Иқтисодий таҳлил: Пахтачи қандай ўзгарди?

150 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган Пахтачи тумани вилоят марказидан 140 километр масофада жойлашган.

Туман маркази Зиёвуддин шаҳарчаси кейинги йилларда бутунлай янги қиёфага кирди, янги бинолар, кўп қаватли уйлар, давлат идоралари, истироҳат боғи, маданий масканлар қурилди. Аҳоли бандлигини таъминлаш, даромадларни ошириш, ишсизликни қисқартириш бўйича қатор чоралар амалга оширилмоқда. Бу аҳолининг турмуш маданиятининг ошиши, меҳнатга бўлган муносабатнинг ўзгаришида ҳам сезилади.

Беш йилда сармоялар ҳажми 13 баробар ўсди

 Туманда ўтган йил саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларида қиймати 27 миллион долларлик 54 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, 1617 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланган.

-Кейинги беш йилда туманимизга жалб қилинган сармоя ҳажми 13 бараварга ўсди, - дейди туман ҳокимининг ўринбосари Мансур Абдунабиев. - Хорижий инвестициялар 2024 йил якуни билан 23,5 миллион долларга етди, қўшма корхоналар 12 та бўлди, 5 турдаги янги маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Айниқса, тўқимачилик, озиқ-овқат, қурилиш материаллари соҳасида бир қатор янги корхоналар ташкил этилди.

Қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳасидаги лойиҳаларнинг амалга оширилиши натижасида “Қизбуви” тоғ ёнбағрида 10 га яқин янги корхона иш бошлади. 20 га яқин кон ўзлаштирилиб, каолин, кварц, гранит тош қазиб олиниб, қайта ишланмоқда.

2024 йил якуни билан тумандан 13,4 миллион долларлик маҳсулотлар эспорт қилинди. Солиштирадиган бўлсак, бу 2023 йилга нисбатан 38 фоиз кўп экспорт амалга оширилганини кўрсатмоқда. Асосан тўқимачилик ва қурилиш материаллари маҳсулотлари экспорт қилинмоқда ва 2024 йилда “Paxtachi rodnik yog‘” МЧЖ томонидан маргарин ҳам экспортга йўналтирилди.

 Туманимизда хитойлик тадбиркорлар билан ҳамкорликда ўтган йили 4,2 миллион долларлик лойиҳа доирасида гипс кукуни тайёрлаш ҳамда қиймати 1 миллион долларлик чиқинди пластиклардан қоп ишлаб чиқариш лойиҳалари амалга оширилди. Бундан ташқари, Хитой фуқароси бошчилигида “DACHUAN FESHERY” МЧЖ хорижий корхонаси ташкил этилиб, қиймати 2 миллион долларлик балиқчилик хўжалиги ташкил этилмоқда.

Жорий йилда саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларида қиймати 37,9 миллион долларлик 39 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган ва бу орқали 1700 дан ортиқ янги иш ўрни яратилади. Хорижий инвестиция маблағларини жалб қилиш мақсадида туманда қиймати 135,3 миллион долларлик 6 та хорижий инвестиция лойиҳаси шакллантирилди. 64,5 миллион долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳамда кредитлар ўзлаштирилиши режалаштирилган ва жорий йилнинг дастлабки ойларида 8,2 миллион доллар хорижий инвестиция маблағлари ўзлаштирилди.

Иқтисодий ривожланишда энг муҳим йўналишлардан бири экспортни ташкил этиш ҳисобланади. Ҳозирда туманда 11 та эспортёр корхона фаолият юритмоқда ва улар саноат маҳсулотлари ва мева-сабзавот экспорти билан шуғулланади. Ушбу корхоналар томонидан жорий йил якунига қадар жами 18,7 миллион долларлик маҳсулотларни экспорт қилиш режалаштирилган. Йилнинг дастлабки чорагида 6 миллион 254 минг долларлик маҳсулотлар экспортга йўналтирилди.

Рақамларга қарайдиган бўлсак, туманда драйвер лойиҳаларни амалга ошириш ва тадбиркорларга кўмаклашиш мақсадида алоҳида режа ишлаб чиқилган. Унга кўра, туманнинг Фай маҳалласида 300 гектар майдонда янги  боғ-токзорлар барпо қилиш ҳисобига 30 та тадбиркорлик субъекти ташкил қилиш, Украш маҳалласидаги бўш турган ер майдонларида 6 та ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш, Янгиобод маҳалласида саноат маркази ташкил этиш режалаштирилган. Сулувқўрғон маҳалласида бўш турган 0,5 гектар ер майдонида зарур инфратузилмани таъминлаш орқали Зарафшон дарёси бўйида 9 та савдо ва хизмат кўрсатиш лойиҳаси амалга оширилади.

Фермерликдан кластер

Дунё тажрибасидан кўринадики, хомашё етиштириш жуда катта даромад келтирмайди. Қачонки, хомашёни қайта ишлаш, қадоқлаш, экспорт қилиш йўлга қўйилсагина фойда бир неча баробарга ортади. Бу янги иш ўринлари очиш, қўшилган қиймат занжирини яратиш, солиқ тушумларини кўпайтириш, ишсизликни камайтириш ва тараққиётга эришишда муҳим босқич ҳисобланади. Айни шу жиҳатлар инобатга олиниб, давлатимиз раҳбари фермер хўжаликларини йириклаштириш, соҳага кластер тизимини жорий этишни таклиф қилганди. Туманда бу ташаббусни тўғри амалга оширган фермер бугун йирик корхона эгаси бўлди.     

-2003 йилда кичик майдонда пахта ва ғаллачилик йўналишида ташкил этилган фермер хўжалигимиз 2008 йилда 100 гектарга етди, - дейди тумандаги “Мирзаев Шуҳрат Кенжаевич” фермер хўжалиги бошлиғи Шавкат Мирзаев. – 2020 йилда ғаллачилик кластерига айлантирдик ва ғўза, ғалланинг элита навлари уруғларини етиштиришни йўлга қўйдик. Шу йилнинг ўзида ғаллани ун ҳолида сотиш лойиҳасини амалга оширдик. Бунинг учун Германия, Италия ва Туркиядан замонавий ускуналар олиб келинди ва 60 сотих майдонда янги завод қурдик. Ушбу завод кунига 120 тонна ғаллани қайта ишлайди ва маҳсулотни ички бозордан ташқари Тожикистон, Афғонистон давлатларига экспорт қиламиз. Ўтган йили қўшни давлатларга 1,5 миллион долларлик 6 минг тонна ун экспорт қилдик. Тумандаги 215 та фермер хўжалиги билан 16 минг тонна ғаллани харид қилиш бўйича шартнома тузганмиз.

Энди туманда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари уруғларини тайёрлаш, саралаш ва қадоқлашга мўлжалланган 1,2 миллион долларлик лойиҳа устида ишлаяпмиз. Бунинг учун жой, бино бор, 200 кВтлик қуёш панеллари ҳам ўрнатяпмиз. Айримлар бу лойиҳа нима учун кераклигига тушунмаяпти. Ҳозирда республикамизга Туркия ёки бошқа давлатлардан қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг уруғи валюта ҳисобига келтирилади, лекин сифат ва нави сиз кутгандек чиқиши даргумон. Бизнинг лойиҳамизда бунинг учун махсус лаборатория бўлади ва уруғлар давлат стандарти бўйича текширилиб, мувофиқлик сертификати олинади, очиқ майдон ёки иссиқхона учун мос навлар аниқланади.

Масалан, туманимизда такрорий экин мавсумида 5 минг тоннадан ортиқ мош етиштирилади, лекин ҳеч ким уруғ тайёрламайди. Ҳамма бошқа ҳудудда саралаб, чиройли қадоқланган ва уч баробар қиммат мошни яхши уруғлик, деб сотиб олаверади. Ҳозир вилоятдаги кластер корхоналарида шунга ўхшаш, лекин кичик лойиҳалар бор, улар фақат ўзларига керакли уруғлик тайёрлашади. Биздаги ғўза ва ғалла уруғига Тожикистонда талаб юқори, лекин бунинг экспорти йўлга қўйилмаган. Шунинг учун биз сифат кафолати 95 фоизгача бўлган уруғларни таклиф этамиз. Германиядан керакли ускуналарни келтириш бўйича иш олиб боряпмиз. Ҳозир ун заводида 72 нафар ходим ишлаётган бўлса, ушбу лойиҳа ишга тушгандан кейин ишчилар сони 100 нафардан ортади.

Яна бир янги лойиҳамизда 50 нафар хотин-қиз учун тикувчилик корхонаси ташкил этмоқчимиз. Бу лойиҳани ўзгача томони 5 нафар уста тикувчини танлаб олиб, уларни Туркия ва Италияда дизайн соҳаларида ўқитишни мақсад қилганмиз. Хитойдан мато олиб келиб, тайёр кийимлар тикиш ва шоурумларни ҳам шу ерда ўтказиш бўйича иш олиб боряпмиз.

Аҳоли бандлигини таъминлаш, даромадларини ошириш ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштиришни кўпайтиришда аҳолига ерларни ижарага бериш тизими анча самарали бўлмоқда. Президентимизнинг 2025 йил 14 февралдаги “Томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликлари фаолиятида замонавий ташкилий тизимни жорий қилиш ва молиявий қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан томорқа ерлари ва деҳқон хўжаликларига кўмаклашиш вазифаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ва ҳудудий бўлимларига юклатилди. Рақамларга қарайдиган бўлсак, туманда 32,2 мингдан ортиқ томорқачи, 1,9 минг гектардан ортиқ экин майдони, шундан 193 гектарда иссиқхоналар бор.

Бундан ташқари, туманда 3929 нафар ёшлар ва камбағал оилаларга ижара асосида тарқатилган 1079 гектар ер майдонларида полиз-сабзавот, картошка, дуккакли ва бошқа экинлар экишга кўмаклашиш тизими йўлга қўйилган.

Ўктам Худойбердиев.