Хусусий мактаб Конституцияга зид эмас, чунки улар зарурат ё мажбурият эмас, танлов имконияти

Таълим, айниқса, мактабгача ва мактаб таълими барча даврларда ҳам кўпчиликнинг эътиборида бўлиб келган. Бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган бу соҳа доимий эътиборда бўлиш баробарида унда кўплаб янгиликлар, ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Музаффар Ҳамдамовга мурожаат қилиб уларнинг айримлари ҳақида билиб олдик.

- Музаффар Язданқулович, Конституциямизнинг 50-моддасида давлат бепул умумий ўрта таълим ва бошланғич профессионал таълим олишни кафолатлаши белгиланган.

Айни пайтда бошқа ҳудудлар қатори Самарқандда ҳам хусусий мактаблар кўпайиб бормоқда. Табиийки, уларда ҳар бир тарбияланувчи учун муайян миқдорда ойлик тўловлар мавжуд. Бу эса Бош қомусимизда белгиланган юқоридаги нормага зид эмасми?

- Асосий Қонунимизнинг 50‑моддасида давлат бепул умумий ўрта таълим ва бошланғич профессионал таълим олишни кафолатлаши белгиланган. Шу билан бирга, мазкур моддада давлат узлуксиз таълим тизими, унинг ҳар хил турлари ва шакллари, давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари ривожланишини таъминлаши ҳам назарда тутилган.

Бундан ташқари, “Таълим тўғрисида”ги қонуннинг 9‑моддасида нодавлат таълим ташкилотларида умумий ўрта ва ўрта махсус таълим тўлов-шартнома асосида амалга оширилиши мумкинлиги назарда тутилган.

Юртимизда бепул умумий ўрта таълим кафолатланган ва болаларнинг давлат умумий ўрта таълим ташкилотларида таълим олишига барча шарт‑шароитлар яратиб берилган. Шу билан бир қаторда, таълим соҳасида фаолият кўрсатишни хоҳлайдиган тадбиркорлар учун ҳам нодавлат умумий ўрта таълим хизматларини кўрсатиш фаолияти билан шуғулланиш учун ҳам имкониятлар мавжуд.

Қайд этиш лозим, хусусий таълим ташкилотларининг фаолият юритиши юқоридаги конституциявий кафолатга зид ҳисобланмайди. Чунки улар давлат томонидан тақдим этиладиган бепул таълим тизимини алмаштирмайди, балки фуқаролар учун қўшимча танлов имкониятини яратади. Ота-оналар ёки қонуний вакиллар ўз хоҳишига кўра фарзанди учун давлат мактабини ёки хусусий мактабни танлаши мумкин. Бу зарурат эмас.

Яъни, хусусий мактабларнинг бўлиши Конституциядаги “бепул умумий ўрта таълим кафолати”ни бузмайди, асосий ҳуқуқ – бепул таълим олиш имконияти давлат мактаблари орқали амалга оширилади.

- Умуман, хусусий умумтаълим мактабларида ойлик тўловлар қайси мезонлар асосида белгиланади? Бу жараённи туман (шаҳар) Мактабгача ва мактаб таълими бўлимлари ёки вилоят бошқармаси назорат қила оладими? Хусусий мактаблардаги таълим сифатини-чи?

- Бугунги кунда Самарқанд вилоятида 49 та хусусий мактаб мавжуд. Улар қонунчиликда белгиланган тартибда фаолият кўрсатиб келмоқда.

Жумладан, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда вилоят бошқармаси томонидан нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотларининг фаолияти, уларнинг белгиланган лицензия талаблари ва шартларига риоя қилишини назорат қилиш Президентимизнинг 2022 йил 13 сентябрдаги ПҚ-374‑сон қарорида белгиланган тартибда амалга оширилмоқда.

Қайд этиш лозим, хусусий мактабларнинг тўлов миқдорлари мустақил равишда белгиланади. Зеро, “Таълим тўғрисида”ги қонуннинг 31‑моддаси еттинчи бандида нодавлат таълим ташкилотлари томонидан ишлаб чиқилган ўқув дастурлари бўйича ўқитиш таълим олувчи ёхуд унинг ота-онаси ёки бошқа қонуний вакиллари ва нодавлат таълим ташкилоти ўртасида тузиладиган, ўқитиш муддатлари, шартлари ва тўловлари, томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда бошқа шартлар белгиланадиган шартнома асосида амалга оширилиши белгиланган.

Шу сабаб нодавлат таълим ташкилотлари таълим бериш тўловларини мустақил равишда, шартнома асосида белгилайди.

- “Умумтаълим мактабларини дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмалар билан таъминлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” ги қарорга кўра, дарсликларни тўлиқсиз тўпламда ижарага беришга йўл қўйилмайди.

Аммо айрим ҳолларда бу қоида амалда ишламайди. Мисол учун, ўтган ўқув йилининг ўрталарига келиб ҳам Самарқанд шаҳридаги 81-мактабда дарсликлар етишмаслиги ижтимоий тармоқларда ёритилган.

Жорий йилда бундай ҳолат қайтарилмайдими?

- Адлия вазирлиги томонидан 2014 йил 28-апрелда рўйхатдан ўтказилган “Умумтаълим мактабларини дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмалар билан таъминлаш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 1-боб 2-бандига асосан “умумтаълим мактабларининг биринчи синф ўқувчилари учун дарсликлар ҳар йили, 2-4 синфлар учун икки йилда бир марта ва 5-9-синфлар учун тўрт йилда бир марта янгиланиши белгиланган.

Мазкур низомнинг 4-боб 51-бандига асосан “Дарсликлар ёки ўқув-методик қўлланмалардан фойдаланиш усулидан қатъи назар, улар йўқолган ёки фойдаланишга яроқсиз ҳолатга келиб қолган тақдирда, ўқувчининг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ёхуд ҳомийлар ёки ўқитувчилар зарарни худди шундай дарслик ёки ўқув-методик қўлланма билан қоплайди ёхуд унинг бирламчи ҳужжатларда (ҳисоб-фактурада, юк хатида) кўрсатилган қийматини тўлайди.

Лекин йўқотилган дарсликларнинг ўрнини қоплашнинг имконияти мавжуд эмас.

Шунинг учун умумий ўрта таълими мактаби раҳбарияти томонидан мазкур дарсликларнинг нусхалари чоп этилиб, дарсликлар тўпламларини тўлиқ ҳолатга келтириш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

- Амалдаги тартибга кўра,  умумий ўрта таълим муассасаларининг ўқувчилари учун ягона мажбурий мактаб формасини жорий қилиш хақидаги тартиб бекор қилинган.

Лекин бу масала ҳар йили кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлади. Сиз бу ҳақда нима дейсиз?

- Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий ягона мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 666-сонли қарорига Ҳукуматнинг ўзини 558-сонли қарори билан ўзгартириш киритилган. Яъни, давлат умумий ўрта таълим муассасаларида белгиланган шакллардаги ягона мактаб формаси босқичма-босқич жорий этилиши белгиланган. (Изоҳ: аниқ муддати, яъни аниқ қачон жорий этилиши белгиланмаган).

“Таълим тўғрисида”ги қонуннинг 48-моддасида устав (таъсис ҳужжати) талабларига, ички тартиб-қоидаларига, вақтинча яшаш жойлари қоидаларига ва таълим фаолиятини ташкил этиш ҳамда амалга оширишга оид бошқа ички ҳужжатлар талабларига риоя этиш таълим олувчиларнинг мажбуриятларидан бири этиб белгиланган.

Шу боис Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг 2023 йил 31августдаги “Умумий ўрта таълим муассасасининг такомиллаштирилган намунавий одоб-ахлоқ қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 282-сон буйруғи билан тасдиқланган “Умумий ўрта таълим муассасасининг такомиллаштирилган намунавий одоб-ахлоқ қоидалари” тўғрисидаги низомининг 15-бандига мувофиқ, таълим муассасаси уставида ман этилган либос ва қиёфада, жумладан ўғил болалар калта шим, футболка, шиппакда ва қиз болалар калта, тор ва танани очиқ кўрсатувчи юпқа (ҳарир) кийимда келиши ҳамда бўйни ва бармоқларига турли хил тақинчоқлар тақиши тақиқланган.

Яъни, ягона мактаб формаси жорий қилинмади, дегани умумий ўрта таълим муассасаларининг ўқувчилари мактабга хоҳлаган кийимда бориши мумкинлигини билдирмайди.

- Музаффар Язданқулович, шу ўринда яна бир савол - Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йилдаги қарорига кўра, 2025/2026 ўқув йилига қадар умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида фаолият юритаётган барча хорижий тиллар ўқитувчилари камида B2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро сертификатга эга бўлиши лозимлиги белгиланган.

Жараён қандай кечмоқда?

- Ҳозирги кунда вилоятда жами 5506 нафар хорижий тил ўқитувчиси фаолият олиб бормоқда. Шундан 3685 нафари (66,9 фоиз)да миллий ва халқаро даражадаги сертификат мавжуд.

Миллий ва халқаро даражадаги сертификатлари мавжуд бўлмаган 1821 нафар ўқитувчиларни жорий йилнинг сентабрь ойидан туман (шаҳар) лар кесимида Самарқанд давлат чет тиллари институтининг профессор-ўқитувчилари билан биргаликда миллий ва халқаро сертификатга эга бўлишлари учун ўқув-семинарлар ташкил қилинди.

Худди шундай жорий йилнинг 28 август санасида Давлат тест маркази томонидан миллий сертификат учун тест жараёнлари ташкил этилди. Октябрь ойида чиқиши кутилаётган тест натижаларидан сўнг вилоятдаги сертификат олган ўқитувчилар сони 83 фоизга кўтарилиши прогноз қилинмоқда.

- Мазмунли суҳбат учун раҳмат!

- Саломат бўлинг!

Ё.ГАДОЕВ суҳбатлашди.