Ягона маъмурий қурилиш регламентлари тасдиқланди
Унда қатор янги тартиблар белгиланган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 20 апрелдаги 200-сон қарори билан “Қурилиш соҳасига оид ягона маъмурий қурилиш регламентларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан кўчмас мулк бузилишга тушган ёки тушмаганлиги тўғрисида маълумотнома беришда давлат хизматини кўрсатиш бўйича маъмурий регламент тасдиқланди.
Мазкур регламент юридик ва жисмоний шахсларнинг (кейинги ўринларда — ариза берувчилар) республика миқёсида нотурар бино ва иншооти ҳамда тураржойларни бузилишга тушганлиги ёки тушмаганлиги ҳақида маълумотнома (кейинги ўринларда — маълумотнома) бериш тартибини белгилайди. Яъни, уй-жойнинг “снос”га тушганини аниқлаш бўйича давлат хизмати кўрсатилади, десак нотўғри бўлмайди.
Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармалари маълумотномани тақдим этувчи ваколатли орган ҳисобланади. Давлат хизматлари марказлари ва ваколатли органлар ўртасида ахборот алмашиш электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда фақат электрон тарзда амалга оширилади.
Ариза берувчи маълумотнома олиш учун Давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат этади ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали давлат хизматидан электрон тарзда фойдаланиш учун рўйхатдан ўтади. Маълумотнома олиш учун аризалар ЯИДХП орқали дам олиш ва байрам кунларидан қатъи назар, ҳар куни 24 соат давомида юборилиши мумкин.
Маълумотнома 3 иш кунида расмийлаштирилади ҳамда ариза берувчининг электрон манзилига юборилиб, унга бу ҳақда хабар берилади.
Ариза берувчи ўзи келиб, мурожаат этган тақдирда, Давлат хизматлари маркази ариза берувчи номидан, ЯИДХП орқали мурожаат этган тақдирда эса – Регламентга мувофиқ давлат хизматидан фойдаланиш учун сўровномани электрон тарзда тўлдиради ва уни ўз электрон рақамли имзоси билан тасдиқлайди.
Хизматни кўрсатиш унинг учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 фоизи миқдорида (ЯИДХП орқали мурожаат қилганда сумманинг 90 фоизи) йиғим ундирилади. Ваколатли орган “снос” ҳолатини ўрганиб, натижаси бўйича QR-кодли маълумотномани ДХМ ёки ЯИДХП орқали тақдим этади.
Давлат хизматлари марказлари ва ваколатли органлар ўз фаолиятини амалга ошириши натижасида олинган ариза берувчи ҳақидаги маълумотларнинг ошкор этилмаслигини таъминлаши керак.
Маълумотнома расмийлаштирилган куннинг ўзида «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимида автоматик равишда ҳисобга олиб борилади.
Баҳодир Қаршиев,
вилоят ҳокимлиги бош юрисконсульти.