Хорижда ишлаётганларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси қандай ёрдам беради?
Соҳадаги бу каби камчиликлар нохуш ҳолатларга сабаб бўлаётганлигининг ҳаммамиз гувоҳи бўлдик. Жумладан, шу йилнинг 18 январь куни Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида содир бўлган даҳшатли фожиада Россияга иш излаб кетаётган 54 ўзбекнинг 52 нафари ҳалок бўлди.
Ачинарлиси, бу каби фожиа биринчиси эмаслигини барчамиз яхши биламиз. Шу нуқтаи назардан бу қарор жуда ҳам зарур эди.
Қарорга кўра, 2018 йил 1 сентябрдан Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтган юридик шахслар Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан бериладиган лицензия асосида мамлакатимиз фуқароларини хорижда ишга жойлаштириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида аккредитациядан ўтиш асосида, хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетаётганларнинг касбий малакасини, жумладан, касбий кўникмаларга эга бўлиш ва хорижий тилларни билиш даражасини тасдиқлаш борасидаги фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга.
Шунингдек, қарор билан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузурида хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси (юридик шахс мақомида) ташкил этилди.
Мазкур жамғарма хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш даврида зўравонлик, мажбурий меҳнат ва камситишдан жабрланган, меҳнат ва бошқа ҳуқуқлари бузилган, оғир молиявий аҳволга тушган ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатларсиз, тирикчилик учун маблағсиз қолган фуқароларни ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилади ҳамда моддий ёрдам беради.
Ишга жойлашган давлатнинг тегишли муассасалари томонидан тасдиқланган ҳолларда республикадан ташқарида меҳнат миграциясида бўлган даврда вафот этган фуқароларнинг жасадларини, шунингдек, хориждаги меҳнат фаолияти вақтида меҳнат қобилиятини йўқотишга олиб келган шикастланиш ёки жиддий жароҳатланган фуқароларни олиб келади. Меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга ташкиллаштирилган тарзда илгари юборилган ва ишга жойлашган мамлакатнинг қонун ҳужжатларини бузиш оқибатида ушбу мамлакат ҳудудидан чиқариб юборилган (депортация қилинган) фуқароларни, тўланган маблағлар ушбу фуқаролар ҳисобидан кейинчалик қоплаб берилиши шарти билан шунингдек, келишилган меҳнат шароитлари чет эллик иш берувчилар томонидан таъминлаб берилмаган фуқароларни қайтаради.
Бу чора-тадбирлар учун жамғарманинг даромадларини шакллантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетидан 200 миллиард сўм ажратилди. Жамғарманинг бошқа даромад манбалари белгилаб берилди.
Мазкур қарор билан 2018 йил 1 августдан хусусий меҳнат шартномалари бўйича меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга кетаётган фуқароларга Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан белгиланган тартибда ихтиёрий рўйхатдан ўтиш таомилини жорий этган ҳолда, хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун рухсатнома бериш тартиби бекор қилинади.
Шунингдек, хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқаролар томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига энг кам иш хақининг тўрт ярим баравари миқдорида йиллик суғурта тўловларини ихтиёрий равишда тўлаш тартиби жорий этилади. Бунда тўловлар амалга оширилган даврлар белгиланган тартибда меҳнат стажига қўшилади.
Толиб ЭШМАНОВ,
халқ депутатлари вилоят
Кенгаши депутати.