, касаллик аниқланган шахсларнинг хоҳиш-истаклари ва эмлашдан кейин касалландим, деган хавотирларини инобатга олиб, кузатув мақсадида бир неча кунга шифохонага ётқизилган.

Олиб борилаётган илмий тадқиқотлар ҳали давом этаётган бўлса-да,  изланишлар натижаларига мувофиқ бирламчи хулосаларни қилиш мумкин:

📌 текширилган беморларда, қабул қилинган вакциналар туридан қатъий назар, антитаначаларнинг етарли миқдори ишлаб чиқарилган;

📌 вакциналарнинг иккинчи дозасини қабул қилиш антитаначалар миқдорининг сезиларли даражада ўсишига олиб келган;

📌 ZF-UZ-VAC2001 вакцинасини қабул қилган шахслар гуруҳининг натижалари бошқа турдаги вакциналарни қабул қилган шахсларнинг натижаларига тўла мос келади;

📌 ZF-UZ-VAC2001 аҳолини COVID-19га қарши эмлаш учун самарали ва ишончли вакцина ҳисобланади;

📌 COVID-19га қарши эмлаш касалликнинг осойишта кечиши ва оғир ҳолатлар сонининг кескин камайишига имкон яратади.