Самарқандлик икки нафар фуқаро фахрий донор деб эътироф этилди

Вилоят қон қуйиш марказида 14 июнь – Бутунжаҳон донорлар куни муносабати билан қон топшириш хайрия акцияси ўтказилди.

“Қон беринг, умид беринг: биз биргаликда ҳаётни қутқарамиз!” шиори остида ўтказилган тадбирда вилоятдаги давлат ва жамоат ташкилотлари, тиббиёт муассасалари ходимлари, фахрий донорлар иштирок этди.

– Ҳар йилги анъанага кўра, бу йил ҳам бутунжаҳон донорлар куни олдидан вилоятимизда қон топшириш ойлиги эълон қилиниб, ушбу хайрли акция марказимизда ҳамда барча туман ва шаҳарларда уюшқоқлик билан ўтказилмоқда, – дейди вилоят қон қуйиш маркази бош врачи Рофе Алиев. – Шунингдек, “Адолат” социал-демократик партияси вилоят кенгаши “Бор меҳримиз сенга, болажон!” деган ташаббус эълон қилиб, партия фаоллари ва депутатлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларини жалб этган ҳолда беморлар учун қон топиширишди. Ана шу тадбирлар давомида 25 майдан буён 500 нафардан ортиқ юртдошимиз беғараз қон топширдилар. Умуман, кейинги йилларда аҳолининг донорлик ҳаракатида фаол иштирок этаётгани туфайли бугун йилига 48 мингта қон ва қон препаратлари тайёрлашга эришяпмиз. Бир неча йил олдин бу рақамлар 10-11 мингдан ошмасди. Бугун ҳам эрта тонгдан вилоят ҳокимлиги ходимлари, турли корхона ва ташкилотлар вакиллари келиб, хайрия тадбирида иштирок этдилар.

Тадбирда қон топшириш акциясида фаол қатнашган корхона ва ташкилотлар вакиллари ҳамда фахрий донорларга миннатдорлик билдирилиб, ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.
Сана муносабати билан бир гуруҳ юртдошларимиз қаторида самарқандлик икки нафан донор – Карен Григорян ва Варвара Дурандинага “Ўзбекистон фахрий донори” кўкрак нишони ва эсдалик совғалари берилди. Шу пайтгача Карен Григорян 68 марта, Варвара Дурандина эса 41 марта қон топшириб, қон ва қон препаратларига муҳтож беморларни ҳаётга қайтариш, саломатлигини тиклашга беминнат ёрдам кўрсатган.