Битирув малакавий ишлари ҳимояси давом этмоқда

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ТАТУ Самарқанд филиали битирувчиларининг якуний давлат аттестация жараёнлари иш берувчи корхона ва ташкилотларда ташкил этилмоқда.

Телекоммуникация технологиялари ҳамда ахборот хавфсизлиги таълим йўналиши талабалари битирув малакавий ишлари ҳимояси “Ўзбектелеком” АК Самарқанд филиалининг Самарқанд шаҳар телекоммуникация боғланмасида бўлиб ўтди.
Битирув малакавий ишлари телекоммуникация соҳасининг долзарб муаммолари ва янги технологияларни телекоммуникация соҳасига тадбиқ қилиш масалаларига ҳамда ахборот хавфсизлиги соҳасининг долзарб муаммолари ва янги технологияларни ахборот хавфсизлигини таъминлашга тадбиқ қилишга қаратилган.

Компьютер инжиниринги бакалавр таълим йўналиши талабаларининг битирув малакавий иши ҳимояси Самарқанд вилояти касбий кўникмалар минтақавий маркази (КОICА) да бўлиб ўтди.
Компьютер инжиниринги йўналиши талабалари ўз битирув малакавий ишлари доирасида сунъий интеллект ва машинали ўқитиш асосидаги дастурий ечимлар, параллел ҳисоблаш технологиялари ва самарали алгоритмлар, IoT (Internet of Things) қурилмаларини бошқарувчи тизимлар, веб ва мобил иловаларни ишлаб чиқиш бўйича амалий лойиҳалар каби йўналишларда тадқиқотлар олиб борди.
Бу ишлар нафақат назарий билимлар асосида, балки реал ҳаётдаги муаммоларга амалий ечимлар топишга қаратилган.

Талабалар реал вақт ва булутли технологияларга асосланган тизимлар йўналишларида БМИ доирасида ишлаб чиққан IТ маҳсулотларини тақдим этишди.
Жумладан, “UNICON SOFT” МЧЖ Самарқанд вилоят филиали раҳбари томонидан икки нафар талабанинг ишларини амалиётга жорий этиш, давлат ва хусусий корхоналарга тадбиқ этиш орқали тижоратлаштириш бўйича тавсиялар берилди. Шу билан биргаликда, икки нафар талабани “UNICON SOFT” МЧЖ Самарқанд вилоят филиалига ишга олишга номзод сифатида тавсия берилди. Уч нафар талабанинг ишларини стартап лойиҳалар сифатида давом эттиришга тавсия қилинди.
Филиал талабалари битирув малакавий ишларини тмувафақиятли тугатишди, улар соҳа корхоналарида, таълим даргоҳида олган ўз билим ва кўникмаларини амалда қўллаш мақсадида кейинги манзиллари томон йўл олишди.

Абдуғафур Ҳотамов,
ТАТУ Самарқанд филиали доценти.