Халқ демократик партияси сайловда фаол иштирок этиш бўйича ишлар белгилаб олди
Партия вилоят Кенгашининг VIII пленумида бу ҳақда тегишли қарорлар қабул қилиниб, қурултойга делегатлар сайлаб олинди.
Пленумда таъкидланганидек, Халқ демократик партиясининг сайловда фаол иштирок этишини таъминлаш ва ишларни самарали ташкил этиш мақсадида 7 йўналиш, 37 банддан иборат асосий тадбирлар календарь режаси ишлаб чиқилган.
Муҳокамаларда унда белгиланган вазифалар ижросини ўз вақтида таъминлашда нималарга эътибор қаратиш зарурлиги бўйича фикр юритилди. Шу асосда партиядан кўрсатилган бўлажак номзодни қўллаб-қувватловчи сайловчиларнинг имзоларини йиғиш (тўплаш) ишлари уюшқоқлик билан амалга ошириш чоралари белгиланди.
Партиянинг қуйи бўғинлари фаолиятини кучайтириш, аъзолар сафини кенгайтириш, аҳолининг муаммолари ва уларни ташвишга солаётган масалаларни қуйи тизимгача тушиб, ўрганиб боришга қаратилган ишларни тизимли тарзда давом эттириш мақсадга мувофиқ, деб топилди.
Ижобий натижа бераётган “Депутат маҳаллада”, “Меҳр улашинг!”, “Аёлларга кўмак”, “Ёшларга кўмак”, “Партия сизга кўмакчи!” “Ёшлар келажагимиз” каби амалий лойиҳаларининг кўлами ва қамровини янада ошириш зарурлиги билдирилди.
Пленум ишида Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг қурултойида иштирок этиш учун делегатлар сайланди.