Пахтачи: Драйвер йўналишларда янги лойиҳалар ишга туширилади

- Туманимизда “Зарбдор тажрибаси” асосида саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги йўналишида 6 та драйвер лойиҳа аниқланган, - дейди туман ҳокимининг ўринбосари Ғолибжон Абсанов.

– Йил якунигача ушбу лойиҳалар ҳисобидан 110 га яқин янги тадбиркорлик субъектлари ташкил қилиш ҳисобига қўшимча 450 та иш ўрни яратилади ва бюджетга қўшимча 9,6 миллиард сўм тушум туширилади. Лойиҳаларни амалга ошириш учун республика бюджетидан 7,5 миллиард сўм маблағ талаб этилиши ҳисоб-китоб қилинган.

Президентимизнинг 2024 йил 20 декабрдаги “Ҳудудларда юқори иқтисодий ўсиш ва аҳоли бандлигини таъминлашнинг янги тизимини йўлга қўйиш ҳамда бу борада маҳаллий ҳокимликларнинг роли ва масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан мазкур лойиҳаларнинг манзилли рўйхати халқ депутатлари шаҳар, туман ва вилоят Кенгашлари сессияларида кўриб чиқилиб, кенгашлар қарори билан тасдиқланди. Лойиҳаларни амалга оширишнинг биринчи босқичида қиймати 88 миллиард сўмлик 4 та драйвер лойиҳа учун инфратузилма объектларини қуришга республика бюджетидан 7,2 миллиард сўм маблағ ажратилди.

Тумандаги асосий йўналишлардан яна бири чорвачилик тармоғи ҳисобланади. Ҳозир туманда чорвачилик йўналишидаги 182 та фермер хўжалиги фаолият юритади. Шундан қорамолчилик 34 та, қўйчилик 74 та,   паррандачилик 39 та, балиқчилик 26 та, асаларичилик йўналишида 9 та хўжалик мавжуд.

2025 йил дастурига асосан хитойлик инвесторлар томонидан 14 миллиард сўмлик балиқчилик лойиҳаси амалга оширилмоқда ва бу лойиҳада 25 та иш ўрни яратилиб, йилига 80-100 тоннагача балиқ маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.

Ҳар қандай тараққиётнинг дояси - китоб

- Ишлашга ўрганган одаммиз-да, 2017 йилда пенсияга чиққанимдан кейин бекор ўтиролмадим, - дейди Марзия Ёрқулова. – Оқтепа қишлоғимизда ҳеч қандай ишлаб чикариш йўқ, одамлар фақат деҳқончилик ва чорвачилик билан банд, ерлар хусусийлаштириш, бозор иқтисодиётига ўтиш даври эди. Кўпгина аҳоли ишсиз қолиб, давлатимиз завод, фабрика қуриб берса ишлаймиз деган ўйда, тадбиркорлик ва бизнес тушунчаси, тасаввури ҳам кам. Кутубхоналар қисқартирилиб, коллежларда АРМ шаклда ташкил этилиб, коллеж ўқувчиларидан бошқа аҳоли деярли ўқишга келмас эди. Коллеж ўқувчиларига ҳам махсус фанлар етишмасди. Шу боис бир пайтлар ҳар бир гуруҳга тадбиркорлик ва бизнес асослари дарслигини электрон вариантдан қоғозга чиқариб китоблар тахлаганмиз.

Давлатимиз сиёсати ёшларни қўллаб-қувватлади, иқтидорли, чиройли бизнес ғояларни ҳар хил танлов ва лойиҳалар асосида уларга имтиёзли кредитлар орқали иш бошлашларига кўмаклашди. Натижада ўқувчиларим “Менинг бизнес ғоям” республика танловида, 4 нафар ўқувчим вилоятда “Дипломи билан бизнесга”, 50 нафари “Ишбилармон ўқувчи” лойиҳаларида қатнашди. “Ишбилармон ўқувчининг энг яхши лойиҳаси” республика танлов ғолиби бўлиб, ўз ишларини бошлашди. Лекин аҳоли ўртасида ҳамон тадбиркорлик борасида тушунчалар кам эди. Қишлоғимиз Зарафшон дарёсининг бўйига туташ бўлиб, болалигимиздан бу ерда мол боқиб катта бўлганмиз. Тўқайзорлар, сув ҳавзалари,  қумлоқлар ястаниб ётарди. Аста-секин мазкур жойлар ишбилармонлар томонидан балиқхоналарга айлантирилди, дарё бўйларига чекловлар бўлиб, қишлоғимиз ишсиз аҳолиси ёлланма ишчи бўлиб, кун ўтарга ишлар эди. Дарё бўйидаги кўп ер бўш ётса-да, аҳолидан бизнес ғоя чиқмади. Шунда аҳоли учун кутубхона ташкил қилишни ўйладим. 2019 йилда маҳалла фаоллари фикримни қувватлаб, кутубхона учун собиқ Оқтепа жамоа хўжалигининг эски фаоллар залини беришди.  Кутубхона ташкил этдик ва аҳолидан китоблар йиғилди, китоби йўқлар 50 мингдан 300 минг сўмгача пул маблағлари ҳадя қилишди. Туман ҳокимлиги томонидан керакли жиҳозлар берилди. Уста йигитларимиз ҳашар йўли билан эски бинони таъмирлади, туманимизда улғайган зиёлилар кўплаб ноёб китоблар совға қилишди. Китобсеварларнинг кўмагида кутубхонамизга 4 мингдан ортиқ бадиий адабиёт, соҳаларга оид қўлланмалар жамланди. Ҳозир кутубхона доимо китобхонлар билан гавжум.

2024 йилдан фаол китобхон нуроний отахон ва онахонлар набиралари билан Самарқандга рағбат сифатида бепул саёҳатлар уюштирилиб,  вилоятдаги кутубхоналар билан яқиндан таништирилиб, “Китобхон она, китобхон бола”, янги адабиётлар тақдимотлари, қишлоқдош илмий ходимларимиз билан мулоқот ва бадиий кечалар ўтказилмоқда. Энди “Китобхонлик ҳафталиги”да вилоят кутубхоналарига ва Самарқанд шаҳри бўйлаб тарихий ёдгорликларга саёҳат уюштириш режалаштирилмоқда.

Қишлоққа кутубхона нима учун керак, дегувчилар ҳам топилади. Ҳар қандай ғоя, илм, ютуқнинг асоси китобда мужассам бўлади. Китоб пул бермаслиги мумкин, лекин инсоннинг ақлий фаолиятини ривожлантиради, ҳаётга қарашларини ўзгартиради, халқни илмли қилади. Ҳар қандай лойиҳани амалга оширишда ҳам ўзгача ёндашув, ғоявий ечимлар китобда мужассам бўлади. Аввал бошида кутубхонага келувчилар саноқли бўлган бўлса, китоб қанчалик маънавий озуқа беришини англаган Оқтепа ва Урганжи қишлоқларидан кутубхонага келувчилар сони тобора ортиб бормоқда.

Жорий йилда эса камтарони меҳнатларимиз эътироф этилиб, 8 март байрами арафасида давлатимиз раҳбари томонидан “Шуҳрат” медали билан тақдирландим. Бундай эътироф учун кутубхонани ташкил этишда кўмаклашган барчадан миннатдорман.

Ўктам Худойбердиев.