Ялдо кечаси ва чилла: Табиат қонуни, халқ ҳикмати, қиш баракаси, деҳқон умиди
Бугун 21 декабрдан 22 декабрга ўтар кечаси энг қисқа кун ва энг узун тун (17 соат) содир бўлади.
Ушбу тун Ялдо кечаси дейилади. Илгари Ялдо кечаларини кишилар зориқиб кутишган. Қиш кунлари ҳафта сайин гап-гаштак дейилган, даврага тўплаганлар ғазалхонлик қилишган, баҳри-байт айтишиб, мушоиралар ўтказишган, рақс тушишган, қўшиқлар хиргойи қилишган, дутор-доира чалиб, ўйин-кулгини қизитишган.
Шу билан бирга ҳижрий-шамсий йил тақвими ҳисобига кўра, жадий ойи ҳам бошланди. Жадийнинг ўзига яраша хислату қонун-қоидалари, фазилатлари бор. Жумладан, бу ойда ёғингарчилик миқдори ўртача 40 миллиметрни, ҳаво намлиги 72 фоизни ташкил этиши керак. Баъзан чиллада 40 даража ва ундан кучли совуқлар бўлади. Худди шунингдек, ой анча илиқ кечадиган йиллар ҳам кузатилади.
Эртага, 22 декабрдан сўнг кунлар аста-секин узая бошлайди. Халқимиз орасида “Тўқсон кирса, тўрғай одими билан, қантар оғса (8 февраль), қарға одими билан кунлар узаяди”, деган нақл бор.
Деҳқоннинг ҳам, боғбону чорвадорнинг ҳам чиллада амалга ошириши лозим бўлган ишлари, шунга яраша ташвиш-тараддудлари бор. Аслини олганда, зумрад баҳор гулларининг ҳам, ёз неъматларию куз мўл-кўллигининг ҳам дастлабки куртакларига чилла асос солади.
Бинобарин, “Сифатли шудгор келгуси йил мўл ҳосилининг гарови”, деймиз. Шундай. Чунки чуқур ҳайдалган ер чиллада роса музлайди. Натижада бундай майдонларнинг тупроқ таркиби яхшиланади, ҳосилдорлиги ошади, қишлов учун яширинган ҳашаротлар, бегона ўт уруғлари, илдизлари қирилади. Агар ҳайдашдан олдин экин майдонларига гўнг ёки бошқа маҳаллий ўғитлар солинган бўлса, тағин ҳам яхшироқ самара беради.
Ғаллакор деҳқон чиллада қалин қор ёғишини истайди. Чунки қор кузги дон майсалари устини кўрпадай ёпиб, изғирин ва совуқдан асрайди. Қор суви ерга сингувчандир. Баҳор келиши билан “кўрпа” эриб, майсалар томирига куч беради, нам узоқ сақланади. Чиллада қор сероб келса, хирмонга барака энади. “Қор ёғди, дон ёғди”, дейдилар. Чилла суви ҳам фойдали. Хусусан, узум, сабзавот экинларидан баракали ҳосил етиштираман, деган боғбон, касбини севган соҳибкор бунинг қадрига кўпроқ етади. Чилла сувига бир марта қондирилган ток ва мевазор боғлар ёз ойларида сувни бир марта кам талаб қилади.
Хайрулла ҚОСИМОВ.