Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги огоҳлантиради: “Ўқишга киритиб қўядиганларга ишонманг!”

Бугун олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда амалга оширилади. Тест топшириқлар билан ишловчи масъул ходимлар жараёнлар ўтказиш мобайнида махсус ёпиқ режимга ўтказилади ва улар ташқи муҳитдан узилади.

Шунингдек, Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг ўз маблағлари ҳисобига тест синовларидаги шаффофлик ва инсон омилини камайтиришга хизмат қилувчи республикамизнинг барча ҳудудларида катта сиғимли бинолар барпо этилмоқда. Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси, Сирдарё, Бухоро, Наманган, Хоразм, Фарғона, Сурхондарё, Навоий ҳамда Самарқанд вилоятларидаги бинолар фойдаланишга топширилиб, Андижон, Жиззах, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида эса бино қурилиши давом этмоқда.

Ҳозирда коррупцияга қарши кураш халқаро миқёсдаги каби республикамизда ҳам долзарб муаммолардан бири ҳисобланади. Билим ва малакаларни баҳолаш агетлигининг “Коррупцияга қарши курашиш” бўйича дастури ишлаб чиқилган бўлиб, унга кўра инсон омилини камайтириш мақсадида тест синовларини сунъий интеллектдан кенг фойдаланган ҳолда онлайн режимда ташкил этишни йўлга қўйиш, тест материалларининг хавфсизлиги чораларини кучайтириш, тест синови назоратчилари банкини шакллантириш, саралаш ишларининг шаффофлигини ошириш, ходимларда коррупцияга қарши иммунитетни шакллантириш ва бошқа тегишли бандлар бўйича ишлар амалга оширилмоқда.

Шунингдек, Билим ва малакаларни баҳолаш агетлиги Самарқанд вилоят бўлими томонидан ўтган беш ой давомида вилоят адлия бошқармаси ва бошқа ҳуқуқ-тартибот органлари билан ҳамкорликда 22 та таълим муассасасида “Коррупция ривожланишимизга тўсиқ”, “Коррупциясиз таълим”, “Коррупция бор жойда тараққиёт бўлмайди”, “Коррупцияга қарши биргаликда курашамиз” мавзулари бўйича семинар, очиқ мулоқот ва давра сухбатлари ўтказилди.

Ўтказилган тадбирларда иштирок этган таълим муассасалари раҳбарлари, ўқитувчилар ва ўқувчиларга коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш, қонунчилик, хизмат интизоми, одоб-ахлоқ қоидалари ва ички тартиб қоидаларга риоя этилишини таъминлашга қаратилган кенг қамровли тушунтиришлар берилиб, фирибгарлар тузоғига тушиб қолмаслик, “ўқишга киритиб қўяман” деган ваъдаларга ишонмаслик каби маълумотлар бериб ўтилди.

Шуни таъкидлаш керакки, Билим ва малакаларни баҳолаш агетлиги томонидан коррупцияга оид мурожаатларни қабул қилиш учун махсус телеграм бот ва электрон почта ишга туширилган. Агар абитуриентлар ўқишга киришда коррупция омилларини келтириб чиқарувчи вазиятлар ёки ҳолатларга дуч келсалар, қуйидаги алоқа каналлари орқали Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигига мурожаат қилишлари мумкин:

Ишонч телефони: (95) 199-19-14,

Холис фуқаро: https://uzbmb.uz/page/reception,

Расмий сайт: https://dtm.uz/page/reception,

Электрон почта: anticor@uzbmb.uz

Телеграм-бот: https://t.me/bmbaanticor_bot.

Самариддин СУЮНОВ,

Билим ва малакаларни баҳолаш агетлиги Самарқанд вилояти бўлими мутахассиси.