Халқаро кузатувчилар округ комиссиясида бўлди
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни бўйича ўтказиладиган референдумни кузатиш мақсадида мамлакатимизда фаолият олиб бораётган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси чекланган миссияси узоқ муддатли кузатувчилари Гарольд Отто ва Мариам Адуашвили бугун 7-Самарқанд округ комиссияси фаолияти билан танишди.
Округ комиссияси раиси ўринбосари Д.Якубжанова ҳамда комиссия котиби О.Тошниёзов жорий йилнинг 30 апрель куни ўтказиладиган референдумга тайёргарлик доирасида округ комиссияси томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
“Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги қонун ҳамда Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган календарь режа асосида округ комиссияси шу пайтгача Самарқанд вилояти чегараси доирасида 1111 та референдум участкаларини тузди. Бу ҳақдаги қарор ва участкалар ҳақидаги маълумотлар оммавий ахборот воситаларида эълон қилинди. Барча участкалар учун сайловчиларга қулай бўлган жойларда бинолар танланган ва улар зарур жиҳоз, техник воситалар билан таъминланган.
Комиссиянинг бугунги йиғилишида референдум участка комиссиялари таркиби тасдиқланди. Кузатувчилар бу жараёнга бевосита гувоҳ бўлди.
Халқаро кузатувчилар референдумда овоз берувчилар рўйхатини шакллантириш тартиби, участка комиссиялари аъзоларини ўқитиш, бу галги референдумнинг ўзига хос жиҳатлари билан қизиқди. Шу ва бошқа саволлар юзасидан округ комиссияси масъуллари батафсил тушунча берди.
Округ комиссияси матбуот маркази.