Ватан ҳақига муножот
Куз кунларининг бирида Самарқанд шаҳрида машина кутиб тургандим. Олдимдан “Нексия” машинаси ўтди-да, анчага бориб тўхтади. Машина нотаниш бўлганидан унга эътибор бермадим. Машина орқага тисланиб келиб рўпарамда тўхтагач, ичидан бир йигит тушди. Шундагина у мен учун тўхтаганлигини билдим.
Машинадан тушган йигит яхши укахонларимдан экан, қучоқлашиб кўришдик. Уни бир-икки йилдан буён кўрмаган эдим.
- Машинани танимадингиз шекилли, қарамадингиз? - деди у.
Мен “Ҳа” деб жавоб бердим.
- Ўтиринг, бораётган жойингизга элтиб қўяман, – деди у қистов билан.
- Раҳмат, овора бўлманг, мен тескари томонга кетяпман.
- Фарқи йўқ, қаерга бўлса ҳам обориб қўяман.
Шунча мулозаматдан сўнг рад этишни эп кўрмай машинасига ўтирдим. Йўлда гаплашиб кетдик.
- Анча вақтдан буён кўринмайсиз?
- Эшитмадингизми? Америкада яшаяпман–ку, “Грин кард” ютгандим. Ишларим яхши. Уй солдим, янги машина олдим, – деди у ўта мамнунлик билан.
- Яхши бўпти. Ишларингиз юришганидан хурсандман, – дедим унга чин дилдан.
- Ишларим яхши, ака. Энди болаларимни ҳам Америкага олиб кетяпман, – деди у мен томон бурилиб.
- Ватан-чи, Ватан нима бўлади? – дедим ярим ҳазил, ярим чин маънода.
- А-а, Ватан, Ватан, деб юраверсам очдан ўлардим. Бирим икки бўлмади. Мен учун Ватан Америка. Сиз Америкада бўлганмисиз? – деди у. Мен “йўқ” деб жавоб бердим. - Эй, мўъжиза, ака. Американи бир марта кўрмаган одам дунёга келдим, демаса ҳам бўлади, – деди у кавбойча чапдастлик билан машинасини бошқарар экан.
- Хоҳласангиз, Сизга ҳам иш топиб Америкага боришингизга ёрдам бераман.
- Йўқ, раҳмат ука. Америкада менбоп иш топилиши қийин, қолаверса, инглизчани билмайман.
- Эй, ака Нью-Йоркда инглизчани кераги йўқ. Русчани билсангиз бўлди. У ерда ҳаммаси ўзимизникилар.
- Билмадим-у, Америкада археология билан инглиз тилида шуғулланса керак…
- Ҳа, эҳтимол, илм-фан билан инглизчада шуғулланишса керак, – деди укахоним бир оз шаштидан тушиб.
Манзилга етдик. Укахонимни уйга таклиф қилдим, вақти зиқлигини айтиб қуюқ хайрлашди.
Тўғриси, Америкага бориб, анча-мунча бойлик орттириб ҳам одамгарчилигини йўқотмаган “америкалик” укахонимнинг қилган бу мулозаматидан анча хурсанд бўлдим. Аммо, уйга киргач, кўнглимда аллақандай ғашлик пайдо бўлди. Дастлаб мен бу ғашлик қаердан пайдо бўлганлигини англамадим. Ҳамма ишларим жойида. Тани жоним соғ-саломат. Бирданига эсимга укахонимнинг “А-а-а, Ватан…”, деган нописанд гапи келди. Шунда кўнглимдаги ғашлик, укахонимнинг сўзларидан пайдо бўлганлигини англадим. Англадим-у, негадир ўзимни ҳақоратлангандек ҳис қилдим. Нега у Ватани ҳақида бундай беписанд гапирди? Ватанида у янги уй, янги машина учун пул тополмаган бўлса Ватани айбдорми? Ватан тижорат ёки тадбиркорлик қилиб пул топадиган бозор ёки корхонами? Майли, бошқа жойга бориб ишлаб, бойиб кетган бўлса, энди Ватани ҳақида беписандлик билан гапириши керакми? Ҳақиқатан ҳам Америка мўъжизадир. Бу юрт укахонимга ҳовли, машина ва яна аллақандай тансиқ нарсаларга етадиган бойлик бергандир. Шунинг учун Америка унга Ватан бўлиб қолдими? Укахоним Американи Ватаним, дея атаяпти. Аммо Америка уни фуқаром, бандам, дея тан оладими? Бечора негрлар неча асрлардан буён Американинг тараққиёти учун азоб чекиб келмоқдалар. Аммо улар ҳанузгача “африка-америкалик” деган тамғадан халос бўлганлари йўқ. Барибир Америка бировнинг, америкаликларнинг Ватани.
“Америкалик” укахонимнинг Ватаним ҳақидаги беписанд гапларини эсласам кўнглимда кўп сўроқлар пайдо бўлади. Ватан ҳақида бундай беписанд гапирадиган битта уми? Бундайлар камми? Бу беписандликнинг илдизлари қаерда? Балки бу укахоним шундай муҳитда улғайганки, бу муҳитда бойлик, пул ҳамма нарсани ҳал қилади, бойлик бўлса Ватан ҳам, обрў-эътибор ҳам муҳайё бўлади, деган фикр ҳукмрон бўлгандир. Қуш уясида кўрганини қилади, деганларидек бу укахонимда ҳеч қандай айб йўқдир, у кўрганини қилаётгандир. Оддий мисол: ҳар бир касб-корга, ҳунарга аста-секинлик билан ўргатиб борилади. Балки, ватанпарварликка ҳам одамларни ўргатиш, ўқитиш лозимдир.
Аммо қаерда, ким ўқитади? Ватанпарварликнинг китоби қанақа, уни ким ёзган ёки ёзади? Укахонимнинг ўзи шундай фикрлаб турганида уни Ўзбекистонда туғилиб Америкада улғаядиган фарзандлари қандай одамлар бўлиб етишади? Бу саволларга дабдурустдан жавоб бериш қийин.
Мен узоқ ўйлардан сўнг Ватан, ватанпарварлик ва ватаншунослик ҳақида ўз фикрларимни ёзишга қарор қилдим. Ёшим олтмишдан ошди, кирар ақлим кириб, чиқар ақлим чиқиб бўлди. Хизмат тақозоси билан кўплаб хорижий мамлакатларда бўлдим, ҳар хил одамлар билан суҳбатлашдим. Япон, корейс, хитой, немис, француз, турк, форс, италияликларнинг урф-одатлари, маросимлари, цивилизациялари билан танишдим. Уларнинг Ватанларига бўлган муносабатларини кўрдим. Шу сафарлар натижасида менинг ватанпарварлик ҳақидаги фикрларим шаклланди. Бекорга “Мусофир бўлмагунча, мусулмон бўлмайсан” деган гап пайдо бўлмаган. Бу гапни сал ўзгартириб, “Мусофир бўлмагунча, Ватаннинг қадрини билмайсан” деб айтсак ҳам хато бўлмас.
Менинг бу фикрларим кимларгадир эриш туюлар, кимларнинг кўнглида эътироз туғдирар, балки кимларнингдир кўнглида озгина бўлса-да савол пайдо қилар, кўнгилларининг бир четида оғриқ уйғонар. Аммо мен, бу ёзганларимни ўқиб ҳамма бирданига ватанпарвар бўлиб, Ватанини севиб қолади, деган фикрдан йироқман. Лекин барибир яхши натижаларга умид қиламан.
Ватан, бахт, севгини ҳамма ҳар хил, ўз ички дунёсидан, тафаккуридан, дунёқарашидан келиб чиқиб тушунади. Бу борада барчага маъқул келадиган ягона ўлчов бўлмаса керак. Савдогар бугун ўз молини яхши нархда пуллаб мўмай даромад олса ундан бахтли одам йўқ. Боласи бемор онанинг боласи соғайса дунёда ундан хушнуд она йўқ. Олим узоқ изланишдан сўнг бирор бир кашфиёт қилса энг бахтли одам шу. Узоқ ҳижрондан сўнг маъшуқасининг васлига етишган ошиқ энг бахтли ошиқдир. Хуллас, бахтнинг тури, хили кўп. Худди шунга ўхшаб Ватанни ҳам ҳамма ҳар хил севади, қадрлайди. Биров учун Ватан аждодларнинг хоки ётган, киндик қони тўкилган, илк қадам қўйган тупроқдир. Бировлар учун Ватан, бойлик йиғиб, қаср қуриб ҳузур-ҳаловатда яшайдиган маскандир.
Дабдурустдан бирор кишидан «Сен онангни нима учун севасан?» деб сўрасангиз, у бирданига жўяли жавоб бера олмайди. Жуда уддаласа “Онам бўлганлиги учун севаман” дея олади. Она бой бўлиши мумкин, Она қашшоқ бўлиши мумкин, Она гўзал бўлиши мумкин, Она бемор бўлиши мумкин. Аммо у Она, бу сўзда ҳамма маъно мужассам. Онани оналиги учун севадилар. Ватан ҳам шундай. Ватанни бой ёки камбағаллигига қараб эмас, Ватан бўлганлиги учун севадилар. Ватанни қадимда ҳам худди шундай севганлар, умид қиламанки, ватандошларим келажакда ҳам Ватанни шундай севадилар.
Жасур Спитамен билан жанг қилайвериб бирор натижага эриша олмай тинка-мадори қуриган, минглаб аскарларидан жудо бўлган Искандар унга битим таклиф қилади. Юнон подшоси Спитаменга ўз элчилари орқали: “Агарда шартларимга рози бўлсанг сен Самарқанд ҳукмдори бўлиб шоҳона яшайверасан” дейди. Аммо Спитамен Ватанни ёв қўлига топшириб, бир қисмида давру даврон суришни хоҳламайди. У Ватанини яхлит, озод кўришни хоҳлайди. Шу йўлда шаҳид бўлади.
Қонхўр Чингизхон жасур Жалолиддинни енга олмагач, унга битим таклиф қилади - “Амударёнинг ўнг қирғоғи сенга, чап қирғоғини мен олсам бўлди” дейди мўғуллар бошлиғи. Аммо ватанпарвар Жалолиддин Ватанни бўлаклашни, бир қаричини ҳам ёв қўлида қолдиришни истамади. Шу йўлда шаҳид бўлади.
Амир Темур Ватаннинг шаъни, ор-номуси, эркини деб Самарқанддан то Қора денгиз бўйларигача, Олтин Ўрдадан шимол тундрасигача, Амударёдан то Нил дарёси қирғоқларигача от сурди. Ватандошларининг мўғуллар топтаган ғурурини кўтариш учун осмонўпар бинолар барпо қилди. Агарда Соҳибқирон хоҳласа йиғган бойликларини бемалол совуриб шоҳона айшу-ишратда яшаб ўтиши мумкин эди.
Аммо Амир Темур учун Ватан, унинг ор-номуси, шону-шавкати, эрки, осойишталиги ҳар нарсадан устун эди. Шу сабабли улуғ бобомиз ёши етмишдан ошса ҳам эгардан тушмади.
XIX асрнинг иккинчи ярмида Оқ подшо маъмурлари Туркистонни истило қилганларидан сўнг бу ерда дини ислом, эътиқод, шарм-ҳаё оёқости бўлди, топталди. Аҳвол шу тарзда давом этаверса, Туркистон халқлари батамом жаҳолат ботқоғига ботишларини фаҳмлаган мингтепалик эшон Мадалихон халқни оёққа турғизди. Аммо бундай дадил ҳаракатга унчалик тайёр бўлмаган халқ уни лозим даражада қўлламади. Мадалихоннинг қўзғолонидан бутунлай ваҳимага тушиб қолган Оқ подшо маъмурлари барча усулларни ишга солиб эшонни қўлга олишга уриндилар. Мадали эшонни ўзимиздан чиққан хоинлар ёрдамида қўлга олган Оқ подшо одамлари ундан фақатгина бир нарсани талаб қиладилар. У халқнинг олдида, қилган ишларимга пушаймонман, тавба қилдим, деб айтиши лозим эди.
Эшонни халқнинг олдида “тавба қилдим” дея айтиши, кўтарган муаммоларини пуч эканлигини, имон-эътиқоднинг оёқости қилинганлиги ёлғон эканлигини англатишини, эшоннинг тавбасидан сўнг ватандошларининг имонлари сустлашишини у яхши биларди. Шу сабабли Дукчи эшон тавба қилмади. Унинг бўйнига сиртмоқ солган жаллод охирги марта “Тавба қиласанми” дея сўради. Овози чиқмай, хириллаб қолган эшон боши билан “йўқ” ишорасини қилди. Уни дорга осдилар.
Мен ХХ асрнинг 80-йилларида Москвада ўқиганимда, архивда ишлаётганимда бир откриткани (гул қоғоз) кўрганман. Бу откритка 1899 йил тугаб, 1900 йил кириб келиши арафасида Санкт-Петербургда чиқарилган эди. Ушбу откриткада кўзи тўла мунг, қўл ва оёқларида кишани бор, мингтепалик Дукчи Эшоннинг сурати бор эди. Оқ подшо маъмурлари янги асрни кутиб олишда бир-бирларини ўша откритка билан табриклаган эканлар. Улар бир-бирларига душманимизни ҳолини кўр, - дея, мақтанганлар.
Албатта, бу дунёда кўп ғоялар, ақидалар, урф-одатлар ва маросимлар бор. Вақт ўтиб улар ўзгаради, янгиланади, аммо Она ва Ватанга бўлган муносабат ҳеч қачон ўзгармайди. Бу муносабат ҳеч қандай ўзгаришсиз аждодлардан авлодларга мерос бўлиб ўтаверади.
Амриддин БЕРДИМУРОДОВ.