Хориж воқеалари қисқа хабарларда: НАТО саммитида кўриладиган энг асосий масала маълум қилинди. Франция парламенти муаллақ қолди

🔹 Украина дронлари Россиядаги ўқ-дорилар омборига зарба берди. Россиянинг Воронеж вилояти Подгоренский туманида Украина дронлари ҳужумидан кейин фавқулодда ҳолат жорий этилди.
🔹 Франция Миллий ассамблеясига бўлиб ўтган навбатдан ташқари сайловларда “Янги халқ фронти” сўл альянси ғалаба қозониб, 182 мандатни қўлга киритди. Бу Францияда муаллақ парламент ва ҳукумат тузиш музокараларининг чўзилишига олиб келиши мумкин. Сайлов натижалари президент Эммануэль Макронга оғриқли зарба бўлди дея хабар бермоқда ОАВ. Париждаги Республика майдонида парламент сайловлари фонида оммавий тартибсизликлар бошланган.

Эслатиб ўтамиз, 9 июнь куни Франция президенти Эммануэль Макрон Миллий ассамблея тарқатиб юборди ва муддатидан олдин сайловлар белгилади. 30 июнда Францияда парламент қуйи палатасига навбатдан ташқари сайловлар ўтди. Ўнг қанот “Миллий митинг” партияси ва унинг иттифоқдош кучлари биринчи турда ғалаба қозонди. Парламент сайловларидан кейин бирорта ҳам коалиция мутлақ кўпчиликни қўлга кирита олмади.

🔹 Вашингтонда НАТО саммитига тайёргарлик кўрилмоқда. Алянсга аъзо 32 давлат етакчилари 9-11 июль кунлари АҚШ пойтахтида йиғилишади. Асосий масалалардан бири Украинани янада қўллаб-қувватлаш, хусусан, урушаётган давлатнинг ҳаво мудофаасини кучайтириш экани айтилмоқда.
🔹 Британиянинг янги бош вазири Кей Стармер 40 минг маҳбусни озод қилишни режалаштирган. Амнистия сабаби қамоқхоналарнинг тўлиши. Амнистияга кўра, жинсий зўравонлик ёки терроризм билан боғлиқ бўлмаган жиноятчилар озод қилинади. Май охирида Беларусда депутатлар ҳам глобал амнистия ҳақида айтишган.

🔹 Хитой раҳбари Си Цзинпин Пекинда Венгрия Бош вазири Виктор Орбан билан учрашди. Орбан 5 июль куни Москвада Россия президенти Владимир Путин билан Украинадаги можарони ҳал қилиш ва тинчлик музокараларини бошлаш йўлларини муҳокама қилган, аввалроқ Киевда Зеленский билан учрашган эди.

🔹 Польша ўз иттифоқчилари билан биргаликда Россия Федерациясининг узоқ масофали авиациясининг фаоллиги туфайли самолётларни ҳавога кўтарди. Польша ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари, шунингдек, Украина ҳудуди ўққа тутилгани боис кескин ҳолатда бўлган.

🔹 Исроилда 26 ёшли йигит Naegleria fowleri амёбаси келтириб чиқарадиган мия яллиғланиши билан касалхонада вафот этди. У 4 июль куни Киннерет кўлида чўмилгач, амёбали менингоенсефалит юқтирган. Амебик менингоенсефалит - бу мия инфекциясидир. Амёба дарёлар ва кўллар каби чучук, илиқ сувда бурун орқали инсон танасига кириб, кейинчалик мияга ўтиши мумкин. Касалликнинг дастлабки белгиларига бош оғриғи, иситма, кўнгил айниши ва қусиш ва галлюцинация билан кечади.

🔹 2023 йилнинг июнь ойи ўтган йиллардаги мос ойга нисбатан энг иссиқ ой деб топилди. 2023 йилда БМТ метеорологлари глобал исишни техноген иқлим ўзгариши ва Эль-Ниньо бошланиши, Тинч океанининг экваториал сувлари ҳароратининг ошиши билан боғлашган.