Харажатимиз кутган даромадимизни келтиряптими ёхуд хорижлик меҳмонларни нима сабабдан текинга, ўз ҳисобимиздан чақирамиз?!
Бизда халқаро форум, конференция, кўргазма, фестиваллар жуда кўп ўтказилади. Мақсад тушунарли: мамлакатни танитиш, имкониятларимизни кўрсатиш, инвесторларни жалб қилиш, ишбилармонларимизга хорижий ҳамкор топиб бериш, туристларни жалб қилиш ва ҳоказо.
Лекин бир тарафи доим ўйлантирадики, шунга сарфланганлари ўзини оқлаяптими? Нима учун бу саволни беряпман, сабаби, халқаро тадбирларимизнинг деярли барчасида хорижий меҳмоннинг келиб-кетишию меҳмонхонаси, еб-ичиши, юртига қайтар чоғи совға-саломигача деярли ўзимиз олиб берамиз. Ҳар куни кечки банкетлар, қабул маросимларини айтмайсизми. Самарқанд, Бухоро, Хивани кўнгли тусаб қолса, олиб боришлар-чи... айтсанг бу рўйхат узоқ давом этади.
Хорижликлар шунинг учун ҳам тадбир десак дарров келгиси келади назаримда. Ҳеч ким уларга Ўзбекистондагичалик иззат-икром кўрсатмайди, кўрсатолмайдиям. Бу борада гап бўлиши мумкин эмас. Лекин бу озмунча маблағ бўлмайди. Шунинг натижаси ҳам мониторинг қилиб кўриляптими? Дейлик, форумда қатнашган инвестор аниқ қанча сармоя киритди, шартнома туздими, корхона очдими, ҳамкор топдими? Бунинг бир сўровиям бўлиши керак эмасми?
Ёки туризмни айтинг. Фалон миллион сайёҳ келди, дейишади. Бу рақамнинг асосий қисми шундай халқаро тадбирларга ташриф буюрганлар ҳисобига кўпайган-ку. Тўғрими? Бизнинг бундай меҳмонлардан даромад олишдан кўра, харажатимиз кўпроқ. Фақат рақам эмас, мамлакатга тушум бўлган валютага қарайлик. Ёки аксарият сайёҳлар яқин қўшниларимиздан келган қариндош-уруғлар саналади. Улар меҳмонхонага, юриш-туришига деярли маблағ сарфламайди. Фақат одам сони билан овунмайлик-да.
Наманганда ҳар йили 30-40 кунлаб гуллар фестивалини ўтказиш анъанага айланди. Ҳар куни турли тадбир, қабул маросими, шоулар. Оз маблағ кетмайди. Тўғри, жуда керак. Лекин мана шу фестиваль ҳам мамлакат имижига, ҳам сайёҳларни жалб қилиб, даромад олишга ишлаши керак. Биз нима қиляпмиз, аксарият хорижликни ўз ёнимиздан чақиряпмиз. Телевидениеда эса шу ерда ишлаб юрган, бошқа иш билан келган хорижликларни кўрсатиб, "Мана, фалон давлатлардан атайин шу фестивалга меҳмонлар келяпти", деб кўрсатяпмиз. Ҳаммаси ҳам эмасдир балки.
Лекин нега биз доим сарфлаймиз? Керакми, йўқми шу? Қанчалик эффект беряпти? Ахир, давлатимиз осонлик билан даромад топмаяпти-ку. Қилмайлик демаяпман. Сал ҳисоб-китобига қарайлик. Натижаларни таҳлил қилиб кўрайлик. Кейин хулоса ясаса арзийди.
Мамлакатимизда ўтказиладиган халқаро анжуманларда хорижий меҳмонларга ҳамроҳлик қилиш учун вазирлик ва идоралар, ташкилотлар (банклар)нинг раҳбарлари, ўринбосарлари ва бошқа вакилларни бириктириш анъанаси бор. Келадиган меҳмон даражасига қараб биздан даража белгиланади.
Бу "тажриба"дан улар ҳам ҳайратда қолса керак, чунки бизникилар четга чиқса, уларга ортиқча мулозамат кўрсатилмайди. Улар ҳам таклиф қилганда кўпинча бетини қаттиқ қилиб, йўлкира ўзингиздан ёки яшаш харажатлари ўзингиздан деб ёзадику. Баъзан шундай қилармиз. Ҳар ҳолда бир тарафини кўтарсин.
Имиж учун яхши, дерсиз. Лекин ниманинг ҳисобидан? Масала шунда.
Яна бир мисол, АОКА деган тузилма матбуот котибларини ташкилотининг машинаси билан бирга сафарбар қилади. Матбуот котиблари "меҳмон атои Худо" деб меҳмони келиб-кетгунича атрофида гирдикапалак бўлади. Унга кўнгли тусаганини муҳайё қилиб беради.
Бугун, афсуски, матбуот котиби деганда тадбирларда меҳмон билан ўзини кўз-кўз қиладиган, чинакам вазифасидан кўра, тадбирма-тадбир юрадиган авлод шаклланди. Очиқлик, шаффофликни устувор деб биладиган, раҳбарини матбуотга олиб чиқадиган мос кадрлар сийраклашиб кетди.
Чет эллик меҳмонжон ҳеч бўлмаса бирор совға сотиб олар, шуям харна валюта тушуми бўлади десангиз, қурғур униям олдиргани қўймаймиз-да. Уят бўлади деб, ўз ёнимиздан олиб берамиз.
Самолёти, меҳмонхонаси бир ён, бу ерда юриши бир ён бўлади. Муҳими, шу ердан мамнун бўлиб кетсин. Бўлди, бошқа нарса керакмас...
Лекин биз 33 йиллик мустақиллик йўлини босиб қўйган давлатмиз. Дунёда ўзимизга яраша ўрнимиз, обрўйимиз бор. Бу даражада куч, маблағ сарфлаб, ўзимизни танитишга ҳожат йўқ назаримда. Майли, энг нуфузли меҳмонларга шароит қилиб берайлик. Лекин қолганига меъёр бўлиши керак.