Самарқандда 57 мингдан ортиқ фуқаро семизлик касали билан рўйхатга олинган

Айни пайтда бутун дунёдаги каби вилоятда ҳам Халқаро семизликка қарши курашиш ойлиги давом этмоқда. Ойлик 7 мартдан 7 апрелга қадар давом этади.

Бу даврда Самарқандда аҳолининг 40 ёшдан ошган қатламини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш режалаштирилган. Шунингдек, шифокорлар томонидан аҳоли ўртасида ортиқча вазн тўплашнинг сабаблари, семириш туфайли пайдо бўладиган касалликлар ҳақида маълумот бериб борилади.

Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят филиалида ойликнинг дастлабки санасида 7 март — Халқаро семизликка қарши кураш куни муносабати билан илк тиббий кўрик ташкил этилди.

Юлдуз Абдурозиқова,
филиал эндокринолог-шифокори:

- Бугунги кунга келиб семизлик дунё аҳолисининг соғлиғига жиддий хавф солаётган муаммолардан бири. Бугунги кунда ер юзида 2 миллиард киши ортиқча тана вазнига эга бўлиб, уларнинг 650 миллионида семизлик касаллиги қайд этилган. Вилоятимизда ҳам 57 мингдан зиёд бемор семизлик билан рўйхатга олинган бўлиб, улар 3-4 хавф гуруҳининг асосий қисмини ташкил қилади. Касалликка қарши кураш олиб борилаётганига қарамасдан, ҳозирча унинг олдини тўлиқ олиб бўлмаяпти. Бунга, албатта, кам ҳаракатлилик, мунтазам спорт билан шуғулланмаслик, нотўғри овқатланиш кабилар сабаб бўляпти.

Шифокорга кўра, тана вазни меъёридан юқори бўлган аҳолининг қонда қанд миқдорини аниқлаш мақсадида барча тиббиёт бригадалари глюкометр ва тест япроқчалари билан тўлиқ таъминланади.