Шахмат, шашка, футбол бўйича энг кучли ишчи-ходимлар аниқланди

SOS болалар маҳаллалари Самарқанд филиалида "Фуқаролик жамияти ҳафталиги" доирасида вилоятдаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари спортнинг футбол, шахмат ва шашка турлари бўйича куч синашди.
Вилоят ҳокимлиги, адлия бошқармаси, Олий Мажлис ҳузуридаги фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди вилоят бўлими ҳамда Ўзбекистон ННТлари ассоциацияси вилоят ҳудудий бўлинмаси ҳамкорлигида ташкил этилган мусобақада 15 та ННТлардан 150 нафардан зиёд иштирокчи беллашди.
Натижаларга кўра, шахмат беллашувида вилоят телерадиоканали мухбири Замон Эшонқулов биринчи ўринни қўлга киритган бўлса, шашка бўйича вилоят карлар жамияти аъзоси Абдулло Мустакимов ғолиб бўлди.
Футбол бўйича эса адлиячиларга тенг келадигани топилмади. Кейинги ўринлар Мусулмонлар идораси вилоят вакиллиги ва Ёшлар иттифоқи жамоаларига насиб этди.
- Давлатимиз раҳбарининг “Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, ННТлар ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида спорт мусобақалари, интеллектуал ўйинлар, маданий тадбирлар ташкил этиш белгиланган, - дейди Олий Мажлис ҳузуридаги фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди вилоят бўлими бошлиғи Достон Маликов. - Бу каби спорт тадбирлари ишчи-ходимларнинг соғлом турмуш тарзига амал қилишига, шунингдек, оммавий спортни ривожлантириш ҳамда ташкилотлар ўртасида ҳамкорликда ишлаш имконини беради.
Ғолибларга ташкилотчилар томонидан диплом, медаль ва эсдалик совғалари топширилди.