Харид учун тўпланган 1 фоизли кешбек қачон қайтарилади?

Хабарингиз бор жорий йил 1-январдан QR-кодли харид чекларини “Soliq” мобил иловасида рўйхатдан ўтказган жисмоний шахслар харид суммасидан 1% кешбекка эга бўлмоқда. Кўпчилик харидорлар амалга оширган харидлари учун чекларни рўйхатдан ўтказиб маълум миқдорда кешбек суммаларини тўплашга ҳам улгурди. Ижтимоий тармоқлар орқали кешбек орқали тўпланган маблағни қачон банк пластик картасига ўтказиб оламиз деган мазмунда жуда кўп саволлар бўлмоқда.

Вилоят давлат солиқ бошқармаси сайёр солиқ текширувлари шўбаси бошлиғи Алишер Турдиев мавзу юзасидан маълумот берди.

“Сизга шуни маълум қиламизки, сотиб олинган товарлар қайтарилганда тадбиркорлик субъектларида харид чекларига тузатиш киритиш имконияти мавжудлигини ва улар томонидан солиқ ҳисоботларини тақдим этиш муддатлари ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 20-санасигача этиб белгиланганини инобатга олган ҳолда кешбек суммаси 21-25-саналарда қайтарилади. Яъни, январь учун февраль ойининг 21-25-саналарида, февраль учун эса март ойининг 21-25-саналарида кешбек қайтарилади.

Эслатиб ўтамиз, автомобиль сотиб олганлик, темир йўл ва авиа чипта хариди, коммунал ва алоқа хизмати учун тўловлар амалга оширилганда олинган харид чеклари учун кешбек қайтарилмайди.
Агар сиз чек бермаслик ҳолатларига дуч келсангиз “Soliq” мобил иловасининг "Soliq hamkor" бўлими орқали хабар беринг. Мурожаатчига ҳуқуқбузарлардан ундирилган жарима суммасининг 20 фоизи мукофот сифатида тўлаб берилади. Маълумот учун: тўлов терминали орқали қабул қилинган тўловлар учун харидорларга тўлов терминали чеки билан бирга онлайн-НКМ ёки виртуал касса чеки ҳам берилиши шарт".