Вояга етмаганлар ҳуқуқбузарликлари профилактикасида маҳалланинг ўрни қандай?

Президентимиз Қашқадарё вилояти Қарши шаҳри “Гулшан” маҳалласига қилган ташрифида "Маҳалла жамиятимиздаги адолат тамойилларининг кўзгусига айланиши керак. Бу ер одамлар келиб фикрини, таклифини, дардини айтадиган, муаммосига ечим топадиган жой бўлиши керак. Маҳалла раиси ва профилактика инспектори ҳудуддаги ҳар бир оиланинг аҳволидан хабардор бўлиши, ким нима билан машғул – ҳаммасини билиши лозим. Ушбу тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад маҳаллани кечаю кундуз одамларнинг аҳволидан бохабар бўладиган масканга айлантиришдир”, деб таъкидлаган эдилар.

Дарҳақиқат, бугунги кунда маҳаллага алоҳида эътибор берилмоқда. Ёшлар ўртасида, айниқса вояга етмаганлар орасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда маҳалланинг ўрни алоҳида аҳамият касб этади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ички ишлар органларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига 1-илова сифатида келтирилган “Маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани тўғрисидаги Низом”да бу жиҳатга алоҳида эътибор қаратилган.

Низомнинг 1-бандидаёқ маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани маҳалла ва қишлоқларда жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш фаолиятини бевосита амалга оширадиган, шунингдек, фуқароларнинг хавфсизлиги ва осойишталигини таъминлаш борасида ички ишлар органлари, бошқа ҳуқуқ-тартибот органлари ва жамоат тузилмаларининг маҳаллалар кесимида биргаликда ишлашини ташкил этадиган ички ишлар органларининг энг қуйи бўғинидаги таркибий тузилмаси ҳисобланиши назарда тузилган. Демак, вояга етмаганлар ҳуқуқбузарликлари профилактикасида маҳалланинг ўрни жуда салмоқли ва бу барча жабҳаларда ўз тасдиғини топмоқда.

“Маҳалла – шарқ демократияси” деган иборани эшитмаган инсон камдан-кам учраса керак. Шундай экан маҳаллаларни жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлардан холи ҳудудга айлантириш юқоридаги иборанинг туб моҳиятига реал етиб боришнинг энг бирламчи йўлларидан бири ҳисобланади.

Улфат Шоназаров,

Тошкент давлат юридик университетининг ихтисослаштирилган филиали ўқитувчиси.