Халқ депутатлари Самарқанд вилояти кенгашининг қарори
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 апрелдаги "Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишини таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-5005-сонли Фармонига кўра, халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи А.Тошпўлатовнинг "Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармасининг вилоятда жиноятчиликнинг олдини олиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ҳолати тўғрисидаги ҳисоботи" маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 апрелдаги "Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишини таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-5005-сонли Фармони билан:
– 2017 йил 1 октябрдан бошлаб халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва вилоятлар Кенгашлари томонидан ҳар чоракда тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ва вилоятлар ички ишлар бошқармалари бошлиқларининг ҳисоботлари эшитилиши;
– халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашлари томонидан ҳар чоракда туман (шаҳар) ички ишлар бошқармалари (бўлимлари) бошлиқларининг ҳисоботлари ҳамда ҳар ойда уларнинг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлари – ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими (бўлинмаси) бошлиқларининг ҳисоботлари эшитилиши;
– ички ишлар органлари мансабдор шахсларининг ҳисоботлари эшитилаётганда улар зиммасига юклатилган вазифалар бажарилиши юзасидан кўрилаётган чоралар ва ишлар натижаси танқидий муҳокама қилиниши, улар фаолиятининг самарадорлигига алоҳида баҳо берилиши, шунингдек, эгаллаб турган лавозимига лойиқ ёки нолойиқлиги ҳақида тавсиялар қабул қилиниши тартиблари ўрнатилганлиги маҳаллий кенгашларнинг асосий вазифаларидан бири этиб белгилансин.
3. Вилоят ички ишлар бошқармаси (А.Тошпўлатов)га:
– жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга йўл қўймаслик мақсадида жойлардаги криминоген вазиятни чуқур ўрганиш, мавжуд куч ва воситалардан фойдаланиш самарадорлиги ҳамда улардан тўлиқ фойдаланилаётганлиги ҳолатини мунтазам равишда таҳлил қилиб бориш;
– маҳаллий ҳокимликлар, ўзини-ўзи бошқариш органлари ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда жиноятлар, айниқса, улар кўпайишининг олдини олиш борасида аниқ чора-тадбирлар белгилаш;
– ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, аҳоли ўртасида ҳуқуқий маданиятни шакллантириш ва ошириш масалаларини ҳал этишда халқ таълими, маданият, жамоат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликдаги тадбирларни ўтказиб бориш;
– Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириғи асосида Самарқанд шаҳрида "Хавфсиз ҳудуд посбонлари" жамоатчилик тузилмаси фаолиятини тизимли йўлга қўйиш;
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 мартдаги ПҚ-2833-сон Қарори асосида ҳар пайшанба куни "Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни" тадбирларининг сифатли ўтказилишини таъминлаш;
– Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ташкил этилган хавфсиз туризмни таъминлаш бўйича белгиланган ишларни амалга ошириш;
"Хавфсиз шаҳар" дастури асосида Самарқанд шаҳрининг асосий кўчалари ва чорраҳаларида йўл ҳаракати қоидалари бузилишини автоматлаштирилган тарзда аниқлайдиган видеокузатув қайд этиш мосламалари ўрнатиш;
– вояга етмаганлар, ёшлар, айниқса, мактаб, лицей ва коллеж ўқувчилари ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, таълим узлуксизлигини таъминлашга қаратилган зарур тадбирларини ўтказиш;
– жамоат жойларида жиноятларнинг олдини олиш ишларига маҳалла посбонлари ва кенг жамоатчиликни жалб этиш, профилактика инспекторлари билан ҳамкорликда оила-турмуш доирасида содир этилиши мумкин бўлган жиноятлар ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш юзасидан тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб бориш;
– ички ишлар ходимларининг халқ билан туну кун бирга бўлиб, уларнинг дарду ташвишларидан тўлиқ хабардор бўлиши, мавжуд муаммоларни бартараф этиши, ходимларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш учун улар билан доимий равишда малакали мутахассисларни жалб қилган ҳолда ўқув-семинар машғулотларини ўтказиб, малакасини ошириш;
– ички ишлар идораларининг шахсий таркибини ўз хизмат вазифасига садоқат ва виждонан ёндашиши, улар ичида ножўя хатти-ҳаракатлар содир этишга мойил бўлган ходимларни аниқлаш ва бир ой муддатда шахсий таркибни нопок ходимлардан тозалаш чораларини кўриш вазифалари юклатилсин.
4. Халқ депутатлари туман, шаҳар кенгашларига ҳудудларда жиноятчиликнинг олдини олиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тадбирларини кучайтириш борасида зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш тавсия этилсин.
5. Мазкур қарор бажарилишини назорат қилиш халқ депутатлари вилоят Кенгашининг Қонунийлик, ҳуқуқ-тартибот ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича доимий комиссияси (О.Ахтамов) зиммасига юклансин.
Вилоят Кенгаши сессияси
раиси Б.ШАРОФОВ
2018 йил 12 март