Веб-сайт эгаси ва блогер интернетдаги саҳифасида нималарга йўл қўймаслиги керак?

🔰 Веб-сайтнинг ва веб-сайт саҳифасининг ёхуд бошқа ахборот ресурсининг эгаси, шу жумладан, блогер ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборот жойлаштириладиган интернетдаги ўз веб-сайтида ва веб-сайт саҳифасида ёхуд бошқа ахборот ресурсида қуйидагиларга йўл қўймаслиги шарт:

▪️ Ўзбекистоннинг мавжуд конституциявий тузумини, ҳудудий яхлитлигини зўрлик билан ўзгартиришга даъват этиш;

▪️ оммавий тартибсизликларга, фуқароларга нисбатан зўравонлик қилишга, шунингдек, белгиланган тартибни бузган ҳолда ўтказиладиган йиғилишлар, митингларда, кўча юришларида ва намойишларда иштирок этишга даъват қилиш, мазкур ноқонуний ҳаракатларни мувофиқлаштириш;

▪️ жамоат тартибига ёки хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборот тарқатиш;

▪️ уруш, зўравонлик ва терроризмни, шунингдек, диний экстремизм, сепаратизм ва фундаментализм ғояларини тарғиб қилиш;

▪️ давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларни ошкор этиш;

▪️ миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатувчи, шунингдек, фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматига ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи, уларнинг шахсий ҳаётига аралашишга йўл қўювчи ахборотни тарқатиш;

▪️ жамиятга, давлатга, давлат рамзларига ҳурматсизликни намоён этувчи, шу жумладан, беодоблик билан ифодаланган ахборотни тарқатиш;

▪️ гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ва прекурсорларни тарғиб қилиш;

▪️ порнографияни, зўравонликни ва шафқатсизликни тарғиб қилиш, шунингдек, ўз жонига қасд қилишга даъват этиш;

▪️ фуқароларни, шу жумладан, вояга етмаган шахсларни уларнинг ҳаётига ва соғлиғига ёхуд ўзга шахсларнинг ҳаётига ва соғлиғига таҳдид солувчи ғайриҳуқуқий ҳаракатларни содир этишга ундашга ёки бошқа тарзда жалб қилишга қаратилган ахборотни тарқатиш;

▪️ қонунга мувофиқ жиноий ва бошқа жавобгарликка сабаб бўладиган ўзга ҳаракатларни содир этиш мақсадларида фойдаланиш.

Бу ҳақда Huquqiy axborot маълум қилди.