Хайрли тонг азизлар!

21 февраль - Халқаро она тили куни

ЮНЕСКО ташкилоти томонидан  21 февраль – Халқаро она тили куни деб эълон қилинган. Мазкур сана 2001 йилдан буён халқаро миқёсда  нишонланиб келинмоқда.

Халқаро она тили кунининг мазмун-моҳиятида ҳар бир халқнинг ўз миллий тафаккури, маънавияти, руҳиятининг ўзагини ташкил этадиган тилга алоҳида муҳаббатнинг белгиси ўз аксини топади. Мазкур кун она тили байрами сифатида нишонланар экан, бу байрам муносабати билан ҳар бир инсоннинг ўз Ватани ва ўз тилига бўлган муҳаббати, унга бўлган эҳтироми, қадрлаш туйғулари янгиланади.

ХАЛҚАРО ТИЛЛАР — турли давлатлар халқларининг алоқа воситаси бўлиб хизмат қиладиган тиллар. Табиий тилларга ва сунъий тилларга бўлинади. Табиий тилнинг халқаролик вазифаси аниқ бўлса-да, миллий ёки қабилавий тиллардан фойдаланишга нисбатан иккинчи даражали ҳисобланади. Сунъий халқаро тилнинг халқаролик вазифаси бирламчи ҳисобланса-да, улар ҳар доим ҳам рўёбга чиқмаган. Чунки бундай тилларнинг ҳаммаси ҳам миллатлараро алоқа-аралашув амалиётида қўлланавермаган.

Табиий халқоро тил  қадимда ва ўрта асрларда минтақавий характерга эга бўлган (уларнинг қўлланиши муайян минтақа, ҳудуд билан чегараланган). Чунончи, қадимий Шарқ халқларида алоқа воситаси сифатида Хитой тили (иероглифик шаклда), Ғарбий Осиёнинг қадимий  давлатларида турли даврларда шумер, аккад ва оромий тиллари қўлланган. Юнон тили эллинистик дунёнинг, лотин тили эса турли тилларда сўзлашувчи Рим империясининг умумий тили бўлган. Ўрта асрларга келиб Яқин Шарқ ҳудудида араб ва форс тиллари, славян мамлакатларида эса қадимий славян тили халқоро тил вазифасида қўллана бошлаган.

Янги даврда, маълум объектив сабаблар туфайли аввалдан сақланиб қолган минтақавий халқаро тил гуруҳи билан бир қаторда дунё миқёсида қўлланувчи халқаро тил (жаҳон тиллари) ҳам пайдо бўлди. У ёки бу тилнинг халқаро тил даражасига кўтарилиши эстралингвистик (сиёсий, иқтисодий ва маданий) ва лингвистик (тил функционал тизимларининг ривожланганлиги, соҳавий  терминологияларнинг мавжудлиги ва бошқа) омиллар йиғиндиси билан белгиланади.

Жаҳон тиллари сони тобора ортиб бормоқда. XVIII асрдан сўнг («француз тили умумий тил бўлган аср» деб ҳам номланади) аста-секин инглиз ва немис тиллари, XX асрдан эса рус ва бошқа бир қанча тиллар жаҳон миқёсида қўллана бошлади. Тилнинг халқаролиги уларнинг халқаро ташкилотлар ёки конференцияларнинг (БМТ, ЮНЕСКО) «расмий» ёки «ишчи» тили сифатида тан олиниши туфайли ушбу мақомда юридик жиҳатдан мустаҳкамланиши билан белгиланади (масалан, инглиз, араб, испан, хитой, рус, француз тиллари БМТнинг расмий ва ишчи тиллари ҳисобланади). Халқаро тилни кўп миллатли давлат ичида қўлланувчи, миллатлараро алоқа воситаси ҳисобланувчи тиллардан фарқлаш керак. Баъзи тиллар ҳам халқаро, ҳам миллатлараро тил сифатида қўлланиши мумкин (масалан, рус ва хитой тиллари).

Сунъий халқаро тил деганда алоқа-аралашув учун махсус шакллантирилган ясама коммуникатив тизимлар тушунилади. Лотин тилининг халқаролик вазифаси сусайиши муносабати билан XVII асрдан бошлаб сунъий тилларнинг кўплаб лойиҳалари пайдо бўла бошлади. 1629 йилда француз файласуфи Р.Декарт лингволойиҳалаш назариясига асос солди. XVII- XIX асрларда сунъий тилларни яратувчилар кўпинча табиий тилларни номукаммал тиллар сифатила танқид қилиб, сунъий тилларни табиий тилларга алмаштирилиши зарур бўлган универсал тиллар деб баҳолаганлар.

XVIII аср ўрталарида халқаро алоқанинг махсуслашган воситаси ҳисобланган ва табиий тиллар билан ёнма-ён мавжуд бўлган сунъий тилнинг ёрдамчилик, воситачилик хусусияти ҳақида тасаввур шаклланди. 1879 йилда яратилган волапюк ҳам оғзаки, ҳам бадиий ижод соҳасидаги алоқа доирасида қўлланган дастлабки сунъий тилдир.

1884-1889 йилларда волапюк тарафдорларининг 3 та халқаро конференцияси ўтказилган, унда дунёнинг турли мамлакатларида ўнлаб газета ва журналлар нашр этилган бўлса-да, бу ҳаракатлар узоқ давом этмади. Фақат эсперантогина (1887 йилда яратилган) кенг оммалашиб, унда кўп кишилар сўзлашадиган бўлди. Шундай бўлса-да, эсперанто ҳар доим тор доиралаги ёрдамчи, иккиламчи тил сифатида қўлланган. Сунъий тиллардан идо (1907), оксидентал (1921-1922), интерлингва (1951) ҳам у қадар муваффақият қозонмай, тор коммуникатив доирада қўлланиб келмоқда. Лекин мазкур сунъий халқаро тилнинг барчаси ғарбий тиллар материаллари негизида шаклланган бўлиб, Шарқ тиллари учун бегона ҳисобланади.