Уни соғинамиз, суҳбатини қўмсаймиз

(Эссе)

Асад менинг сенсираб гаплашадиган ягона дўстим эди.

Асад билан ўн бир йил бир синфда ўқиган эдик.

Асад билан Тошкентга бирга келган эдик... Келинг, гапни шундан бошлай қолай.

 Биз 1964 йилда Ургут туманидаги 41-ўрта мактабни битирдик. Синфдошларимиз 27 нафар (23 йигит, 4 қиз) эди. 6 июль куни аттестатимизни олдик, 9 июль куни Асад, мен ва яна бир синфдошимиз Жаббор Тошкент сари йўлга тушдик. У пайтларда бошқа шаҳарларга қатнайдиган автобуслар Самарқанднинг қоқ маркази – Регистон майдонидан жўнар эди. Ўша ердан бизни менинг Мўминқул акам кузатиб қўйди. Қўнғизсифат, тахминан ўн-ўн беш ўринли автобус бўларди. Шу автобусда қишлоғимиздан Самарқанд шаҳрига бир неча марта келган эдик. Тошкентга ҳам шунақа автобус қатнар экан. Яна денг, у вақтда Самарқанддан Тошкентга эски йўл (Янгиер, Гулистон орқали) билан келинарди, ҳозирги трасса (халқ тилида бетонка) қурилмаган эди. Қўнғизсифат автобус соатига 40-50 километр юрган бўлса керак-да, эрталаб йўлга чиқиб, кун ботарда Тошкентга келганмиз. 

Уч азамат автобусдан тушиб, атроф­га алангладик, гўё бошқа юртга келиб қолгандай. Троллейбус бекатига бориб, 9-троллейбусга чиқдик. Отамнинг жияни Эшназар ака Чилонзорда, Волгоград кўчасида яшар эди. У киши оиласи билан қишлоққа бориб турар, ўшанда адресини бериб, бориш йўлларини тушунтирган эди. Эшназар ака эллигинчи йилларда Тошкентга келган, шу ерда оила қуриб, ҳайдовчи бўлиб ишларди.

Қош қорайганда уч синфдош узун-қисқа бўлиб Эшназар аканинг уйига кириб бордик. У киши тўрт қаватли уйнинг охирги қаватида икки хонали хонадонда яшар экан. Оилада беш жон – эр-хотин, икки ўғил, бир қиз – шу торгина уйда тураркан. Ўзбекнинг уйи тор бўлса ҳам кўнгли кенг бўлади. Эшназар ака, хотини Мактаб янга уч азаматни очиқ чеҳра билан кутиб олишди. Дарҳол дастурхон ёзиб, олинг­лар, узоқ йўлда оч қолгандирсизлар, деб илтифот кўрсатишди. Ҳолбуки, улар шерикларимни танимайди. Чунки Асад қўшни Қоратепа қишлоғидан, Жаббор эса тоғ тагидаги узоқ Зинак қишлоғидан. Мен уларни таништирдим. Эшназар ака ҳам, Мактаб янга ҳам бунга эътибор бермади, “Сен билан келган бўлса, демак, жўраларинг-да”, деди бепарво...

Эртаси куни қайдасан, ТошДУ деб, шаҳар кездик. У вақтда ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ) ҳозир Тошкент давлат юридик университети жойлашган тарихий бинода экан. Сўраб-суриштириб, Тошкент давлат университетини топиб бордик. Асад билан мен журналист бўлиш ниятида эдик, шу боис журналистика факультетига ҳужжат қабул қиладиган жойни қидирдик. Ундан-бундан сўраб билдикки, журналис­тика алоҳида факультет эмас, балки филология факультетида бир бўлим экан.

Қабул комиссиясига учрадик. У ерда ўтирган рус аёл папкамни очиб-очмай 286-форма қани, деди. Мана-ку, десак, йўқ, бу бўлмайди, шу ердан ўтасанлар, деди совуқ оҳангда. У эшикда навбат, бу эшикда навбат. Қисқаси, бир ҳафталарда ҳужжатларни тахладик.

Ҳужжат қабул қилувчи аёл ўз ишининг роса устаси экан. Ҳужжатларнинг ҳар бирини синчиклаб кўрди, бу жараёнда дамба-дам юзимга термулади. Айниқса, расмни кўраётганда менга узоқ тикилди. Хуллас, мен ҳужжатларимни топширдим. Навбат Асадга келди. Қабул қилувчи унинг папкасини очиб, эринмай, шошилмай барча ҳужжатларни бирма-бир, қайта-қайта кўрди. Сўнг Асадга қаради: “Аттестатинг қани?” деди. “Ичида” деди Асад. Аёл кинояли кулди: “Нимани ичида? Кўз олдингда бирма-бир кўрдим, йўқ-ку, бошқа ҳамма ҳужжат бор, жойида, аммо аттестат йўқ. Аттестатсиз ҳужжат қабул қилинмайди”. Шундай деб, қоғоз папкани Асадга тутқазди. Асаднинг кўзлари пирпиради, бир менга, бир қабул қилувчига қарайди. “Жойни бўшат, бошқаларга халақит берма”, деди-да, орқамизда турган ўзимизга ўхшаб қоғоз папка қўлтиқлаган йигитни чақирди: “Қани, сен кел-чи...”

Иккаламиз шалвираб кўчага чиқдик. Асад ҳам, мен ҳам ўз хаёлимиз билан банд эдик. “Энди нима қилади? Қаерда йўқотган бўлиши мумкин? Ёки қишлоқда қолиб кетганмикин?”. Шу хаёл билан Асадга юзландим. “Йўқ, олиб келганман... Кеча бир сира кўриб чиққан эдим ҳужжатларимни, бор эди”.

Аттестатни қидириб қайси эшикларга кирмадик. Кимларга учрашмадик. Сарсон-саргардонликнинг чеки-чегараси йўқ, аммо натижа ҳам йўқ эди. 

Ўша дамларни Асад кейинчалик “Бўсаға” деган эссесида қуйидагича тасвирлаган эди: “Тақдирни қаранг: Ҳозирги Амир Темур хиёбонини кезиб юра-юра беҳисоб заҳматлар эвазига эришганим аттестатни арзимас парча қоғоз каби тушириб қўйибман. О, ўша лаҳзадаги ҳоли харобимни кўринг: бўғзимга пушаймон билан қоришиқ заҳру заққум ўкирик тиқилади-ю, қаники зиғирча сут айласа!”.

Охири аттестат топилишидан умид уздик. Асад қишлоққа қайтиб кетди. Сўраганларга “Маматқулнинг колхоз дафтарчаси бор экан, ҳужжатларини қабул қилди, менда колхоз дафтарчаси бўлмагани учун қабул қилмади”, дейишга келишдик. Аттестатни йўқотдим дейишга юз чидайдими?!

Дарвоқе, Жаббор дўстимиз қайси институтга борди, ҳужжат топширдими-йўқми – ҳозир эсимда йўқ, бир нарса аниқки, у бир ҳафта-ўн кунларда қишлоққа қайтиб кетди. Кейинги йили Самарқанд давлат университетига ўқишга кирди.

...Куз кунларининг бирида Асадни мактабга чақиришади. Бу ҳақда унинг ўзи қуйидагича ҳикоя қилган эди: “Мактабга борсам директорнинг хонасига кир, де­йишди. Кирсам директоримиз Усмон Бурхонов беш-олти ўқитувчи билан ўтирган экан. Салом-аликдан кейин Бурхонов “Аттестатинг қани?”, деди. Юрагим шувиллаб кетди. Бир зум нима дейишни билмай қолдим. У киши олдимга бир парча қоғозни қўйди-да, ўқи, деди. Кўзларим жимирлаб ўқидим. Шундай сўзлар битилган эди: “Самарқанд область, Ургут районидаги 41-ўрта мактаб директорига! Ўқувчиларингизга тайинланг, ҳужжатларини эҳтиёт қилиб юрсин. Сизнинг ўқувчингиз Дилмуродов Асаднинг аттестати Тош­ДУ ҳовлисидан топиб олинди...”. У ёғини ўқий олмадим. Юрагим гуп-гуп уриб, томоғимга бир нарса тиқилди, назаримда, кўзим ёшланди. Бошимни кўтара олмайман. Оғир сукунат чўкди. Бурхонов жуда оғир-вазмин, мулоҳазали, бағрикенг инсон эди.

– Тушунарлими? – деди сукунатни бузиб. – Кичкина боламассан-ку. Сен ҳам, Маматқул ҳам олтинчи-еттинчи синфда пайтларингдан газеталарга мақолалар ёзиб юрасилар. Сизлардан умидимиз катта. – Олдимга аттестатимни қўйди. – Бу воқеа сенга бир умрлик сабоқ бўлсин. Буёғига эҳтиёт бўл. Яхшиям инсоф­ли, имонли одам топиб олипти... Тушундингми? – Унинг гапиришида заррача койиш, дўқ-пўписа, таъна йўқ эди, оталарча меҳрибонлик билан, мулойим оҳангда тушунтирди. Ўша топда ер ёрилмадики, ерга кирсам. Яна кимсан, журналист бўлар эмиш... Тилим калимага келмайди, бош ирғайман, холос. Бошқа ўқитувчиларнинг ҳам бирортаси бир оғиз гапирмади. Бир-бирига қараб, жилмайиб туришарди.

Директор хонасидан қўлимда аттестат билан бир замбил лой бўлиб чиқдим. Уч-тўрт ой илгари битирув аттестатини қўлга олган куним билан ҳозирги куним ер билан осмонча фарқ қиларди. Июль ойида аттес­тат олганимда қанчалар қувонган бўлсам ҳозир қувончим ундан-да зиёда эди. Шу билан бирга уят ҳисси елкамни зилдай босарди. Уйга томон бир-бир босиб борар эканман, йиғидан ўзимни тиёлмас, айни чоғда отамга қандай тушунтираман, деган хаёл миямни пармадек ўярди...”

Асаднинг мустақил ҳаёти ана шундай кутилмаган саргузаштлар билан бошланган эди. У кейинги йил ТошДУга ўқишга кирди...

Асад Дилмуродов катта ҳаёт йўлини босиб ўтди. У туман, вилоят, республика газеталари, журналлар таҳририятида, нашриётда, кинокомпанияда турли лавозимларда ишлади, бир неча йил ўз даврида республиканинг бош нашри ҳисоб­ланган “Совет Ўзбекистони” газетасининг Самарқанд вилояти бўйича махсус мухбири сифатида фаолият кўрсатди. Ўша йилларда долзарб муаммолар кўтарилган мақолалари эълон қилинди. Уларнинг бирига раҳмат эшитган бўлса, бошқаси учун дакки еди. Қандай ҳолат бўлмасин, ўз йўлидан, эътиқоди ва принципидан қайтмади у.

Асад журналистлик фаолияти билан ёзувчиликни баравар олиб борди. Аниқроғи, ўзида ёзувчиликка мойиллик кучли эканини сезди ва асосий вақтини, истеъдодини шунга бағишлади. У вилоят мухбири бўлиб ишлаб юрган кезларида кўпроқ тарихий мавзуларда мақолалар ёзди. Шу боис унинг аксарият ҳикоялари, хусусан, романлари тарихий мавзуда. “Афросиёб”, “Гириҳ”, “Мезон буржи”, “Аланқува”, “Оқ аждар сайёраси” каби ҳикоя ва қиссалари, Маҳмуд Торобий, паҳлавон Муҳаммад ҳақидаги романлари бунга ёрқин мисолдир.

Мен Асаднинг бадиий асарлари, уларнинг ютуқ ва камчиликлари, ёзувчи маҳорати хусусида фикр юритмоқчи эмасман. Булар ҳақида адабиётшунослар ёзишган ва ўйлайманки, Асад Дилмуродов ижоди ҳали кенг тадқиқ қилинади. Фақат бир нарсани алоҳида таъкидлашни истардим, замонавий ўзбек адабиётида Асад Дилмуродовнинг ўз ўрни, ўз овози бор. Унинг ҳикоялари, айниқса, тарихий мавзудаги қисса ва романлари адабиётимиз хазинасидан муносиб ўрин олади. Бинобарин, Асад адабиётга, журналистикага виждон иши, деб қарар, ёзилаётган асар, ҳатто мақола ҳам, ҳажми ва жанридан қатъий назар, ўқувчига нимадир бериши, уни ўйлашга, фикрлашга ундаши лозим, деган нуқтаи назар билан ёндашар эди. У ўзини қийнаб ишларди, ҳар бир жумла, ҳар бир сўзга масъулият билан қарар, луғат титкилашдан эринмасди. Асаднинг “Фано даштидаги қуш”, “Хаёл чўғланиши”, “Ранг ва меҳвар”, “Маҳмуд Торобий”, “Паҳлавон Муҳаммад”, “Хилват” каби китобларини ўқиган киши бунга амин бўлади.

Иттифоқ даврида Ялта, Пицунда, Дубулта, Переделкина, Малаевка деган жойларда ёзувчиларнинг ижод уйлари бўларди. Ёзувчилар уюшмасининг “Литфонд” деган ташкилоти бўлиб, адибларга ўша ижод уйларига бориб дам олиши ва ишлаши учун йўлланма берарди (муддат 24 кун эди). Асад билан Пицундага бир неча марта борган эдик. Ўшанда гувоҳ бўлганман унинг ижодга нақадар масъулият билан қараганини. Аксарият ёзувчилар, улар иттифоқнинг турли республикаларидан, шунингдек, хорижий мамлакатлардан келишарди, асосий вақтини Қора денгизда чўмилиш, сайр қилиш, теннис, биллиард, шахмат ўйнаш билан ўтказар, Асад эса хонага қамалиб олиб ижод билан машғул бўларди.

Бир воқеа эсимда қолган. Асад билан Пицунда ижод уйида дам олаётган эдик. Бир куни катта ошхонада овқатланиб ўтирсак, олдимизга бир негр ёзувчиси рафиқаси билан келди-да, бизга таъзим қила бошлади. Ҳамма бизга қарайди, биз эса гап нимада эканини тушунмай ҳайронмиз. Кейин қўлидаги қоғозни узатди. Ўқиб кўрсак Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси правлениесининг биринчи секретари Сарвар Азимов уни туғилган куни билан табриклаб, телеграмма жўнатган. Ўзбеклигимизни билиб қолиб, раҳмат айтаётган экан. Ижод уйидан кетгунимизча у бизни қаерда кўрса таъзим қилиб юрди.

Шунда биз Сарвар Азимовнинг юксак дипломатик маҳоратига, қамрови кенг раҳбарлигига, юзаки қараганда арзимас гапдай кўринган, аммо алоҳида эътибор талаб қиладиган ишлар орқали Ўзбекис­тон Ёзувчилар уюшмаси обрўйи ва нуфузини кўтарганига қойил қолдик. Чунки шу биргина мисол туфайли ўша ерда дам олаётган турли республикалардан келган юзлаб адиблар бизни таниди, Ўзбекис­тондан эканимизни билди. Ва шу воқеа сабаб кўплаб ёзувчилар билан танишиб олдик. Жумладан, таниқли озарбайжон ёзувчиси Жалол Баргушад билан қадрдон бўлиб қолдик. У ҳам тарихий мавзуда романлар ёзгани учун Асад билан тез тил топишди. Жалол Баргушад озарбайжонларнинг тарихий қаҳрамони Бобак ҳақидаги “Суғурилган қилич” романини туҳфа қилди. Кейинчалик билдикки, ўшанда бояги негр ёзувчисига (афсуски, қайси мамлакатдан келгани, исм-фамилияси ёдимдан кўтарилган) фақат иттифоқ Ёзувчилар уюшмаси правлениесининг биринчи секретари Георгий Марков ва Сарвар Азимовдан табрик телеграммаси келган экан...

Асад укаларига, сингилларига (у оилада тўнғич фарзанд эди) жуда меҳрибон, улардан ёрдамини аямас эди. Айни чоғда укалари ҳам, айниқса, кичик укаси Неъмат унга меҳрибон эди. Ҳар йили Асаднинг туғилган кунида Тошкентга келарди. Қайсидир йили Асад китоби масаласи бўйича Москвада юрганида Неъмат унинг орқасидан бориб, акасини туғилган куни билан табриклаган. Ҳолбуки, Мос­квадаги нашриёт ходимлари инжиқлик­ларидан ранжиб юрган Асаднинг туғилган куни ҳам ёдидан кўтарилган, шу боис меҳмонхонада хаёл суриб ётганида эшик шарт очилиб, укаси Неъмат кириб келганда тушимми-ўнгимми, деб ҳайрон қолгани рост. 

Ҳаёт ҳар доим бирдай силлиқ кечавермайди. Инсоннинг бошига турли савдолар тушиши мумкин ва бундан ҳеч ким кафолатланмаган. Асад ҳам турли синовларни бошидан кечирди. Ота-онасидан айрилди, айниқса, аввал Исмат укаси, бир неча йил ўтиб Неъмат укаси вафот этгани Асадни кўп қайғуга солди. Бошқа ташвишлар ҳам бўлди. Ўзи бир неча марта турли операциялар столига ётди. Асаднинг иродаси кучли эди. Бу ташвишларнинг бирортасини бировга билдирмади, ҳеч кимга нолимади, ҳеч нарса бўлмагандай тутди ўзини, дардини қоғозга тўкди – ижод қилди. Одамлар орасида одатдагидай жилмайиб юрди. Шу боис унинг ташвишларидан хабар топ­ганлар ҳам “нима бўлди” деб сўрашга журъат этмади.

Ҳа, унинг кичик жуссаси керак бўлганда тоғдай юкни кўтарди. Бу борада унга садоқатли умр йўлдоши Мавжудахон мададкор бўлди.

Шу ўринда Мавжудахон ҳақида икки оғиз гапирмасак инсофдан бўлмас. Зеро, ҳар қандай ижодкорнинг ижодий ютуқларида умр йўлдошининг ўрни беқиёс. Асад билан Мавжуда эллик йил бирга яшади. Шу ярим аср давомида улар яхши-ёмон кунларни бирга ўтказди. Беш фарзандни (икки ўғил, уч қиз) вояга етказиб, уй-жойли қилди. Кейин бир неча неваралари, ҳатто эваралари тўйини кўрди. Шунинг ўзи катта бахт, албатта. Аммо ана шу бахтга эришиш осон кечгани йўқ. Аввал Самарқандда, кейин Тошкентдаги саргардонлик, уй-жой муаммолари, қў­йингки, ҳар қандай иродаси кучли одамни ҳам эзиб юборадиган турмуш ташвишларини бошқалар қатори бу оила ҳам бошидан ўтказди. Шундай мураккаб пайтларда ҳам Мавжуда баъзи аёлларга ўхшаб нолимади, аксинча, Асадга далда берди, зарур бўлганда рўзғор бутлигига ҳисса қўшиш чораларини кўрди.

Менинг назаримда Мавжуда Асаддан ҳам иродалироқ кўринади. Қачон қараманг кулиб туради. Уни кўрган одамнинг кайфияти кўтарилади. 2019 йил январь ойида Асад автоҳалокатга учради. У кўчани кесиб ўтаётганда машина уриб кетган. Мия чайқалган, бир неча қовурға, оёқ синган. Кўргани борганимизда ўзини билмас эди. Афсуски, шу ҳолича кетди, қайта ўнгланмади. Бу Мавжуда учун катта йўқотиш эди. Бу фожиадан Мавжуда ўзига келиб улгурмай унинг бошига яна бир оғир мусибат тушди. Ўша йили кузга бориб катта ўғли Ҳусан оламдан ўтди. Фарзанд доғини ҳеч кимга кўрсатмасин. Орадан кўп ўтмай Мавжуданинг ўзи шифохонага тушди, операция бўлди. Хабар олгани борсак, кулиб, ҳазил-ҳузил қилиб ётипти. Ёнида қизи Нилуфар. 

Инсон ҳамма нарсага кўникар экан. Турмуш ўртоғи ва ўғлидан айрилиш азобини, боз устига беморлик дардини чекиб ётган Мавжуда яна бир оғир синовга дуч келди. Ё Аллоҳ, бу дардлар етмагандай 2021 йил февралда кичик ўғли Тоҳир коронавирусдан вафот этди. Икки йил ичида Мавжуда турмуш ўртоғидан, икки ўғлидан айрилди. Ҳеч кимнинг бошига солмасин бундай кўргиликни! Дард берган шифосини ҳам беради деганларидек, ташвиш, синов юборган Аллоҳ солиҳ бандаларига сабр-бардош ҳам берар экан. Тоҳир вафотидан кейин фотиҳага бориб, Мавжуда билан суҳбатлашганимда бунга амин бўлдим. Унга таскин-далда бераману ўзим базўр гапираман, томоғимга нимадир тиқилгандай овозим хаста чиқади. Сал шамоллаган эдим, дейман баҳона қилиб. Аллоҳдан Мавжудага сабри жамил тиладим, ўзига, қизларига, куёвларию келинларига, невараю эвараларига узоқ умр, сиҳат-саломатлик тилаб, дуо қилдик...

Асад ғоят камтар, камсуқум эди. Ўзини кўз-кўз қилишни, ижоди билан мақтанишни хушламасди. Афсуски, бизнинг замонамизда ҳақиқий камтарлик фазилатдан кўра қусурга айланиб бораётганга ўхшайди.

Менинг сенсираб гаплашадиган ягона дўстим Асад Дилмуродов умрининг охиригача ўзлигини йўқотмади, қайси жойда, қанақа лавозимда ишламасин тўнини ўзгартирмади. Мактабда ўқиб юрган кезларимиз у беғубор, очиқ кўнгил бўлган эди. Умри давомида шу фазилатини йўқотмади. Ундан йигирмадан зиёд китоблар қолди. Қисса ва ҳикоялари рус тилида Москвада катта тиражда нашр этилди. Асарлари рус, украин, қозоқ, тожик, турк, уйғур тилларига таржима қилинган. Лекин Асад бу ҳақда ҳеч кимга мақтангани, айрим ҳамкасбларимиз сингари оламга жар солгани йўқ.

Ўзи ҳаётда қандай сокин, вазмин бўлса, асарлари ҳам шундай сокин, салмоқли эди. Унинг ҳаёт ва ижод услуби шунақа эди-да.

Дарвоқе, Асад Дилмуродов Ўзбекис­тон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими унвони билан тақдирланган эди. Шу хушхабарни эшитиб қутлагани борганимизда ўзига хос жилмайиш билан “Бизнинг ишимиз ёзиш, у ёғини мутасаддилар ўзлари билишади, раҳмат” деган эди камтарлик билан.

Асаднинг кенжа фарзанди Нилуфар филология соҳасини танлади. Яқинда отасининг ижоди бўйича илмий ишини ҳимоя қилди. Филология фанлари бўйича фалсафа доктори илмий даражасига эга бўлди.

Ва ниҳоят, Асад истеъдодли адиб бўлиши билан бир қаторда ғоят дилкаш суҳбатдош, беназир улфат эди. Биз – унинг дўстлари Асаднинг суҳбатига тўймас эдик...

Ҳамон уни соғинамиз, дилтортар суҳбатларини қўмсаймиз... 

Аллоҳ охиратини обод қилсин. Омин! 

Маматқул Ҳазратқулов,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

(“Adolat” газетасининг 2025 йил 1 август, 30-сонидан олинди.)