Кўприкнинг эгаси борми?

Вилоят ҳокимининг ўринбосари Акмал ШУКУРОВ эътиборига!

Пахтачи туманидан Қарнабота қишлоғига борадиган йўл 30 километрни ташкил этади. Бугунги кунда йўлнинг абгори чиқиб кетган. Машина тугул, пиёдалар юриши ҳам мушкул. Чунки бу йўлдан ҳар куни юзлаб 60, 70, 80, 100 тонналик юкка мўлжалланган машиналар тош, оҳак ва гипс ташиб ўтади.

Йўловчига мўлжалланган иккита автобус ҳам, аҳолига тегишли транспорт воситалари ҳам шу йўлдан юради.

Кўп бор мурожаат қилганимиздан кейин бу йўлнинг айнан юриши ҳозирча мумкин бўлган қисми лойиҳаси тендерга қўйилди. Тўрт йил олдинги тендерни ютган ташкилот уни пудратчига берди. Пудратчи беш километрлик йўлни нақ уч йилда қурди. Лойиҳада шунақа муддат қўйилган экан.

Майли, бунисига ҳам кўникмасдан иложимиз йўқ. Эътироз билдирганимиз билан мутасаддиларнинг юзлаб баҳонаси тайёр. Хуллас, йўлнинг қуриб битказилганига қарийб бир йил бўляпти, эҳтимол, пулини тўлиқ олиш учун уни фойдаланишга ҳам топширишгандир. Аммо бугунги кунда шу янги йўлнинг ярмидан юриб бўлмайди, асфальт ўрнига йўлсоз тупроқ ёки қанақадир қоришма тўкиб кетганга ўхшайди. Албатта, бу аҳволга тегишли инспекция баҳо бериши керак, бироқ шу пайтгача жим.

Шу йўлнинг Фай қишлоғидан ўтувчи қисмида Нарпай канали устига қурилган кўприк бор. Бу кўприкнинг аҳволи ҳақида вилоят йўл қурилиши идораси раҳбарларига айтавериб чарчадим. Улар боришди, маълумотномалар қилишди, таъмирлаш чораларини кўрамиз, дейишди. Икки йил ўтса ҳам бу ерда ҳеч нарса бажарилмади, аксинча, кўприк устидаги бетон мосламалар ёриғи каттариб боряпти.

Хўп, республика йўл қурилиши идорасига Сенат орқали қилган мурожаатимиз туя гўшти еганга ўхшайди. Баҳона - маблағ йўқ. Лекин қайси раҳбар шу йўлда мониторинг олиб борди? Ахир, шу йўлдан кунига камида 100 та машина қурилиш хомашёси ташийди, бу хом ашёлар пулга айланмаяптими? Шу йўлдан ташилган катта миқдордаги маҳсулот фойдасидан наҳотки бу йўлни таъмирлаш мумкин эмас? Давлатимиз раҳбари бундай чоғда ички йўлларни бетонлаштириш учун шароит яратиб берди. Минг афсуски, бу усул устида бош қотирадиган, фойда-зарарини ҳисоблайдиган идора топилмади.

Ҳайронман, кўприкнинг шу аҳволга келишигача "сабр-тоқат" қилганлар чора олмайдими ёки улардан бу масъулиятни талаб қиладиган мард йўқми вилоятда? Ёки кўприкда бирорта кўнгилсиз воқеа рўй беришини кутиб турибдими мутасаддилар?

Акмал Ғайратович, ушбу номани депутатлик сўрови сифатида қабул қилиб, амалдаги қонунлар асосида ижросини таъминлашингизни сўрайман.

Фармон ТОШЕВ,

халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши депутати.