Вилоят ҳокими нуронийлар дуосини олди

Вилоятда турли соҳаларда узоқ йиллар самарали хизмат қилган, жўшқин фаолияти билан барчага ибрат кўрсатган, ҳозирда ҳам ижтимоий фаоллик намойиш этаётган отахон-у онахонларнинг 350 нафари бугун Самарқанд шаҳридаги «Мўъжиза» ресторанига жам бўлди.

Вилоят ҳокими Э.Турдимов катта ҳаёт тажрибасига эга нуронийларни Янги йил билан табриклаб, уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлардаги хизматини эътироф этди.

Ўз ўрнида кекса авлод вакиллари бугунги ўзгаришларни қўллаб-қувватлаб, 2020 йилда муваффақиятлар бундан-да салмоқли бўлишига дуо қилдилар. Бир пиёла чой устида, мумтоз қўшиқлар ҳамоҳанглигида инсон қадри, фаровон турмуш, фуқаролик масъулияти хусусида қизғин суҳбат бўлди.

- Янги йил арафасида ҳокимларнинг ногиронлар, кам таъминланган оилалар, элда эъзоз топган кишилар ҳолидан хабар олиши ҳаётимизга ўзгача жўшқинлик бахш этди, - дейди меҳнат фахрийси Абдушукур Муҳаммадқулов. – Мамлакатда кексаларга ва ёшларга алоҳида ҳурмат-иззат кўрсатилаётгани жамиятда ижтимоий фаолликни таъминламоқда. Биз, нуронийлар бу ғамхўрликка муносиб бўлишга интиламиз.