Вазифасини бажармаган отинойилар фаолияти тўхтатиб қўйилади

Отинойи ким? У ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги, "Жамоат ташкилотлари тўғрисида"ги қонунлар ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси буйруқлари асосида ташкил этади. Шунингдек, аёллар орасида ўтказиладиган миллий, диний-маърифий ишларни ҳамда ислом динига оид расм-русумларни бажаради. Ўз маҳалласи ва ҳар бир оилада барқарор маънавий-ахлоқий муҳитни таъминлаш чораларини кўради.

Отинойиларга қўйилаётган бу каби талабларнинг яна бир нечтасини айтиш мумкин. Улар ушбу талабларга қай даражада жавоб беради? Ушбу масалаларга жавоб топиш, қолаверса, отинойиларнинг диний, дунёвий билимларини, жамиятдаги янгиликлардан хабардорлигини янада ошириш мақсадида улар учун қисқа муддатли ўқувлар ташкил этилди. Вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон мусулмонлари идораси вилоят вакиллиги томонидан ташкил этилган минтақавий ўқувларда вилоятдаги барча отинойилар мамлакатимизда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, дин ва давлат муносабатлари, хотин-қизлар орасида ақидапарастликка берилишнинг ижтимоий ва психологик сабаблари, ҳанафия мазҳабининг таълимоти бўйича маърузалар тинглашди.

- Ушбу ўқувлар минтақавий тарзда ўтказилиб, ҳар бир шаҳар, туман отинойиларини қамраб олади, - дейди Ўзбекистон мусулмонлари идораси вилоят вакиллиги раҳбари ўринбосари Н.Темирова. - Бугунги кунда расман фаолият кўрсатаётган отинойиларга уларнинг вазифалари ўз вақтида тушунтириб борилмоқда. Мамлакатимизнинг амалдаги қонунларига ҳамда меҳнат вазифасига бўйсунмаган ёки қонун талаби доирасидан чиққан отинойилар фаолияти тўхтатиб қўйилади. Унга берилган махсус сертификатдан маҳрум қилинади. Шунинг учун ҳар йили уларнинг билимларини янада ошириш мақсадида ўқувлар ташкил этилмоқда.

Отинойиларга олий ўқув юрти профессорлари, Имом Бухорий халқаро маркази ходимлари, имом-хатиб ва бошқа давлат, жамоат ташкилотлари раҳбарлари томонидан машғулотлар ўтилмоқда.

Гулруҳ МЎМИНОВА.