Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Шаҳзод Эшонқулов: "Мактаблар янги ўқув йилига тайёр"
Вилоятимиздаги барча мактабларда янги ўқув йилига қизғин ҳозирлик кўрилди. Ўтган ўқув йилида мавжуд 1248 та мактабни 49315 нафар битирувчи тугатган бўлса, 2024-2025 ўқув йилида 82 минг нафарга яқин болалар 1-синфга қабул қилиняпти.
Бу, албатта, таълим муассасаларида янги ўринлар яратишни талаб қилади. Шунинг учун ҳам жорий йилда вилоятда жами 104 та таълим муассасасида қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилиши режалаштирилган эди. Бугунги кунда вилоятимизда 4 та мактаб янгидан қурилмоқда, 90 та мактабда реконструкция, 12 тасида мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Бунинг учун 446,8 миллиард сўм маблағ йўналтирилган. Ушбу қурилиш-реконструкция ишлари натижасида вилоятимизда 24 мингга яқин янги ўқувчи ўрни яратилмоқда. Айни пайтда вилоятда ўқув жараёни уч навбатда олиб бориладиган мактаблар мавжуд эмас.
Маълумки, яқинда III "Устозлар миллий форуми" ўтказилди. Унда вилоят ҳокими Э.Турдимов навбатдаги ўқув йилида тизимдаги муассасаларда “Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади” деган эзгу ғоя асосида таълим-тарбия сифатини ошириш мақсадида устувор вазифаларни белгилаб берди.
Ўтган йили таълим сифати паст бўлган мактаблар сони 88 та бўлган бўлса, бу йил 69 тани ташкил этди. 2024-2025-ўқув йилида бу мактабларга туман, шаҳарлардаги намунали, таълим сифати юқори бўлган мактаблар амалий ёрдам кўрсатиши учун бириктирилди.
Умумтаълим мактабларида таълим сифатини яхшилаш мақсадида янги лойиҳалар амалга ошириляпти. Мавжудлари такомиллаштириляпти. Масалан, янги ўқув йили учун “Зўр” лойиҳаси асосида 42 нафар хорижлик мутахассис жалб этилди. Улар таълим берадиган мактабларда маҳаллий ўқитувчилар учун маҳорат дарслари ташкил этилиши режалаштирилган.
Шу пайтга қадар ҳар бир туман ва шаҳарнинг касб-ҳунар турига бўлган эҳтиёжи, мослашуви ҳамда ихтисослашганлигини инобатга олган ҳолда, вилоятдаги 16 та мактабда 14 та йўналишда касблар ўргатилаётган эди. Энди ҳар бир туман ва шаҳарда яна 5 тадан, жами 80 та мактабда 24 йўналиш бўйича касб-ҳунарга ўргатиш йўлга қўйилади. Янги ўқув йилидан бошлаб жами 96 та мактабда юқори синф ўқувчиларига касб-хунар ўргатилади.
Яна ўтган ўқув йили сарҳисобига назар ташласак, 9 нафар ўқувчи фан олимпиадасининг мамлакат босқичида ғолиб бўлди ва умумжамоа ҳисобида республикада биринчи ўринни эгаллади. Янги ўқув йилида янада яхши натижалар кўрсатиб, бу натижани сақлаб қолишни ҳам мақсад қилганмиз.
Қўшработ, Нуробод, Каттақўрғон туманларининг олис ҳудудларида бошқа вилоятдан келиб дарс бераётган тажрибали ўқитувчилар фаолияти ҳам яхши самара беряпти. Масалан, Нуробод туманидаги 55-, Қўшработдаги 19-мактаблар бундан икки йил аввал қизил тоифада эди. Бошқа вилоятдан келиб фаолият бошлаган устозлар саъй-ҳаракати билан бу таълим муассасалари бугунги кунда яшил тоифадаги мактабларга айланди.
Ўтган ўқув йилида 68 та мактаб янги баҳолаш тизимига ўтказилганди. Бунинг натижасида таълим сифати ошган ва юқори натижаларга эришган ушбу мактаб жамоаларига 40 фоизгача устамалар белгиланиши мактаблар ўртасида соғлом рақобатни юзага келтирди. Янги ўқув йилидан яна 50 та мактабда янги баҳолаш тизими жорий этилади.
Айни пайтда вилоятимиздаги барча мактаблар янги ўқув йилига шай турибди. 1-синфга қадам қўяётган болажонлар учун Президент совғалари етказиб берилди. “Бир бўлсак - ягона халқмиз, бирлашсак - Ватанмиз!” шиори остида ўтказиладиган “Билимлар куни” тадбирларини юқори савияда ташкил этиш бўйича ҳам чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Тадбирларда “Мустақиллик” соатларида иштирок этиш учун ҳар бир мактабга ҳудудлардаги раҳбар ходимлар бириктирилди.