Ер юзининг сайқали ёки мақолага сиғмаган Самарқанд

Отам оддий колхозчи, аммо ғурури баланд киши эди. Қишлоқ ва қишлоқдошлар шаъни учун қайғуришни ўзи учун шарафли бурч, деб ҳисоблар ва мавриди келганда бошқаларнинг ҳавасини келтириш мақсадида озгина лоф ҳам қўшиб юборарди.
Қиш кунларининг бирида ҳамқишлоқлар от-эшаклар билан туманнинг нариги томонидаги овулга тўйга боришади.
– Қишлоғимизда мактаб қурилди! – дея мақтанади суҳбатлашиб ўтиришганида мезбонларнинг «оғзи каттаси». – Энди зўр «кулуп» қурамиз...
– Э-э, кейинда қопкетипсилар-ку! – дарров жавоб қайтаради отам. – Анча бўлди бизни қишлоққа поезд келганига!
Мезбонлар тугул, ҳамқишлоқларимиз ҳам ер остидан бир-бирига маъноли қараб олишади, аммо сир беришмайди.
– Кўчимбой, лоф ҳам эви билан-да, – дейди қайтишаётганда Мустафоқул бобо. – Кўчангизда эшакарава зўрға юради-ю, поезд дейсиз-а-а?
– Молхонадаги темир излар поезд йўли бўлмай, нима? – бўш келмайди отам. – Дунё бехабарсиз-да, Мустафоқул...
Бу жавобдан роҳатланган ҳамқишлоқлар кула-кула, эшакка хала босадилар.
Дарҳақиқат, чўпон-чўлиқларга осон бўлсин учун ўша пайтда молхонадан чуқургача 25-30 метрча узунликда темир излар ётқизилган эди...
Ўтган асрнинг 60-йилларидаги гаплар бу. Қанча сувлар оқиб кетди ундан сўнг. Замонлар ўзгарди, советлар даври тугади, мустақил бўлдик. Аммо бундан атиги ўн йил аввал ҳам бу гапларга ҳеч ким ишонмас, тушингни сувга айт, деб масхара қилишарди. Қалови топилса, халқ қалқса, асрларга татигулик ишлар бўлиши мумкин экан ўн эмас, икки-уч йилда ҳам. Ургут темир йўли бунга ёрқин мисолдир. Йўл Ўзбекистон Президенти 2023 йил 10 октябрда имзолаган қарордан кейин режалаштирилди. 2025 йилнинг 27 май куни ўтказилган тақдимотда эса давлатимиз раҳбарига мазкур йўлнинг 7 километрига темир излар ётқизилгани тўғрисида ахборот берилди. Одамларнинг кўз ўнгида эртаклар чинга, афсоналар ҳақиқатга айлана бошлади.
54,5 километр узунликдаги темир йўл икки йилга етар-етмай тикланди ҳисоб.
54,5 километр! От-арава ёки машина йўли эмас – темир йўл. Яна қаерда? Мамлакатимизнинг Тожикистон билан чегарадош сарҳадларида!
Самарқанд вилоятининг Жомбой туманидаги «МАN» заводи яқинидан бошланган темир излар 4Р – 238 автомобиль йўлини кесиб ўтиб, Зарафшон ёқалаб, Жомбой, Самарқанд, Тойлоқ туманлари оралаб, дарё кўпригидан ҳатлаб, Ургутга етди. Йўл ўтган овулларда бекатлар ташкил этилди, 2 та замонавий вокзал, Ургут шаҳри ва «Ургут» иқтисодий зонасида 2 та юк станцияси, иккита темир-бетон кўприк барпо қилинди. Ургутнинг Тожикистон билан чегарадош «Жартепа» чегара божхона пости яқинида қурилаётган бекат ҳадемай тожикистонлик биродарларимизга юртимиз бўйлаб темир йўл орқали саёҳат қилиш имконини беради.
Темир йўл ишга тушгач, унинг логистик имкониятлари ҳам одамнинг ҳавасини келтиради. Биринчидан, маҳсулот ташиш харажатлари арзонлашади. Шу пайтгача маҳсулотини машиналарда олиб келиб, Самарқанддан юк поездларига ортган тадбиркорлар энди бу ноқулайликдан қутулиб, маҳсулотини даланинг ўзида ёки корхона остонасида туриб вагонларга жойлайверади. Иккинчидан, ҳар куни олти минг йўловчи, тўрт минг тоннагача юк ташиш имкони пайдо бўлади. Учинчидан, аҳолининг узоғи яқин бўлади, сайёҳлик дарвозалари катта очилади.
Темир йўл атрофларини обод этишда тадбиркорлар ҳам фаол иштирок этмоқда. Биргина тадбиркор Анвар Темировнинг ўзи беш гектар майдонда гўзал мажмуа қураётир. Унда замонавий темир йўл ва автовокзал, IТ парк, 200 ўринли меҳмонхона, 300 ўринли хусусий мактаб, 200 ўринли мактабгача таълим муассасаси, оилавий поликлиника, бир нечта кўп қаватли тураржой бинолари бор.
Бу Самарқанд вилоятида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларидан бир шингил, холос. Ҳаммасини таърифлаш учун эса, шоирона тилда айтганда, юзта Фирдавсий керак. Қутлуғ бу заминга қадам қўйган киши, бир эмас, ўн эмас, юзлаб муҳташам ўзгаришларнинг гувоҳи бўлади: ҳар қадамда равон кўчалар, уйлар, корхоналар, боғлар, хиёбонлар... ва... ва ҳаммасидан қувончлиси, одамларнинг юз-кўзларидаги маҳваш севинчлар, шижоатлар, ўзига, эртасига мустаҳкам ишонч, яшаш иштиёқи, ҳаётга муҳаббатнинг порлоқ шуълалари...
Ҳақиқатан ҳам, сўнгги йилларда Самарқандда юз бераётган катта эврилишлар ҳар қандай одамнинг кўксини Ургут тоғлари қадар юксалтириб юборади.
Ҳар кўкат ўз суйган тупроғини, ҳар тойчоқ ўзи сув ичган булоғини мақтайди, дейдилар. Мен эса, самарқандлик бўлганим учунгина ардоқли қўрғонимга зиёда таъриф бераётганим йўқ. Қолаверса, Самарқанд ундай мақтовларга муҳтож ҳам эмас. Мен, эси кирганидан буён содир бўлаётган янгиликларни баҳоли қудрат кузатиб келаётганларнинг бири сифатида дилимдагиларни тилга оляпман, холос. Эсимни таний бошлаганимга эса, мана, Худойимга шукурлар бўлсинки, етмиш йилдан ошди. Шўро замони, мустақиллик, ундан кейинги йиллар – ҳаммаси кўп қисмли кинодек тизилишиб турибди кўзим олдида. Бу кинога нигоҳ ташлагудай бўлсам, бирда этим увишади, бирда мунаввар қувончларга, муаттар ўйларга чўмаман. Эслаганда, эт увишадиган болалик, муздай сув-лойга ботиб, тамаки экишлар, сўфи азон айтмай кўзларни ишқалаб даштга жўнашлар, тухум пишадиган ёз жазирамасида эшакларни моташтириб сомон янчишлар, томчилар чакиллаб турган зах синфхоналарда йиртиқ чопонларга бурканиб дарсда ўтиришлар... Майли, у замонлар олисларда қолди, ўтган ишга саловат. Лекин яқинларда ҳам шундай аянчли кўринишлар бор эдики, эсласанг, этинг увишиб, ваража қўзийди вужудингда. Масалан, йўл азоблари.
Эътибор қилинг, Тошкент – Термиз катта трассасидан Ургут шаҳарчасигача 15 километр ё чиқади, ё йўқ. Аммо Тошкентдан Самарқандгача бир азоб бўлса, мана шу 15 чақирим – ўн эмас, юз эмас, минг азоб эди! Бир қарич текис жой йўқ, тўрт тараф мисоли шудгор, машина тугул, тракторниям «ичи тушиб» кетарди «тухум каробка» дейилмиш ўйдим-чуқур кўчадан ўтгунча. 20-30 йил эмас, 8-9 йил аввалги аҳвол бу.
Энди-чи? Энди автоавариялар, қоидабузарликлар кўпайиб кетганидан, бир неча жойга йўлчироқ – сфетофорлар ўрнатилиб, тезликка чекловлар белгиланди. Йўл ойнадек бўлгач, ҳайдовчи деганнинг завқи тошиб, газни босгиси келиб кетар экан-да!
Ҳа, 8-9 йил орасида неча замонлар тизза бўйи чанг-лойга беланиб ётган илон ўтмас кўчалар текисланди, асфальтланди, чирой очди. Бўсағага қадам қўйсанг, бошинг «тақ» этиб эшик пештоқига уриладиган етим уйлар ўрнида серқават, серсавлат иморатлар қурилди. Дайди шамол шувоқларни коптокдай думалатиб юрган даштларда 9-12 қаватли бинолардан иборат янги шаҳар пайдо бўлди. «Маҳаллада дув-дув гап» киносидаги фариштачеҳра момоларга ўхшаш бувиларимиз баланд уйлар пешайвонида елпиниб ўтиришибди – сурайё хаёллар оғушида ҳукуматга дуолар айтиб.
Гап Ургутдан бошлангани учун, келинг, туман қиёфасига доир айрим чизгиларга нигоҳ ташлайлик. Бундан 15-20 йил бурун бу маконда тамаки заводидан бўлак саноатга дохил тилга олгулик корхонани учратиш анқонинг уруғи эди. Уям номига тамакини чала-чулпа ферментация қиларди, холос. Тугма топсанг, игна, игна топсанг, тугма қидирардинг.
Энди-чи? Айтсам, элдан узоқ айрим «оға»лар, «Эҳ-ҳе, Ургут жаннатга айланиб кетган экану, бехабар қолибмиз-да», дея муғомбирона меровсирашлари мумкин. Ношукур деймизми, худбинми, ишқилиб, мазкур тўдага мансублар ҳамиша, ҳамма замонларда бўлган, бундан кейин ҳам бўлади. Қолаверса, нуфузи 40 миллионга яқинлашаётган мамлакатда икки-учта ҳасадгўйнинг учраб туриши ҳам табиий-да. Бундан фожиа ясаш ёхуд ташвишга тушишга ҳожат йўқ. Боболаримиз айтганлар-ку, ҳар инсоннинг дўсту душмани, ҳар ўлканинг гулу тикани бўлади, деб. Демак, ютуқларингдан боши осмонга етгувчилар қаторида аламзадаларнинг бўлиши, боғингда унган ҳар гул уларнинг баданига тикандай қадалиши ҳам янгилик эмас. Ёмон балиқ сув лойқалатади, ёмон мўридан аччиқ тутун чиқади, виждонсиз кимса эса маҳалла булоғини булғамоқчи бўлади. Аммо билмайдики, ит вовуллагани билан тоғ қуламайди, бир кесак билан дарёни лойқалатиш мумкин эмас.
Хуллас, тузингни еб, тузлуғингга тупургувчиларга Худойимдан инсоф сўраб, уларга боболаримизнинг «Тикан бўлиб оёққа қадалгунча, гул бўлиб кўкракка санчил» деган насиҳатини эслатамизу, яна Ургутга қайтамиз.
Биттагина «Ургут» эркин иқтисодий зонасида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг ўзи ҳар қандай кишини ҳайратга солади.
Уёғини сўрасангиз, «Ургут» эркин иқтисодий зонаси» деган гап бундан 7-8 йил аввал бир одамнинг тушида ҳам йўқ эди. Илк бор Президент Шавкат Мирзиёев томонидан истеъмолга киритилди шукуҳли бу ибора. 2017 йил 12 январда давлатимиз раҳбарининг Ургут бўйича махсус фармони қабул қилинди-ю, том маънода янги давр, янги ҳаёт бошланиб кетди қадим заминда. Шу ўринда, кимдир билиб, кимдир билмайдиган бир рақамни эслатай: Ургут мамлакатимиз қишлоқ туманлари ичида нуфузи баландлиги жиҳатидан карвонбоши ҳисобланади – аҳолиси 600 мингга яқин. 600 минг! Бу Тинч океани жанубидаги Тонга деган мамлакат аҳолисидан беш баробар кўп, деганидир. Ер майдони эса дўппидайгина. Шуниям ярми тоғ-у, ярми тошлоқ. Осонми бундай шароитда 600 минг жоннинг тирикчилик қилмоғи? Аммо, меҳнат қанча оғир бўлса, нони шунча ширин бўлади; меҳнат ҳам эгиз-эгиз, давлат ҳам эгиз-эгиз; меҳнат қилсанг, яшарсан, катта-катта ошарсан, дейилмиш шарқона ҳикматлар қанчалар мукаммал эканини кўрмоқчи бўлсангиз, Ургутга боринг. Ишнинг кўзини топган, меҳнатда тобланган, меҳнатда синалган, меҳнат билан тошда гул ундираётган одамларни кўрасиз, кўриб ҳайратларга кўмиласиз. Меҳнатнинг таги роҳат, эканига имон келтирасиз. Меҳнатсиз бахт келмаслиги-ю, меҳнат қилган одамларнинг тоғдек кўкрак кериб юришларига дил-дилдан ҳавасингиз келади.
Энди айрим рақамларга мурожаат қиламиз. Тўғри, рақамлар гоҳида зерикарли туюлади. Ваҳоланки, рақам – бу ғарқ пишган шиғил-шиғил мевалари кўзни қамаштиргувчи мевазор боғ. Рақамлар тимсолидаги мўл ҳосил лаззати дилларни яйратади. Президентимизнинг юқорида номи тилга олинган фармонидан кейин икки-уч йил ичида «Ургут» эркин иқтисодий зонасида қиймати 402 миллион доллардан зиёд 84 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилгани, 313 миллион долларлик 55 та лойиҳа бўйича ишлаб чиқариш бошлангани, 4,5 мингдан зиёд киши иш билан таъминлангани каби шоён воқеалар шавқини рақамларсиз ифодалаб бўладими? Ёки бу ерда ташкил этилган корхоналар томонидан газ плиталаридан енгил саноат ва чарм-пойабзал товарларига-чи, гиламлар, гигиена воситаларидан электр техникаси буюмлари сингари 220 турдаги маҳсулотларгача ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани-ю, фақат 2020 йилнинг ўзида 1,2 триллион сўмлик маҳсулот тайёрланиб, 30 миллион долларлик қисми экспорт қилингани-чи?
Боғ жамоли боғбондан, ғозлар йўлбошчисиз учмайди, деганлари шу эмасми? Эл оғаси элни ўйлайди, элга суянади, элим дейди. Эл кучи эса сел кучи. Туну кун элим, халқим, ватаним деб куюнган Президент Самарқандга қилган ташрифи чоғида қайта-қайта Ургутда бўлди. Эркин иқтисодий зонада бажарилаётган ишларни таҳлил қилди, тавсиялар берди, йўл-йўриқлар кўрсатди.
Шу кунларда умумий ер майдони 1559,3 гектар бўлган мазкур манзилда умумий қиймати 1540,6 миллион долларлик 162 та лойиҳа устида иш олиб борилмоқда. Режага кўра, 12 617 та янги иш ўрни яратилиши керак.
Лойиҳаларнинг 41 таси енгил саноат, 12 таси чарм-пойабзал, 22 таси қурилиш материаллари, 31 таси озиқ-овқат, 16 таси кимё, 4 таси фармацевтика, 16 таси электротехника саноати йўналишидадир.
Ҳозиргача 700 миллион долларлик 84 та лойиҳа ишга туширилиб, 6 618 та янги иш ўрни яратилди.
Яна 78 та лойиҳада қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилмоқда. Қиймати 840,7 миллион долларга тенг бўлган мазкур лойиҳалар охирига етказилганидан кейин 5934 та янги иш ўрни пайдо бўлади.
Тўғри, Ургут жаннатга айланиб кетгани йўқ. Ечимини кутиб турган масалалар, йиллар давомида жавобсиз қолган саволлар оз эмас. Таъмирталаб кўчалар, мактаблар, боғчалар, сув, газ, электр токи билан боғлиқ муаммолар, катта йўлдаги сунъий тўсиқлар, баъзиларнинг «мендан кетгунча...» қабилидаги иш йўсинлари. Масалан, эркин иқтисодий зонада қурилган кўпқаватли уйларнинг канализация тизимидаги носозликлар қанча одамларнинг дилини хуфтон қилди. Ҳали асфальт тугул, шағал ётқизилмаган ички йўллар ҳам оз эмас. Аммо юз йиллар давомида сўлиб-сўлимай, қувраб-қувролмай аросатда қолган боғларнинг гулларга бурканаётгани, райҳонлар ҳидига кўмилиб бораётгани бор гап. Бор ҳақиқатларнинг яна бири шуки, жиндай лофи билан айтганда, Ургутда, одамнинг жонидан бўлак ҳамма нарса ишлаб чиқариляпти. 8-9 йил ичида эришилди шуларнинг ҳаммасига. «Поезд келдими – келди. Энди аэропорт қурилади!» деган шов-шувлар юрибди Ургутда. Чунки мана бундай бир латифа ҳам бор-да.
Аллақайси узоқ-яқин замонда тўрт ургутлик Ойга борибди. Майиз-ёнғоғини сотиб, бозор-ўчарини битириб, аэропортга келиб, Москвага чипта сўрабди, баҳона-ю сабаб Масковиниям бир кўриб кетайлик, деб. Чипта йўқ. Ленинградга сўрашибди. Йўқ. Киев, Минск, Тошкент, хуллас, собиқ шўро ҳудудидаги катта шаҳарларнинг ҳеч бирига чипта топилмабди. Самарқандга борми, дейишган экан, «Самарканд, о, Амир Темур!» – ҳаяжонланиб кетибди кассир опа. «Но-но, Самарқандга самолёт учмайди», дебди кейин. Ундай бўлса, Ургутга тўртта билет беринг, дебди йигитларнинг бири. Шунда кассир опа, Верхний Чинаргами, Нижний Чинаргами, дермиш... Ваҳоланки, ойдаги кассир опа тилга олган Верхний Чинар билан Нижний Чинар дейилгувчи манзил ораси аслида 4-5 километрдан ошмайди. Шугина жойда десангиз, бир эмас, иккита аэропорт бор эмиш-да!..
Лекин кўрасиз, ҳадемай бу латифаям ҳақиқатга айланади!
Гап аэропортга етгани боис, Самарқанднинг ҳаво дарвозаси – Самарқанд аэропортининг қайта туғилиши ҳақида гапирмаслик мумкин эмас. 1967 йилда қурилган аэропорт замонадан жуда орқада қолиб кетгани аён ҳақиқат эди.
Давлатимиз раҳбари 2019 йилги ташрифи чоғида бу манзилни тамомила бошқатдан қуриш ҳақида кўрсатма берди.
Янги аэропорт аллома бобомиз Мирзо Улуғбекнинг «Зижи жадиди Кўрагоний» китоби шаклида барпо этилди. Бинонинг баландлиги 25, эни 175 метр. У замонавий терминал, учиш-қўниш йўлаги, тураргоҳ ва бошқа объектларга эга.
Авваллари кунига 400 йўловчига хизмат кўрсатган аэропорт эндиликда 800 нафар йўловчига хизмат кўрсатмоқда. Аэропортда карго хизматлари йўлга қўйилиб, турли катталикдаги самолётлар учун 24 та тураргоҳ ҳам барпо этилган.
Мазкур аэропорт 2024 йилнинг ўзида 1,38 миллиондан ортиқ йўловчига хизмат кўрсатди, бу 2023 йилдаги кўрсаткичдан 37 фоиз кўпдир.
Бугун Самарқанд заминининг ҳамма қишлоғу кентларида бир-биридан обод манзиллар кўпайгандан-кўпайиб бормоқда. Сулув манзараларни кўрмоқ учун Зарафшон дарёсининг Равотхўжа кўприги орқали Ургутдан шундоқ Булунғур ёки Жомбойга ўтиб, атрофга бир таважжуҳ этмоқ кифоя. Жомбой заводидан чиқаётган автомобиллар, Булунғур туманида етиштирилаётган мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини қайта ишлаш, қадоқлаш йўлга қўйилгани ёки Самарқанд туманининг «Қорасув» массивида янги шаҳарча пайдо бўлгани кимни севинтирмайди, дейсиз. Янги шаҳарчанинг биринчи ғишти 2018 йили қўйилди. Туманнинг 50 гектар ер майдони Самарқанд шаҳрига ўтказилиб, кўп қаватли уй-жойлар ва ижтимоий соҳа объектлари бунёд этиш режаси тузилди. Ва ҳадемай бу ерда 184 та 7, 12, 14, 15, 16 қаватли ва 2 та 25 қаватли уй қад ростлади.
Мазкур тураржойларнинг фасади уч қаватли қопламадан иборат бўлиб, бу хонадонларнинг қишда иссиқ, ёзда салқин бўлишини таъминлайди.
Массивда 2340 ўринли 2 та мактаб фаолият кўрсатмоқда. 1600 ўринли яна битта мактаб яқинда ишга тушади. 800 ўринли 22 та оилавий боғча, 450 ўринли 2 та давлат боғчаси, 1 та оилавий поликлиника, 1 та туғуруқхона, 2 та хусусий клиника, 2 та банк шохобчаси, 1 та футбол академияси аҳолига хизмат кўрсатмоқда.
Яна 1500 ўринли 5 та боғча, 32 гектар майдонда истироҳат боғи, 6 та соғломлаштириш маркази, 2 та ўйингоҳ, 14 та кўнгилочар маскан қурилади.
Кейинги йилларда дунёга келган шоҳона қўрғонларнинг яна бири «Ширин» массивидир. Бу манзилнинг муаллифи ҳам ҳурматли Президентимиз бўлди, дейишади ширинликлар.
Дарҳақиқат, Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2023 йил 6 июнь куни Самарқандга ташрифи пайтида Зарафшон дарёси бўйида қуриладиган «Ширин» массивининг мастер режа тақдимоти билан танишди ва шу кундан эътиборан ободлик ишлари қизиб кетди бу манзилда ҳам.
Қўрғонда 60 000 хонадонли 254 та уй-жой, 15 та мактаб, 17 та боғча, 5 та тиббиёт муассасаси, 5 та меҳмонхона ташкил этилмоқда.
Шунингдек, 19 та ишбилармонлик ва бизнес маркази, 36-52 қаватли иморатлар кўкка бўй чўзади.
Яна бир манзил узоқ йиллар эътибордан четда қолган Кўксарой тарихий шаҳарчаси эди. Бугун таниб бўлмас даражада чирой очиб бораётган шаҳарчада 50 дан ортиқ уйлар, 16 та мультифункционал бинолар, соҳил бўйида 30 минг ўринли 2 та масжид, вертикал зоопарк, аквапарк, савдо маркази, эко-парк, очиқ ва ёпиқ сув ҳавзалари, спорт мажмуаси, ёшлар маркази, Мирзо Улуғбек илмий маркази, университет, монорельс, яъни, ерусти метроси бунёд этилаётир.
Бор-йўғи уч йилда қад ростлаган «Боқий шаҳар» эса қадим Регистон ёхуд Амир Темур мажмуалари каби тарих саҳифаларини мангу безаб тургусидир. Боқиб тўймайсиз, боқиб яйрайсиз, таъзимлар қилгингиз келади бундай маҳобатли мажмуа яратувчиси бўлган истеъдод соҳиби-ю, қўли гул бунёдкорларга.
Қиёси йўқ бу мажмуа ижодкори ҳам давлатимиз раҳбари экани барчага маълум. 2019 йилда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Самарқанд туманига қарашли эшкак эшиш канали бўйидаги 212 гектар майдонда мажмуа қуришга киришилди. Аввало, тажрибали меъмор ва муҳандислардан иборат халқаро жамоа жалб этилиб, пухта лойиҳа ишлаб чиқилди. Давлатимиз раҳбари бу ерга бир неча марта келиб, қурилишни миллий меъморчилик анъаналари ва одамларга қулайлик жиҳатидан такомиллаштириш бўйича кўрсатмалар берди. Бунёдкорлик ишларида малакали қурувчиларимиз билан бирга Туркия, Буюк Британия, Италия каби давлатларнинг етук мутахассислари ҳам иштирок этдилар.
Пандемия давридаги қийинчиликларга қарамай, қисқа вақтда қуриб битказилган мажмуанинг ҳар қаричида олис тарих, «Буюк Ипак йўли» ва турли даврларга оид тарихий манзаралар акс эттирилган. Безакларда қадимий Афросиёб деворларида сақланиб қолган Суғд давлати ҳукмдорининг Корея, Хитой, Ҳиндистон ва бошқа мамлакат элчиларини қабул қилиш маросими тасвирларидан фойдаланилган. Мажмуанинг қадимий бозор қисмида мамлакатимизнинг барча ҳудудларига хос 40 та ҳунармандчилик устахонаси қурилган. Бу устахоналарга келган сайёҳлар бутун Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилгандек бўлади. Ёғоч ўймакорлик усталари, кулоллар, заргарлар, гилам тўқувчиларнинг иш жараёнларини кўриб ҳайратга тушади.
Марказ таркибида 8 та замонавий меҳмонхона, Конгресс холл, «Боқий шаҳар», амфитеатр ва яна кўплаб бошқа иншоотлар мавжуд. У йилига 2 миллион туристга хизмат кўрсатиши мумкин.
Мажмуадаги замонавий меҳмонхоналар ва Конгресс холл аллақачон йирик анжуманлар ўтказиладиган манзилга айланди. 2022 йилда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити, Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар раҳбарлари учрашуви ўтказилди.
2023 йилда Бутунжаҳон туризм ташкилотининг Бош ассамблеяси саммити, ЕТТБ бошқарувчиларининг йиллик йиғилишига ҳам Самарқанд мезбонлик қилди. Бундан ташқари, БМТ ва бошқа нуфузли халқаро тузилмалар форум ва анжуманлари ушбу мажмуада ўтказилди.
2025 йилда ЮНЕСКО Бош Ассамблеясининг 43-сессияси илк бор Париждан ташқарида – Самарқандда ўтказилади.
Самарқанд! Ер юзининг сайқали бўлган авлиё шаҳар.
Антик муаллифлар асарида Мароканда, Абу Райҳон Беруний ва Маҳмуд Кошғарий китобларида «Семизкент» дейилган бу қадим шаҳар ўтмишда не-не воқеаларни бошидан ўтказмаган, дейсиз. Милоддан аввалги IV асрда Суғд давлатининг, кейин сомонийлар давлатининг, ундан сўнг Амир Темур, шайбонийлар, 1925-1930 йилларда Ўзбекистонимизнинг пойтахти бўлган шаҳри азим. Искандар Мақдунли, Қутайба ибн Муслим, Чингизхон томонидан истило қилинган, сўнгра бир ярим аср давомида чор Россияси ва шўролар босқини...
Неча бор яксон бўлиб, неча бор тикланган қаҳрамон шаҳар, қадди тоғ шаҳар, мўътабар шаҳар – бугун аҳолиси 4,5 миллионга етай деб қолган йирик вилоятнинг маъмурий маркази. 14 та туман, 2 та шаҳар, 1901 та қишлоқ, 1126 та маҳалла, 88 та шаҳарча мавжуд унинг кенг қучоғида.
Тарихий манбашунослар Самарқандни милоддан аввалги VI асрда ташкил топган десалар, мозийшунослар уни Вавилон, Фива, Афина, Рим каби улуғ шаҳарлар билан тенгдош, дейдилар.
Соҳибқирон Амир Темур 1370 йили Самарқандни ўз салтанатининг пойтахти қилиб танлаганда, мўғуллар талонидан кейинги афтодаҳол кентни қайта тиклашдан кўра, янги шаҳар бунёд этишни маъқул топади ва Афросиёб харобаларининг жанубий томонида янги шаҳар барпо этади.
Самарқандда бирин-кетин бир-биридан гўзал, бетакрор обидалар – жоме масжидлари, Кўксарой, Бўстонсарой, Амир Темур, Шоҳизинда каби мақбаралар бунёд этилади, шаҳар атрофида баҳаво, хушманзара 12 та боғ-сарой барпо қилинади.
Гарчанд 2007 йилда Самарқанднинг 2750 йиллиги кенг нишонланган бўлса-да, шаҳарнинг чин тарихи бу эмаслиги кўпчиликка маълум эди. Шу боис тарихни ўрганиш давом этди ва яқинда Самарқанд археология институти директори Мўминхон Саидов, Ўзбекистон – Франция қўшма экспедицияси аъзолари М.Исомиддинов, Клод Рапен ҳамда М.Ҳасанов томонидан аниқланган янги маълумотлар эълон қилинди. Олимлар Кўктепа ва Афросиёбда топилган материалларни қайта таҳлил қилиш орқали бундан уч минг йиллар олдин ҳам бу ерда йирик шаҳар бўлганини аниқладилар. Ўрганишлар ўша пайтлари бу манзил шаҳар ҳокимининг қароргоҳи, ибодатхона ва бошқа кўплаб маҳобатли иншоотларни ўз ичига олган йирик шаҳар бўлганини тасдиқлади. Бу ҳолат «Авесто»да тилга олинган «Гава Суғуда» ва «Суғд» тушунчалари билан уйғунлашиб кетадики, буям ҳозирча ҳаммаси эмас. 2001 йили ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси объектлари рўйхатига «Самарқанд – маданиятлар чорраҳаси» номи билан киритилиб, муҳофазага олинган. Қадим кентнинг ўтмишига оид очилмаган сирлар қанчалиги ҳозирча ёлғиз Яратганнинг ўзига аён...
Ер юзининг сайқали – Самарқанд узоқ тарихи, гўзал кўрку таровати баробарида ажиб анъаналарни ўз бағрида авайлаб-асраётгани билан ҳам ҳурматга сазовор. Мисол учун, трамвай ҳам бугун мамлакатимизнинг фақатгина мана шу кентида мавжуд. Трамвай йўли давлат раҳбарининг 2017 йилда Самарқандга қилган ташрифидан сўнг амалга оширилди. Ўша йили шаҳарнинг «Темирйўл вокзали – Сартепа массиви» йўналишида трамвай қатнови йўлга қўйилди. Кўп ўтмай «Темирйўл вокзали – Сиёб деҳқон бозори» орасида 2-йўналиш очилди. Келгусида шаҳар марказидан Кимёгарлар қўрғонигача трамвайлар қатнайдиган бўлади.
Айни пайтда шаҳарда Европа тикланиш ва тараққиёт банки лойиҳаси асосида олинган 100 та электробус аҳолига хизмат кўрсатмоқда. 2025-2026 йилларда яна 250 та шундай транспорт воситаси келтирилади ва шаҳар тўлиқ экологик тоза жамоат транспортига эга бўлади.
2022 йили шаҳарнинг Бўстонсарой ва Рудакий кўчалари кесишмасида туннель қурилиши катта-ю кичик ҳамманинг дунё-дунё қувончига сабаб бўлди. Чунки Бўстонсарой кўчасининг Сиёб канали устидан ўтган қисми анча паст бўлиб, ёғингарчилик пайтида транспорт ва пиёдалар учун ноқулайлик туғдирарди. Шу боис йўл 23 метргача кўтарилиб, эни 31 метр кенгайтирилди. Йўлнинг икки четига ҳимоя воситаси, шовқин камайтирувчи тўсиқлар ўрнатилди. Пиёдалар ва велосипед йўлаклари барпо этилди.
2024 йилда Абу Даби тараққиёт жамғармасининг 300 миллион долларлик кредит маблағи ҳисобидан Амир Темур ва Гагарин кўчаларида 10 километрдан ортиқ йўл реконструкция қилиниб кенгайтирилди, пиёдалар йўлаклари қурилди.
Гагарин ва Мирзо Улуғбек кўчалари кесишмасида умумий узунлиги 440 метр, иншоот узунлиги 44 метр бўлган туннель қурилди.
Айни пайтда Гагарин ва Рудакий кўчалари кесишмасида яна бир туннель қурилиши давом этмоқда.
Ҳа, шоирона ташбеҳ билан ифодаласак, бугун Самарқандда «чаппар уриб гуллаган боғлар» кун сайин, соат сайин кўпайиб бормоқда.
Ҳадис илмининг султони Имом Бухорий мажмуасининг тамомила янгидан бунёд этилаётгани, бу ерда Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази ҳамда Ҳадис илми мактабининг ташкил этилгани, мақбара майдони 600 квадрат метр, баландлиги 28 метр этиб кенгайтирилгани, 10 минг кишига мўлжалланган масжид бунёд этилгани, мажмуанинг тўрт бурчагидаги 75 метрлик миноралар унга илоҳий улуғворлик бағишлаб тургани кимни қувонтирмайди, дейсиз.
«Яқинда Мадина шаҳрида бўлганимизда пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг сийратлари ва ислом цивилизацияси музейини кўрдик. Бу ерда ҳам шунга ўхшаш музей ташкил этсак, яхши бўлар эди. Унда Имом Бухорий бобомизнинг ҳаёти, илм йўли, ўша давр тарихи ахборот технологиялари орқали кўрсатилади. Булар ёшлар, чет эллик сайёҳларнинг яққол тасаввурида қолади. Музей халқимизга яна бир маънавий хазина бўлади», деган эди давлатимиз раҳбари.
Имом Бухорий мажмуаси чин маънода буюк маънавиятимизнинг муаззам устунларидан бирига айланиб бораётир.
Бундан ташқари, Ҳазрати Хизр мажмуасида қурилган Биринчи Президентимиз Ислом Каримов мақбараси, Университет хиёбонидаги Конфуций майдони, шаҳар кўчаларини обод қилиб турган кўприклар, туннеллар, меҳмонхоналар, бизнес марказлари, туманларда Хитой, Ҳиндистон, Япония, Жанубий Корея, Индонезия, Германия ва бошқа давлатлар билан ҳамкорликда ташкил этилаётган қўшма корхоналар...
Самарқанд жамолини муфассал идрок этмоқ учун, яна айрим рақамларга мурожаат қилишга тўғри келади. Диққат қилинг, ўтган йили вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 99,9 триллион сўмга етди ва аввалги йилга нисбатан 6,9 фоизга ўсиб, 52,9 триллион сўмга кўпайди. Аҳоли жон бошига ҳисоблаганда, бу кўрсаткич 1,9 миллион сўмга ошди.
Саноат маҳсулотлари ҳажми 7,6, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 2,7, хизматлар ҳажми 14,1, қурилиш-пудрат ишлари 11,7 фоиз ўсди.
Аҳоли жон бошига саноат маҳсулотлари ҳажми 2023 йилда 7,7 миллион сўмни ташкил этган бўлса, 2024 йилда 10,8 миллион сўмга етди.
Шунингдек, 25,2 мингта янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилди. 350,4 минг нафар аҳолининг бандлиги таъминланди.
Ишсизлик 6,6 фоиздан 5,4 фоизга камайди.
Ўтган йили 264 минг фуқаро меҳнат миграциясидан Самарқандга – азиз хонадонига қайтиб келди.
373,8 километр умумфойдаланувдаги, 2343,1 километр ички, жами 2716,9 километр автомобиль йўллари таъмирланди.
Булар – 2024 йилга мансуб рақамлардан парчалар. Рақамлар эса ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. Юзлаб, минглаб меҳнаткаш одамларнинг пешона тери, қалб қўри бор уларнинг жисми-жонида. Ҳатто, миллатнинг, мамлакатнинг қувва-ю ҳофизасини – бугуни-ю эртасини рақамларсиз тасаввур қилиш қийин. Ўйлаб-ўйлаб жўяк олсанг, ўйнаб-ўйнаб суғорасан, от минсанг, олисни кўзла, дейишади шунинг учун ҳам машойихлар. Вилоят меҳнаткашларининг бу йилги марралари, айниқса, баланд. Улар ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмини 112,8 триллион сўмга, аҳоли жон бошига эса 25,9 миллион сўмга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни 52,7 триллион сўмга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини 61,6 триллион сўмга, бозор хизматларини 66,7 триллион сўмга, қурилиш-пудрат ишларини 16,6 триллион сўмга кўпайтиришга бел боғлаганлар.
Йил охиригача ишсизлик даражаси 4,8 фоизга камайиши, «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури доирасида камбағаллик даражасини 3,5 фоизга тушириш кўзда тутилган.
Ажабо, мақола ҳажми каттагина бўлиб кетибди-ю, вилоятда амалга оширилаётган катта ишларнинг биронтаси ҳақида ёлчитиб ёзолмагандайман, ҳаммаси қолиб кетаётгандай.
Ваҳоланки, фақат Нуробод туманида бошланган юмушларнинг ўзи ҳар қандай одамнинг ақлини шоширади. 115 гектар майдонда 472 миллион долларлик махсус саноат зонаси ташкил этилишини бир тасаввур қилиб кўринг? Мазкур инвестиция лойиҳаси амалга ошгач, 1200 та янги иш ўрни яратилади. Ёки Қўшработ туманида хитойлик инвесторнинг 40 миллион долларлик сармояси ҳисобидан гранит тоши қазиб олиниб, қайта ишланиши, булунғурлик тадбиркор «in vitro» лаборатория ташкил этиб, картошка уруғи бўйича бренд яратишга киришгани ва шу туманда 100 миллион долларлик биофармацевтика корхонаси бунёд этиш ҳаракати бошланиб кетгани кабилар ҳазилакам ишлар эмас-да, ахир!
Каттақўрғонда, Нарпайда, Пахтачида, Пайариқда, Нурободда қилинаётган ишларнинг ҳам биронтасини тилга ололмадим. Сиғмади. Сиғмас экан битта мақолага. Кичкина ирмоққа сиғдириб бўлмас экан азим дарёни.
Ҳали кўплаб мақолалар ёзилади, китоблар битилади, кинолар яратилади бу дарёи азим Ер юзининг сайқали – Самарқанд ва самарқандликлар ҳақида.
Қуйидаги мисралар ёзилажак асарларнинг ибтидоси бўлса не ажаб:
Қадимдан Ер юзининг сайқалидир, Самарқанд,
Улуғ Туркнинг муҳташам ҳайкалидир, Самарқанд.
Вавилон, Афина, Румога тенг, дейдилар,
Бу шоҳона кентларнинг сарваридир, Самарқанд.
Муқанна, Сарбадорлар шиддати бор шонида,
Темурбек салтанатин афсаридир, Самарқанд.
Искандар, Қутайба-ю Чингиздан шўрогача,
Алпларимнинг қасоскор ханжаридир, Самарқанд.
Ҳуррият қуёшида нурли чўғланди яна,
Бугун Эврилишларнинг меҳваридир, Самарқанд.
Ҳазрат Соҳибқирондек бордир азиз сиймоси,
Азиз сиймо қалбининг жавҳаридир, Самарқанд.
Ром этгайдир кунма-кун юлдуз ниҳон самони,
Илло, Еру самонинг гавҳаридир, Самарқанд:
Қадимдан Ер юзининг сайқалидир, Самарқанд…
Абдусаид КЎЧИМОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати аъзоси,
Ўзбекистон Республикасида хизмат
кўрсатган ёшлар мураббийси