Хитой бир қатор америкалик расмий шахсларга нисбатан санкциялар жорий этди

АҚШ томонидан Гонконгга нисбатан жорий этилган санкцияларга жавобан, Хитой 11 нафар америкалик расмий шахсларга нисбатан санкциялар жорий этишга қарор қилди. Бу ҳақда 10 август куни ХХР ТИВ расмий вакили Чжао Лицзян маълум қилди.
Сенаторлар Марко Рубио ва Тед Крузлар ҳам санкциялар жорий этилган расмийлар рўйхатидан жой олдилар.
Бир муддат илгари, АҚШ молия вазирлиги 11 нафар Хитой ва Гонконгнинг юқори лавозимли амалдорларига нисбатан санкциялар жорий этган эди. Рўйхатдан: Гонконг маъмурияти раҳбари Кэрри Лэм, Гонконг полицияси раҳбари Крис Тан, хавфсизлик вазири Жон Ли, адлия вазири Тереза Чэн, ХХР Давлат кенгаши қошидаги Гонконг ва Макао масалалари офиси директори Ся Баолун ва бошқалар жой олган.
АҚШ, бу одамлар “Гонконг автономиясига хавф солганликлари ва Гонконг фуқароларининг сўз эркинлигига ва йиғилишларига чеклов қўйганлари”, сабабли уларга нисбатан санкциялар жорий этилганини маълум қилди. Хусусан, АҚШ молия вазирлиги тақдим этган ҳужжатда, Гонконг миллий хавфсизлиги тўғрисидаги қонун эслатиб ўтилган.