“Янги авлод” МТТлари тармоғи, устама, солиқ имтиёзлари. Президентимиз мактабгача таълим тизимига оид фармонни имзолади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мактабгача таълим ва тарбия тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.
Унга кўра:
- бир йиллик мактабга тайёрлов гуруҳларининг таълим дастури мажбурий умумий ўрта таълимнинг дастлабки босқичи сифатида киритилади;
- мактабгача таълим тизимида ўйинга асосланган таълим жорий этилади;
- таркибида Болаларни ривожлантириш инновацион марказини ўз ичига олган “Янги авлод” мактабгача таълим ташкилотлари тармоғи ташкил этилади;
- бир йиллик мактабга тайёрлов гуруҳларининг таълим дастурлари мактабгача таълим ташкилотлари, умумтаълим мактаблари ва бошқа ижтимоий соҳа объектларида тўлиқ ёки қисқа муддатли гуруҳларда амалга оширилади;
- мактабгача ва умумий ўрта таълим хизматларини кўрсатувчи нодавлат таълим ташкилотларига бир йиллик мактабга тайёрлов гуруҳларини ташкил этишга рухсат берилади;
2027-2028-ўқув йилидан бошлаб:
- мактабга тайёрлов гуруҳларининг таълим жараёнлари олий маълумотли педагоглар, шунингдек, олий таълим ташкилотларининг битирувчи босқич талабалари томонидан олиб борилади;
- мактабга тайёрлов гуруҳларида таълим-тарбия олган болаларга бир йиллик мактабга тайёрловдан ўтганлик тўғрисида давлат намунасидаги электрон сертификат берилади ҳамда ушбу маълумотлар умумий ўрта таълим тўғрисидаги шаҳодатномада қайд этилади;
2026–2028 йилларда:
- Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида биттадан давлат мактабгача таълим ташкилоти сифатида фаолият олиб борувчи “Янги авлод” мактабгача таълим ташкилоти ташкил этилади;
- “Янги авлод” мактабгача таълим ташкилоти раҳбар, педагог бошқа ходимларининг тариф ставкасига нисбатан 20 фоиз миқдорида ҳар ойлик қўшимча устама жорий этилади;
2026-2027 ўқув йилидан бошлаб:
- педагогика олий таълим ташкилотларида мактабгача ва бошланғич таълим йўналиши бўйича бакалаврларни тайёрлаш халқаро илғор тажриба асосида амалга оширилади;
- тегишли олий таълим ташкилотларида ўрта махсус маълумотли педагог кадрлар учун дуал таълим шаклида мактабгача таълим йўналишида тўлов-шартнома асосида бакалаврлар тайёрлаш йўлга қўйилади;
- янги ташкил этилган давлат мактабгача таълим ташкилотларига, биринчи навбатда, олий маълумотли тарбиячилар ишга қабул қилинади;
2026 йил 1 апрель бошлаб:
- мактабгача таълим қамрови 80 фоиздан паст бўлган туман (шаҳар)лардаги (Тошкент шаҳри бундан мустасно) тадбиркорлик субъектлари учун қатор имтиёзлар жорий этилади.