Пахтачида электромопед каналга тушиб кетди

Пахтачи туманида юк ташишга мўлжалланган электромопеднинг каналга тушиб кетиши оқибатида 4 нафар фуқаро ҳалок бўлди.

Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси маълумотига кўра, бахтсиз ҳодиса 31 май куни соат 20:25 атрофида Пахтачи тумани Украч маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи Нарпай каналида содир бўлган. “112” тизими орқали келиб тушган хабарга кўра, электромопед ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиши оқибатида транспорт воситаси унда бўлган 8 нафар фуқаро билан бирга каналга тушиб кетган.
Ҳодиса жойига етиб борган қутқарувчиларга кўра, каналга тушиб кетганларнинг 4 нафари ҳодиса содир бўлган вақтдаёқ маҳаллий аҳоли томонидан қутқариб қолинган. Шундан сўнг қутқарувчилар иштирокида сувда кенг кўламли қидирув-қутқарув ишлари ташкил этилган. Қидирув ишлари давомида қолган 4 нафар фуқаронинг жасади каналдан олиб чиқилган.

Дастлабки суриштирувларда аниқланишича, 1984 йилда туғилган ҳайдовчи электромопедда турмуш ўртоғи ҳамда ўзи ва қўшни хонадондан бўлган 6 нафар вояга етмаган болани сайр қилдираётган бўлган.
Айни пайтда ҳодиса сабабларини аниқлаш мақсадида туман прокуратураси, ички ишлар органлари ва вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан тегишли ўрганиш ва суриштирув ишлари олиб борилмоқда.