Хорижий давлатлардан йирик миқдордаги акциз маркасиз тамаки маҳсулотларини етказиб берувчилар ушланди
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Оқдарё туман бўлими томонидан олинган тезкор маълумотлар асосида ўтказилган тадбирда туман ҳудудидаги “Юқори нуқта” ЙПХ масканига кириб келган фуқаро А.Н. бошқарувидаги “ISUZU” русумли юк автомашинаси тўхтатилиб кўздан кечирилган.
Жараёнда автомашина юкхонасида республика ҳудудига айланма йўллар орқали олиб кирилган умумий баҳоси 332 миллион сўмлик 8 300 қути “ЕSSЕ СНANGE” номли тамаки маҳсулоти ортилганлиги аниқланган. Процессуал тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб тамаки маҳсулотлари ашёвий далил сифатида олинган.
Шунингдек, ушбу ноқонуний йўллар билан олиб келинган тамаки маҳсулотлари чет давлат фуқароси Ж.М. ва Сирдарё вилоятида яшовчи М.У.га тегишли эканлиги аниқланиб, давом этган тадбирда чет эл фуқароси Ж.М. Самарқанд туманида яшовчи Ф.Э.дан тамаки маҳсулотларини ўтказиш учун келишилган 11 200 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.