Вилоят кўп тармоқли шифохонасида халқ табобати бўлими очилади
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи раҳбарлигидаги тиббиёт ходимларининг Хитой Халқ Республикаси Шинжон-Уйғур автоном районига хизмат сафари давомида шундай келишувга эришилди.
– Хитой бугунги кунда тиббиёти жадал ривожланаётган давлатлардан ҳисобланади, – дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Суҳроб Зайниев. – Замонавий тиббий жиҳозлардан кенг фойдаланилади, юқори технологияли амалиётлар йўлга қўйилган. Шу билан бирга, кейинги пайтда халқ табобати ривожланиб, беморларни кимёвий дори-дармонлар ўрнига табиий маҳсулотлар билан даволаш кенг оммалашмоқда. Шинжон тиббиёт коллежида халқ табобати бўйича кадрлар тайёрланар экан. Қорамой шаҳар халқ сиёсий маслаҳат кенгаши раиси ўринбосари Ли Гуо Лян, Қорамой шаҳар соғлиқни сақлаш қўмитаси раҳбари Чжу Хуа ва бошқа масъуллар билан учрашувлар чоғида аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, телемедицина, халқ табобати бўйича ҳамкорлик ўрнатиш, кадрларни масофавий ўқитиш ва тажриба алмашишига имконият яратиш масалаларини муҳокама қилдик. Ана шу муҳокамалар якунида Қорамой шаҳар соғлиқни сақлаш қўмитаси ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамда Қорамой шаҳар марказий шифохонаси ва вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази ўртасида меморандумлар имзоланди. Унга кўра, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида беморларни халқ табобати асосида даволовчи бўлим ташкил этишга қарор қилинди. Шунингдек, иккинчи Шинжон тиббиёт коллежида самарқандлик ёшларнинг табобат йўналиши бўйича ўқишини йўлга қўйишга келишиб олдик.
Самарқандлик тиббиёт ходимларининг Урумчи шаҳрига ташрифи доирасида Шинжон-Уйғур автоном райони саломатлик қўмитаси раиси Ю Аи Пинг билан бўлган учрашувда кадрлар алмашинуви, шошилинч тиббий ёрдам хизматларини такомиллаштириш, телемедицина, мураккаб амалиётлар бўйича масофавий фанлараро консультацияси юзасидан ҳамкорлик қилишга келишилди.
Делегация, шунингдек, Ипак йўли саломатлик форумида, бешинчи “Бир камар, бир йўл” академик саммитида ва ШҲТнинг олтинчи бор ўтказилаётган касалхона ҳамкорлик форумида иштирок этди.
Форум доирасида Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари Шинжон-Уйғур автоном райони раиси ўринбосари Қайсер Абдукарим билан ҳам учрашди. Мулоқотда соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорлик, жумладан, ўзаро тажриба алмашиш, илғор янгиликлар ва қўшма лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, делегация Шинжон-Уйғур автоном райони халқ касалхонасида бўлиб, анъанавий Хитой тиббиёти, унинг тарихи, инновацияси ва ривожланишига бағишланган саммитда иштирок этди.