Яна бир давлат хизмати ишга тушди

Ҳукумат қарорига мувофиқ, Қимматли қоғозлар билан операцияларни амалга ошириш ҳуқуқини олиш учун жисмоний шахсларни аттестациядан (қайта аттестациядан) ўтказиш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.

Регламентга кўра, малака сертификатини бериш, қайта расмийлаштириш, унинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш ва уни бекор қилиш бўйича давлат хизматлари ДХМ ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали кўрсатилади.

Малака сертификати талабгорларга 5 йил амал қилиш муддати билан берилади.

Малака сертификатининг амал қилиш муддати тугаган шахслар 30 кундан кечиктирмасдан мажбурий аттестациядан ўтиши лозим.

Қуйидаги шахслар қимматли қоғозлар бозори мутахассисининг малакаси сертификатини олиш учун аттестациядан ўтишлари шарт:

➖қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчиларининг ижро органи раҳбарлари, марказий депозитарий ва унинг тузилмавий бўлинмалари раҳбарлари, фонд биржаларнинг ижро органи ва унинг тузилмавий бўлинмалари раҳбарлари ва валюта биржаларининг фонд бўлими раҳбарлари;

➖қимматли қоғозлар билан операцияларни амалга оширишда иштирок этувчи, хизматлар кўрсатувчи ва (ёки) қимматли қоғозлар бозорида ишларни бажарувчи қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчиларининг, марказий депозитарийнинг қимматли қоғозлар билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи бўлимларининг, фонд биржасининг ва валюта биржалари фонд бўлимларининг мутахассислари.

Талабгорларнинг тегишли малака сертификатини бериш тўғрисидаги сўровномасини кўриб чиқиш бўйича давлат хизмати кўрсатилганлиги учун БҲМнинг 1 баравари (300 минг сўм) миқдорида йиғим ундирилади.

ЯИДХП орқали мурожаат этилганда, мазкур миқдор 270 минг сўмни ташкил этади.

Регламент талаблари қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчиларида, Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси, фонд биржалари ва валюта биржаларининг фонд бўлимларида ишлашга талабгор бўлган ёки ишлаётган ҳамда олий маълумотга эга жисмоний шахсларга нисбатан қўлланилади.