"Халқаро зиёрат туризми ҳафталиги" якунланди

1-3 ноябрь кунлари мамлакатимиз бўйлаб “Халқаро зиёрат туризми ҳафталиги” бўлиб ўтди.

Ҳафталик доирасида “Марказий Осиё  – Ислом санъати ўчоғи” номли халқаро форумнинг иккинчи иш куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида давом этди. Марказда “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш ва тадқиқ этиш тизимини такомиллаштиришда Ўзбекистон ва хориж тажрибаси” номли I шўъба йиғилишида маҳаллий ва хорижий ташкилотлар, илмий-тадқиқот марказлари илмий ходимлари иштирок этди. Конференцияда юртимиз ва Туркия, Қозоғистон давлатларидан 22 нафар олим ва мутахассис маъруза қилди. 

3 ноябрь куни “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетида форум доирасида “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш ва тадқиқ этиш тизимини такомиллаштириш масалалари” мавзусидаги халқаро конференциянинг II шўъба йиғилиши бўлиб ўтди. “Нодир манбаларни консервация ва реставрация қилиш, реестр тузиш ва рақамлаштириш масалалари” мавзусига бағишланган йиғилишда Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Миср давлатларидан 50 нафарга яқин олим ва мутахассислар иштирок этди, 20 дан ортиқ илмий маърузалар тингланди.

- Конференция якунига кўра кўрилган масалалар ва тингланган маърузалар асосида илмий қийматга эга маълумотлар ҳамда тўпланган маҳаллий ва хорижий тажриба, шунингдек, нодир ёзма манбаларни сақлаш ва тадқиқ этиш борасида мамлакатимизда олиб борилаётган ишлар кенг жамоатчиликка етказилди, - дейди Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари Отабек Муҳаммадиев. - Иштирокчилар маърузаларини илмий тўплам тарзида нашр этишга келишиб олинди.

Шу куни форумнинг якуний сессияси ва ҳафталикнинг ёпилиш маросими ўтказилди.

Якуний сессияда ташкилотчилар ҳамда иштирокчилар зиёрат туризми ҳафталигини ўтказишдан кўзланган асосий мақсад мамлакатимизда зиёрат туризми салоҳиятини юзага чиқариш, Ўзбекистонни жаҳон цивилизациясининг муҳим марказларидан бири сифатида танитиш, шунингдек, зиёрат туризми хизматларини диверсификация қилиш ва туризм экспортини оширишдан иборат эканлигини таъкидлади. 

Шу каби халқаро тадбирлар самараси ўлароқ, бугун Ўзбекистон Ислом ва зиёрат туризми рейтингларида юқори поғонага кўтарилди, хорижий мусулмон мамлакатлардан келган сайёҳлар сони ортди ва халқаро жамиятда Ўзбекистоннинг ижобий имижи яхшиланди. Хусусан, жорий йилда Сингапурда мусулмон дунёси туризм бозорини тиклаш ва ривожлантиришга бағишланган “Ҳалал ин Травел Авардс” глобал саммитида Самарқанд шаҳри “Йилнинг ислом мероси манзили” ва “Йилнинг энг яхши ривожланаётган мусулмон шаҳри” эътирофига муносиб кўрилди.

Сулаймон Мардиев.