МИБ: йилнинг шу даврига қадар 247,7 млрд. сўмдан ортиқ солиқ қарздорлиги ундирилган

Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилояти бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан ижро ҳужжатлари бўйича давлат бюджетига жорий йилнинг ўтган даврида 247,7 млрд. сўмдан ортиқ солиқ қарздорлиги ундирилиши таъминланган.

Шунингдек, солиқ ва бошқа ундирувлар юзасидан қарздорларга тегишли бўлган 1,9 млрд. сўмлик мол-мулклар хатланиб, 6 та 1,8 млрд. сўмлик мол-мулклар реализация қилиш учун электрон-онлайн аукцион савдоларига чиқарилган.

Мисол учун, Бюронинг Самарқанд шаҳар бўлими иш юритувидаги “М.Р.И” МЧЖдан 476,5 млн. солиқ қарзини ундириш ҳақидаги ижро ҳужжати бўйича қарздорликни ундириш мақсадида, ҳисоб рақамларига банд солинган ҳамда мол-мулкларига таъқиқ қўйилган.

Олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида МЧЖдан жами 476,5 млн. сўм солиқ қарздорлиги тўлиқ ундирилиб, давлат солиқ бошқармасининг тегишли ҳисоб рақамларига йўналтирилиши таъминланган.

Солиқ қарздорлигини ундиришга оид ижро ҳужжатлари бўйича тизимли ишлар давом эттирилмоқда.