Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг котибияти ташкил этилди

Аввал хабар берганимиздек, бугун – 23 июль куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди.

Сессияда узоқ туманлардан сайланган, кекса депутатлар ўз яшаш жойларидан, масофадан қатнашди. Эътиборли жиҳати, бу галги сессия илк бор ижтимоий тармоқлар орқали тўғридан-тўғри намойиш этилди ва жараённи бевосита кузатиб бориш имконияти яратилди.

Дастлаб вилоятдаги жиноят ва фуқаролик ишлари, маъмурий ва иқтисодий судлари раисларининг 2020 йил биринчи ярим йилликдаги фаолияти бўйича ахборотлари эшитилди.

Суд раислари депутатлар, шу билан бирга ижтимоий тармоқлар кузатувчиларининг ахборотлар юзасидан берилган саволларига жавоб қайтаришди.

Сессияда шунингдек, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Ш.Раҳмонов вилоят ҳудудида жамоат тартибини сақлаш ва карантин тадбирлари талабларига тўлиқ риоя этилишини таъминлаш юзасидан ахборот берди. Вилоятда “Хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган манзилли чора-тадбирлар” дастурининг туман ва шаҳарлардаги ижроси кўриб чиқилди.

Сессияда халқ депутатлари вилоят Кенгаши котибиятини ташкил этиш тўғрисидаги масаласи ҳам муҳокама этилди.

– Жорий йилнинг январь ойида Олий Мажлис Сенатининг дастлабки ялпи мажлисида давлатимиз раҳбари маҳаллий кенгашлар фаолияти самарадорлигини ошириш, уларнинг назорат фаолиятини кучайтириш бўйича муҳим таклифларни билдирган эди, – деди халқ депутатлари вилояти Кенгаши раиси Э.Турдимов. – Хусусан, халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашини намунали кенгашга айлантириш ташаббуси билдирилган эди. Шундан келиб чиқиб, вилоят Кенгаши котибиятини тузиш таклиф этилмоқда.

Уч кишидан иборат котибиятга депутатлар орасидан сайланадиган котибият мудири раҳбарлик қилади. У вилоят Кенгаши раиси ўринбосари даражасида бўлади. Иш ҳақи, транспорт ва бошқа масалаларда вилоят ҳокими ўринбосарига тенглаштирилади.

Сессияларни ташкил этиш, Кенгаш ва доимий комиссиялар иш режаларни шакллантириш, уларнинг ижросини мувофиқлаштириб бориш, умуман, Кенгаш фаолияти билан боғлиқ ташкилий, ҳуқуқий, ахборот-таҳлилий фаолият котибият зиммасида бўлади. Энг муҳими, бу маҳаллий кенгашнинг ижро ҳокимиятидан мустақил қилиш йўлидаги дадил қадамдир.

Муҳокамалар сўнгида халқ депутатлари вилоят Кенгаши котибияти тўғрисидаги Низом, котибият ходимларининг штатлар жадвали ҳамда Кенгашнинг 2020 йил иккинчи ярим йиллигига мўлжалланган иш режаси тасдиқланди.

Шундай тартиб халқ депутатлари Самарқанд шаҳар ва Оқдарё тумани Кенгашларида ҳам намунавий тарзда жорий этилиши, маҳаллий бюджет ҳисобидан молиялаштириладиган доимий асосда ишловчи Кенгаш котибияти тузилиши белгиланди.