Меҳр кўзда, саховат амалда бўлади

Давлатимиз раҳбарининг “Аҳолига сифатли ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш ҳамда унинг самарали назорат тизимини йўлга қўйиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига биноан ҳафтанинг ҳар жума куни "Меҳр ва саховат куни" этиб белгиланган.

Шу муносабат билан Нарпай тумани ҳокими Ш.Раҳмонов Нарпай маҳалласида истиқомат қилувчи 93 ёшли Маърифат момо Юсупованинг ҳолидан хабар олди. Онахонга ногиронлик аравачасини ҳамда Дедан маҳалласида яшовчи Нодирбек Тошмуродовга бир марталик моддий ёрдам берувчи сертификат топширди.

- Ҳаётда ҳар нарса бўлар экан, балки қариликдир, кейинги йилларда оёғим оғриб, юролмай қолдим, - дейди М.Юсупова. - Невараларим кўмагида ҳовли, қўшниларникига чиқиб тураман. Аммо ногиронлик аравачаси бўлса, ҳарҳолда ўзим учун ҳам, невараларим учун ҳам қулайроқ бўларди, деб ўйлардим. Бугун туманимиз ҳокими ва мутасадди кишиларнинг хонадонимга аравача билан кириб келишганидан қувондим. Илоҳим, саховатпеша инсонлар кўп бўлсин, ишлари ҳамиша бароридан келсин.

Шу каби, Зирабулоқ маҳалласида яшовчи Зулфия Худойқуловага ҳам эҳтиёжманд бўлганлиги туфайли ногиронлик аравачаси етказилди.