Халқаро фан олимпиадалари: Биз бу ҳақда нималарни биламиз?

Кейинги йилларда ўқувчилар нафақат республика миқёсида ўтказиладиган фан олимпиадаларида, балки халқаро фан олимпиадаларида ҳам қатнашиб, фахрли ўринларни қўлга киритяпти.

Республикада 2025 йилда ўқувчилар 29 та халқаро олимпиадада иштирок этиб, 210 та медал (40 та олтин, 78 та кумуш, 92 та бронза)ни қўлга киритган.

Халқаро фан олимпиадаларида ўқувчиларнинг ютуқлари йилдан йилга ошиб бормоқда. Масалан, ўқувчилар томонидан халқаро фан олимпиадаларида 2022 йилда 41 та, 2023 йилда 96 та, 2024 йилда 128 та медаль олинган.

Шу ўринда бир нарсага аниқлик киритиш керак. Халқаро олимпиадалар уч турда бўлиб, нуфузли халқаро олимпиадалар, халқаро олимпиадалар ва минтақавий халқаро олимпиадаларга бўлинади. Нуфузли халқаро олимпиадалар математика, физика, кимё, биология ва информатика фанларидан бўлиб, унда ғолибликни қўлга киритган ўқувчилар давлат олий таълим муассасаларига имтиҳонсиз, яъни тест синовларидан ўтмасдан қабул қилинади.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, 2025 йилда ўзбекистонлик ўқувчилар қатор хорижий давлатларда ўтказилган нуфузли халқаро олимпиадаларда 13 та медалга сазовор бўлган. Хусусан, Бирлашган Aраб Амирликларида 96 давлат иштирокида ўтказилган халқаро кимё олимпиадасида 2 та олтин, 2 та кумуш, Aвстралияда 105 давлат иштирокида ўтказилган халқаро математика олимпиадасида 4 та кумуш, 1 та бронза, Боливияда 90 дан ортиқ давлат иштирокида ўтказилган халқаро информатика олимпиадасида 1 та кумуш, 1 та бронза, Париж шаҳрида 96 та давлат иштирокида ўтказилган халқаро физика олимпиадасида 2 та бронза медаллари соҳиби бўлган.

Вилоятимизда халқаро олимпиада ғолиблари борми?

2024 йилда ўтказилган халқаро олимпиадаларда вилоятимиздан 5 нафар ўқувчи, 2025 йилда эса 4 нафар ўқувчи халқаро олимпиадаларда фахрли ўринларни эгаллаган. Масалан, ўтган ўқув йилида Ҳиндистонда бўлиб ўтган халқаро математика мусобақасида Каттақўрғон туманидаги 48-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Давронбек Дониёров 3-ўринни қўлга киритиб, бронза медали соҳиби бўлди.

 2025 йил 8-13-май кунлари Тошкент шаҳрида математика ва информатика фанлари бўйича Aл-Хоразмий номидаги халқаро математика ва информатика олимпиадасида Каттақўрғон туманидаги 1-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Aшрафжон Равшанов кумуш медал, Паст Дарғом тумани 2-сон ихтисослаштирилган мактабнинг 7-синф ўқувчиси Жаъфар Нурмурадов бронза медалини қўлга киритди. Унда Туркия, Озарбайжон, Беларусь, Малайзия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон жамоаларидан 202 нафар иштирокчи қатнашди.

Таиланднинг Бангкок шаҳрида ўтказилган халқаро география олимпиадасида Самарқанд туманидаги ихтисослаштирилган мактабнинг 10-синф ўқувчиси Ҳамидулла Жўрақулов терма жамоа сафида бронза медалига муносиб деб топилди.

2025-2026 ўқув йилида Aдигея Республикасининг Майкоп шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро Кавказ математика олимпиадасида Каттақўрғон туманидаги 1-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби 9-синф ўқувчиси Aшрафжон Равшанов кумуш медал соҳиби бўлди. 

- Болалигимда математикага дадам қизиқтирганлар, - дейди Ашрафжон Равшанов. – Шу сабабли 4-синфлигимда математикадан қўшимча дарсларга қатнай бошладим. Юқори синфга ўтгач, математика фани ўқитувчим Бектош Шодиев мени икки йил халқаро олимпиадага тайёрлади. Еттинчи синфлигимда Ал-Хоразмий номидаги халқаро математика ва информатика олимпиадасида қатнашиб, бронза медалини қўлга киритдим. Ўтган йили яна ушбу халқаро олимпиадада қатнашиб, кумуш медал соҳиби бўлдим. Бу йил 12-19 март кунлари бўлиб ўтган Халқаро Кавказ математика олимпиадасида иштирок этиб, кумуш медалга эришдим. Куни кеча 8-12 апрел кунлари Туркманистоннинг Ашхобод шаҳрида III Халқаро математика олимпиадасида олтин медални қўлга киритдим. Халқаро олимпиадалардаги математика билан дарсликларда ўқитиладиган математика тубдан фарқ қилади. Шунинг учун халқаро олимпиадаларга қатнашмоқчи бўлганлар қўшимча дарслар олиши ва ўша фанни яхши кўриш керак.

Шунингдек, Тошкентдаги Гёте институтида халқаро немис тили олимпиадасига саралашнинг республика босқичида Самарқанд шаҳридаги 51-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Маржона Ибадулаева 1-ўринни қўлга киритиб, жорий йилнинг июль ойида Германиянинг Маннҳеим шаҳрида ўтказиладиган халқаро олимпиадага қатнашиш имкониятига эга бўлди.

Айни пайтда бошқа фанлардан ҳам халқаро олимпиадаларда иштирок этадиган ўқувчилар сараланяпти. Бу саралаш босқичма-босқич бўлиб, йил охирига қадар давом этади. Ҳозирча вилоятимиз ўқувчилари орасида нуфузли халқаро олимпиада ғолиблари йўқ.

Халқаро фан олимпиадалари соҳиблари қандай рағбатлантирилади?

Шу пайтга қадар халқаро олимпиада ғолиблари пул мукофоти билан тақдирланган. 2025 йил август ойидан нуфузли халқаро фан олимпиадаларида ғолиб бўлган ўқувчиларга бериладиган бир марталик мукофот пули суммаси ошди, яъни 1-ўрин соҳиби 1 млрд 30 млн сўм (БҲМнинг 2500 баравари), 2-ўрин 618 млн сўм (БҲМнинг 1500 баравари), 3-ўрин 412 млн сўм (БҲМнинг 1000 баравари) пул мукофоти билан тақдирланадиган бўлди. Шунингдек, олтин медал олган ўқувчининг устози ҳам бир марталик мукофот пули, яъни 185 400 000 сўм билан тақдирланади.

Бундан ташқари, халқаро ва минтақавий халқаро олимпиадаларда фахрли ўринларни қўлга киритган ғолибларга ва уларнинг ўқитувчиларига ҳам бир марталик мукофот пули берилади.

***

Шуниси аҳамиятлики, 2026 йилда республикамизда буюк аждодларимизнинг дунё илм-фан ривожига қўшган ҳиссасини тарғиб этиш, мамлакатимизда иқтидорли ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг илмий салоҳиятини рўёбга чиқариш мақсадида Ал-Хоразмий номидаги халқаро математика ва информатика, Абу Райҳон Беруний номидаги халқаро кимё, Аҳмад ал-Фарғоний номидаги халқаро физика, Абу Али ибн Сино номидаги халқаро биология, Буюк Шарқ Ренессанси ва Алишер Навоий номидаги халқаро ўзбек тили олимпиадаларини ташкил этиш режалаштирилган.

Шунингдек, жорий йилда мамлакатимизда нуфузли 58-халқаро кимё ва 38-халқаро информатика олимпиадалари ташкил этилиши белгиланган.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.