Эндиликда харид чеки орқали тўпланган пулнинг 1 фоизи харидорга қайтарилади, касса аппарати билан боғлиқ қоибдабузарлик ҳақда хабар берган фуқарога мукофот пули берилади

2021 йил 4 октябрда “Чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида назорат-касса техникасидан фойдаланишни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори эълон қилинган эди.

Мазкур қарорда 2022 йил 1 январдан кучга кириши кўзда тутилган бир қатор бандлар бор.

Жумладан, биринчи январдан бошлаб амалга оширилган харидлар учун фуқарога харид чеки асосида 1 фоиз маблағини қайтариб бериш амалиёти кучга кирди.

Масалан, сиз ой давомида 3 миллион сўмга харид қилиб, тўпланган чекларни тегишли тартибда тақдим этсангиз 30 минг сўм ҳисобингизга қайтариб берилади.

Қарорда кўрсатилишича:

“2022 йил 1 январдан бошлаб:
чакана савдо, умумий овқатланиш ва аҳолига маиший хизмат кўрсатиш объектларида харидни амалга оширган ва ушбу харидни солиқ органларининг махсус мобиль иловасида харид чекининг фискал белгисини матрицали штрих код (QR-код) ёрдамида сканерлаш орқали рўйхатдан ўтказган жисмоний шахсларга уларнинг банк карталарига ой якуни билан харид суммасининг 1 фоизи республика бюджетидан қайтарилади, бундан автомобиль сотиб олганлик учун, темир йўл ва авиа чипта хариди, коммунал ва алоқа хизмати учун тўлов, шунингдек, тўлов тизими операторлари орқали тўловни амалга оширганда олинган харид чеклари мустасно”

Шунингдек, касса аппарати ва терминаллар билан боғлиқ қатор қоидабузарликлар ҳақда хабар берган фуқароларга жариманинг 20 фоизи миқдорида мукофот пули берилади:

“Сотиб олувчига чекларни ёки уларга тенглаштирилган ҳужжатларни бермасдан товарларни реализация қилганлик ва хизматлар кўрсатганлик, шунингдек, идентификация қилиш воситалари билан мажбурий рақамли маркировка қилиш назарда тутилган маҳсулотларда қалбаки маркировка қўлланилганлиги ёки маркировка мавжуд эмаслиги тўғрисида солиқ органларига махсус дастур орқали хабар берган жисмоний шахсларга, ҳуқуқбузарлардан ундирилган жарима суммаси ҳисобидан қонунчилик ҳужжатларида назорат-касса техникасини ва ҳисоб-китоб терминалларини қўллаш тартибининг бузилиши бўйича белгиланган жариманинг 20 фоизи миқдорида мукофот тўланади”.