Ватан ишқида ёнган ижодкор

Мусиқа шундай нарсаки, унинг оҳангидан кишининг қалби ором олади. Бу оромни барча санъаткорлар ҳам тингловчига бера олмаслиги мумкин. Аммо бу инсоннинг юрагидаги мусиқага бўлган оташин муҳаббат, истеъдодларни камол топтириш йўлидаги жонкуярлик, Самарқанд мусиқа илмини ўрганиш, уни сайқаллантиришдаги фидокорлик унча-мунча одамда учрамайди. Самарқанд вилоятида мусиқа санъатини ривожлантириш ва тарғиб этишда, ёш авлодга мусиқа сирларини ўргатишда жонбозлик кўрсатиб келган истеъдодли бастакор, хонанда ва моҳир хор дирижёри, Самарқанд давлат университети доценти Жаводбек Козимов мана шундай жонкуярлардан эди.
1960 йил Самарқанд шаҳрида туғилган хонанда собиқ Садриддин Айний номидаги Самарқанд давлат педагогика институти мусиқа таълими бўлимида ўқиди. Бастакор ижодида вокал жанри етакчи аҳамият касб этарди. Унинг қўшиқлари ва хор учун ёзилган асарларида Ватан мадҳи, ватанпарварлик руҳи жўш уриб турарди.
Устоз санъаткор, моҳир педагог, камтарин инсон Жаводбек Козимовни 33 йилдан буён биламан. Шундан 5 йили талабалик даврим бўлса, 28 йил ҳамкорликдаги иш фаолияти. 1987 йиллар талабалик давримизда Ж.Козимовнинг ёрқин ижоди даврлари эди. Радио, телевидениеда қўшиқлари тинимсиз янграб турар, айниқса, “Бор бўлсин муҳаббат” қўшиғи биз, ёшлар орасида машҳур қўшиққа айланган эди. Ҳатто, баъзи талаба-дўстларимиз бир кассетага фақат шу қўшиқни ёздириб тинглаб юришарди. Аксарият ёшлар унинг куйлашига, кийинишига тақлид қилишган. Устоз мақом ва мумтоз куй-қўшиқлар билимдони, лирик хонанда бўлиш билан бирга, хор синфи, дирижёрлик, мусиқа назарияси, сольфеджио, чолғу ижрочилиги каби мутахассислик фанларни ҳам мукаммал эгаллаган эди. Ж.Козимов ноёб иқтидори туфайли Самарқанд давлат педагогика институти мусиқа-педагогика факультети биринчи босқич талабаси бўлган давридаёқ Самарқанд шаҳрида истеъдодли ёшлардан ташкил топган “Ёшлик тароналари” ашула ва рақс ансамблининг мусиқа раҳбари этиб тайинланган. Ваҳоланки, ушбу ансамбль таркибида мусиқа-педагогика факультетининг ёш ўқитувчилари ҳам бўлишган.
1992 йил ўқишни тугатиб, устоз, санъатшунос олим Нодирхон Валихўжаев таклифи билан мусиқа назарияси ва тарихи кафедрасида ишда қолдим. Ёш ўқитувчиман. Оилам билан ижарада яшайман. Қишда шамоллаб касал бўлиб қолдим. Шунда Жаводбек Козимов ижарада яшайдиган уйимизга бозор-учар билан келиб, қўлимга пул ҳам тутқазди. “Топганингда қайтарасан-да, укам”, деди. Устоз мана шундай камтарин инсон эди.
Самарқанд вилоятининг Ургут, Пайариқ, Паст Дарғом, Чархин қўрғонида инсонлар ҳавас қилиб фарзандларига Жаводбек исмини беришганига гувоҳман. Бир куни тумандан бир нечта санъаткор дўстларимиз йўқлаб келишди. Суҳбатимиз қизиб, Усмон исмли пахтачилик дўстимиз Жаводбек Козимовнинг қўшиқларига қизиқишини, бир суҳбатлашиш орзусида эканлигини айтди. Мен уларни вақт алламаҳал бўлганига қарамай устознинг уйига меҳмонга олиб бордим. Жаводбек ака бизни очиқ чеҳра билан кутиб олди ва ижодий суҳбат тонггача давом этди. Бу хонадонда Отажон Худойшукуров, Ғанижон Тошматов, Исмоилжон ва Исроилжон Ваҳобов каби республикада таниқли санъаткорлар, ёзувчилар меҳмон бўлишган.
Ж.Козимов мусиқа раҳбарлигида ҳамда қўшиқ муаллифлигида қатор йиллар «Ниҳол» талабалар театр фестивалида, «Барҳаёт анъаналар» фольклор фестивалида, Маданият ва спорт вазирлиги томонидан ўтказилган бадиий ҳаваскорлик жамоаларининг «Диёр оҳанглари» телевизион фестивалида Бурхон Исломов шеърига Ж.Козимов ўзи басталаган «Озод Ватан» қўшиғи билан қатнашиб, I-ўринни эгаллашга сазовор бўлди. Унинг охирги “СамДУ талабалар мадҳияси” хор асари Самарқандда ўтказилган республика олий ўқув юртлари ўртасида “Йил талабаси - 2020” кўрик-танловининг тақдирлаш маросимида янгради ва катта олқишлар олди.
Ш.МУСТАФОЕВ,
СамДУ мусиқа таълими кафедраси мудири, доцент.