“Хайрли кун” дастурининг бошловчиси мухлислари билан учрашди

Оммавий ахборот воситалари ичида радио ўз тингловчиларини жалб этиш учун унда соҳир овоз соҳиблари меҳнат қилиши ва халқнинг орзу-умидларига ҳамоҳанг радиоэшиттиришлар тайёрлаши керак. Шундай журналистлардан бири мафтункор овоз соҳиби Ҳулкар Нурматовадир. У 25 йилдан буён радиоэттиришлари орқали халқнинг қалбидан жой олиб келмоқда. Бунинг исботини журналист ўз мухлислари билан ташкил этган ижодий учрашувда гувоҳи бўлдик.

- Самарқанд радиоканалида ҳар куни уч соат жонли эфир дастури узатилади, - деди вилоят телерадиокомпанияси директори Мирзо Ихтиёров. – Ҳулкар Нурматова радиода катта муҳаррир сифатида фаолият юритади ва “Хайрли кун” дастурини жонли эфирда олиб боради. Унинг ёқимли овози радио ихлосмандларига хуш ёқишини бугунги учрашувга келган мухлислардан ҳам билсак бўлади.

Учрашувда мухлисларнинг илиқ сўзлари тингланди.

- Биз етти нафар опа-сингилмиз, - дейди Паст Дарғом тумани Беклар маҳалласида истиқомат қилувчи Мафтуна Ирисова. – Опа-сингиллар Самарқанд радиосидаги “Хайрли кун” дастурини севиб тинглаймиз. Ушбу дастур бир муддат негадир ёпилди. Биз мухлислар вилоят телерадиокомпаниясига келиб, севимли дастуримизни қайта тиклашни илтимос қилдик. Шундан сўнг, яна дастур ўз фаолиятини йўлга қўйди. Ушбу дастур орқали Ҳулкар опани яқиндан таниймиз, унинг ширали овозини яхши кўрамиз. Нафақат овози, балки меҳр-муҳаббати, самимийлиги билан ҳам мухлисларга ёқади. Ҳатто радио орқали дўстлар ҳам орттирдик.

Ижодий учрашувда Ҳулкар Нурматованинг мухлислари ўз ҳаётий воқеалари билан ўртоқлашди. Кимдир радио орқали турмуш қурган бўлса, кимдир аразлашган жуфти билан ярашибди. Қурилишда ишлайдиган тўрт нафар йигит тадбирга икки соатга рухсат сўраб келганини айтди. Кўзи ожизлар жамияти аъзоси, пайариқлик Гулзода опа радио бошловчиларни қалб кўзи билан кўришини, “Хайрли кун” дастурини доимий тинглашини билдирди.

Самимий руҳда уюштирилган тадбир иштирокчиларга кўтаринки кайфият бағишлади. Мухлислар томонидан куй-қўшиқлар ижро этилди. Фаол мухлисларга эсдалик совғалари берилди.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.