Хотин-қизлар учун IT-меҳнат бозорига йўлланма

Самарқанд шаҳридаги School 21- халқаро технологиялар мактабида Рақамли технологиялар вазирлиги кўмагида IТ ва рақамли соҳада карьера қуришни мақсад қилган қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган "Women Empowerment Week" номли тўрт кунлик таълим лойиҳаси ўз ишини бошлади.
Кейинги йилларда Ўзбекистон Гендер тенглик ва бошқарув индексида 103-ўриндан 52-ўринга кўтарилди. Бу хотин-қизларимизнинг таълим, тадбиркорлик ва технология соҳаларидаги имкониятларини кенгайтиришга қаратилган чора-тадбирлар туфайли амалга оширилди.
Мазкур лойиҳада иштирок этиш учун республикамизнинг барча вилоятларида яшовчи 400 дан ортиқ талабгордан аризалар келиб тушди. Ташкилотчилар улар орасидан 50 нафар энг сара иштирокчини танлаб олди. Тадбир доирасида қизлар учун барча шарт-шароит ва имкониятлар яратилган, жумладан, овқатланиш, ётоқхона, компьютердан фойдаланишлари мумкин.
- Мазкур ҳафталик қизларга технологиялар соҳасига дадил кириб бориш, зарур билимларни эгаллаш ва рақамли дунёда ўз ўрнини топишга ёрдам бериш мақсадида ташкил этилди, - дейди Рақамли технологиялар вазирининг ёшлар ва аёлларни IТ соҳасига жалб қилиш бўйича маслаҳатчиси Камола Собирова. - Бугунги кунда мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлаш масалаларида сезиларли ютуқларга эришилмоқда. Буни халқаро рейтинглардаги ўсиш кўрсаткичининг ошиб бораётганлигидан ҳам яққол сезиш мумкин. Бугун минглаб иқтидорли ва интилувчан қизлар янги технологияларни ўзлаштиришга, рақамли соҳада карьера қуришга ва иқтисодиёт ривожига ҳисса қўшишга тайёр эканликларини кўрсатмоқда. Тадбир нафақат соҳага эндигина қадам қўяётган қизларга зарур кўникмаларни эгаллашга ва ўз кучларига ишонишга ёрдам беради, балки улар учун юқори маошга эга бўлган истиқболли карьерага йўл очиб беради.
Ҳафталик иштирокчилар орасида талабалардан ташқари, турли соҳаларда ишлайдиган мутахассислар ва аёллар ҳам бор. Фарзанди билан келадиган оналарга қулайлик яратиш мақсадида болалар хонасини ташкил этилди. Лойиҳа иштирокчилар учун самарали бўлиб, уларга янги кўникмаларни муваффақиятли ўзлаштириш, ўз кучига ишониш ва технология соҳасида ишлаш орқали меҳнат бозорига чиқиш имконини беради.
Иштирокчилар лойиҳа ва маҳсулот менежментини ўзлаштириш билан бирга, фриланс платформаларидан IТ буюртмаларини излашни, бозорга кириш учун кучли резюме ва портфолио яратишни ўрганадилар. Дастур соҳанинг маҳаллий ва хорижий тажрибага эга етакчи экспертлари, жумладан, TBC, Рayme, Group-IB ва Women in Tech мутахассислари иштирокида ўтказилмоқда.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.