Врачлар ҳайрон, беморлар сарсон!

Ота-онам анча кексайиб қолганлиги туфайли ҳудудимиздаги тиббиёт бўлимларига ойда бўлмаса ҳам бир ярим-икки ойда бир мурожаат қилишимизга тўғри келади.
Отамни ўтган йил декабрь ойида тиббий йўлланма асосида 10 кун, шу йил май ойи охири, июнь ойининг бошида 7 кун вилоят кўп тармоқли марказий шифохонасида даволатишга ётқиздик. Касалхона врачлари, ҳамширалар ўз соҳасининг билимдонлари, хушмуомала, фидойи мутахассислар экан, отамга яхши қарашди. Бунинг учун уларга раҳмат!
Лекин дори-дармон масаласида аҳвол буткул бошқача. Касалхонада оддий натрий хлор ҳам йўқ (маълумотларга кўра, вилоятдаги бошқа касалхона, поликлиникаларда ҳам аҳвол шундай). Деярли барча дори-дармонни касалларнинг ўзи сотиб олади.
Касалхона даволаш ишлари бўйича бош врач ўринбосари, бўлим бошлиғи, даволовчи врач иштирокида нима учун бу ҳолат юзага келаётгани ҳақида суҳбатлашдик. Маълум бўлишича, ҳозирда амалда бўлган тиббий суғурта бўйича имтиёзли даволанишга келган бир бемор учун 2 миллион 700 минг сўм, бошқа бир нечта ташхислар учун 3 миллион 500 минг сўм маблағ ажратилади. Шу маблағдан бир кунлик ётоқ пули 252 минг сўмни, кунлик дори-дармонга эса бор-йўғи 16 минг сўмдан 23 минг сўмгача маблағ ажратилар экан. Лекин шу 16 минг сўмлик дорилар ҳам касалхонага деярли етиб келмаяпти, дори йўқ. Бир кунлик овқат пули учун 27 минг сўм тўланади (ногиронлиги бўлса бепул).
Врачларнинг таъкидлашича, агар ҳар бир бемор учун кунига камида 100 минг сўмлик дори-дармон ажратилса, бу дорилар вақтида касалхонага берилса, беморларнинг шифо топишига имкон яратилади.
Тиббиётдаги бу муаммога соҳа мутасаддилари қандай муносабат билдиради?
Холмурод СОРИЕВ.