Харид чеки бермаганлиги боис 34 нафар ҳуқуқбузар жаримага тортилди

Бахтиёр ака бироз шамоллаб қолган невараси учун дорихонадан зарур дориларни харид қилди. Дорилардан бирини қабул қилишга шифокор рухсат бермади. Нима қилиш керак? Дорини дорихонага қайтиб топшириш керак. Аммо дорихона сотувчиси эса дорини қайтариб олмади.

Бахтиёр ака дориларни сотиб олаётганида харид чекини олганида, бу аҳволга тушмаган, истеъмолчилик ҳуқуқи поймол бўлмас эди.

Дарҳақиқат, турмушимизда бу каби ҳолатлар рўй бериб туради. Лекин ҳар бир харидор сотиб олинадиган маҳсулот, буюм ёхуд кўрсатиладиган хизматлар учун харид чекини талаб қилиб олиши зарур. Негаки, харид чеки истеъмолчилик ҳуқуқини ҳимоя қилиши баробарида савдо тартиб-қоидаларига риоя этилишига, маблағларнинг банкдан ташқари ноқонуний айланишининг олдини олишга замин яратади.

–  Вилоят давлат солиқ бошқармаси томонидан тадбиркорлик субъектларининг онлайн назорат-касса машиналаридан фойдаланиши, харидорларга харид чекини беришини таъминлаш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, – дейди вилоят давлат солиқ бошқармаси ходими Мусурмон Мамадиёров. – Лекин олиб борилаётган тарғибот-тушунтириш ишларига қарамасдан онлайн назорат-касса машиналаридан фойдаланмаслик ёки харид чекини бермаслик ҳолатлари учраб турибди. Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда онлайн НКМдан фойдаланмаслик бўйича 331 ҳолат аниқланди. Бундан ташқари, харид чеки бермаслик юзасидан 34 та ариза келиб тушди. Ҳуқуқбузарлар солиқ қонунчилигида белгиланган тартибда жаримага тортилганини таъкидлаш жоиз.

Умид Алимов,

Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати ходими.