Хитой савдо урушида мағлуб бўладими? Оқ уй Эрон билан тўғридан-тўғри ядровий музокаралар талаб қилмоқда. USAID дастурлари қисман тикланди. Трамп тўхтатишга ваъда берган урушлар яна аланга олди

🔹 Хитой ўз кучига ишонади ва АҚШ билан савдо қарама-қаршилигига тайёр. Мамлакат 10 апрелдан бошлаб АҚШ товарларига 84 фоизлик қўшимча божлар жорий қилишини маълум қилди. АҚШ савдо урушида мағлуб этишга қодир ягона давлат билан тўғридан-тўғри тўқнашув қўзғатди, дейди «CNN». Бу ўн йилдан ортиқ давом этган кескин муносабатнинг чўққиси бўлиб, XXI аср учун бурилиш нуқтасига айланиши мумкин. Икки қудратли давлат ўртасидаги таранглик бартараф этилмаса, оқибат шунчаки савдо урушидан ҳам жиддийроқ бўлиши мумкин. Айни дамда 60 га яқин давлатдан импорт товарларига Трамп тарифлари кучга кирган. Унинг ўзи эса импорт товар божлари Америка ғазнасига ҳар куни 2 миллиард доллар олиб келишини айтмоқда.
🔹 АҚШ ва Эрон вакиллари шанба куни тўғридан-тўғри музокаралар ўтказади.
🔹 Трамп маъмурияти USAID халқаро ёрдамини оммавий ёпиш ҳақидаги қарорини қисман бекор қилди. Камида олтита хориждаги фавқулодда ёрдам дастурлари тикланади.
🔹 Трамп президентликкача берган ваъдалари устидан чиқолмаяпти шекилли, Россияда ҳам, Фаластинда ҳам уруш чўғи яна аланга олди. Россия Украинага зарбаларини кучайтирди. Кеча зарбалар Днепрга берилди, кўплаб қурбонлар бор. Исроил ҳам Ғазога йирик ҳужумларни давом эттирмоқда. Кеча камида 26 киши ҳалок бўлган, зарбалар тўхтамаяпти, дейди араб ОАВлари. Жангларнинг янги босқичи бошланганидан бери 1391 фаластинлик ҳалок бўлган.
🔹 АҚШ Олий суди 16 минг амалдорни ишдан бўшатиш ҳақидаги қарорни тасдиқлади.
🔹 Кеча Доминикан Республикасида клубнинг қулаши оқибатида ҳалок бўлганлар сони 79 кишига етди. Кариб денгизи мамлакати президенти Луис Абинадер фожиа туфайли уч кунлик миллий мотам эълон қилган.
🔹 Associated Press Оқ уйга қайтди. Судья Трамп маъмуриятига агентликнинг Оқ уйга киришини тиклашни буюрди. Агентлик Доналд Трампга биноан Мексика кўрфазини Америка кўрфази деб аташдан бош тортган.
🔹 Тарихда биринчи марта ўнг қанот популист "Германия учун муқобил" партияси сўровларда бошқа блокларни ортда қолдириб, биринчи ўринни эгаллади.
🔹 Канада АҚШ автомобиллари ва эҳтиёт қисмларига 25 фоизлик қасос тарифларини жорий қилади.
🔹 2025 йилнинг март ойи рекордлар бўйича иккинчи энг иссиқ ой деб тан олинди. Коперник иқлим ўзгариши хизмати олимларига кўра, Ер юзидаги ўртача ҳаво ҳарорати цельсий бўйича 14,06 даражага етган - 2024 йилнинг рекорд даражадаги март ойига нисбатан атиги 0,08 даража совуқроқ.
Г.Холдорова тайёрлади.