Янги китоб: "Газета - ўқиш учун чоп этилади!"

Яқинда пойтахтимизда шу номдаги китоб нашрдан чиқди. Бу китобга дуч келган ижтимоий тармоқ “фаол”и яна бир газетачининг газета ўқиш ҳақидаги насиҳатида, деган ўйга бориши аниқ.

Қизиғи, китоб муаллифи Алишер Тоиров ёш иқтисодчи, фаолияти ҳам шу соҳа билан чамбарчас боғлиқ. Аммо у бугунги босма нашрларнинг тақдирига бефарқ бўлмаган доимий кузатувчиси. Муаллиф китобдан ўрин олган мулоҳазаларида бугунги газета ва журналларнинг тақдири ҳақида жонкуярлик билан сўз юритади. Хусусан, китобда бошланғич саҳифаларидан ўрин олган “Газета - ўқиш учун чоп этилади!” сарлавҳали мақоласида билдирган мулоҳазалари миллат маънавиятига бефарқ бўлмаган ҳар бир кишини ўйлашга, муаммога теран назар солишга ундайди.

“Давлат арбоби Шароф Рашидовнинг номи бизга доим газеталарнинг кучини билдириб туради. Бу инсоннинг етук сиёсатчи бўлишида газетанинг ўрни муҳим бўлган. Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов каби улуғ шоирларимиз ҳам шеъриятга илк қадамларини таҳририятда қўйган, шу ерда қалами чархланган. Афсуски, бугун “макулатура” сўраса қўлингизга газета, журнал тутқазадиган авлодга айландик”.

Ҳа, бугун интернетда ахборот тарқатиш тезлиги билан баҳслашадиган манба ҳарқалай ҳозирча маълум эмас. Аммо фақатгина ахборотнинг тезкорлигини муҳим билиб, фикр-мулоҳазали, таҳлилий-танқидий мақолалар ўқишдан ўзни маҳрум қилиш ҳам тўғри бўлмас. Босма нашрларни, хусусан, газета ўқишни тарк қилаётган бугунги жамият мана шу сабабдан ҳам ур-йиқит ахборотлар билангина қаноатланяпти. Киши интернетда ўзига керак бўлган ахборотни қидирар экан, смартфон экранида у минглаб ўзига жалб қилувчи реклама ва тарғибот иловаларига дуч келади. Беихтиёр уларнинг қутқусига учиб, асосий мақсад-муддаодан чалғийди. Адашган ёшлар, жиноятга қўл ураётган катталар ана шундай таҳрирсиз, асоссиз ахборотлар қурбонига айланаётганини ҳеч ким инкор этолмайди. Интернетда жуда кўп сохта янгиликлар мавжуд ва газета ҳар доим тасдиқланган маълумотларни тақдим этади. Биз бугунги интернет тажовузига қарамай, дунёда ҳар куни минглаб, миллионлаб газеталар чоп этилаётганидан хабардормиз. Ҳолбуки, интернет АҚШ, Ғарб давлатлари, Япония ёки Хитойда Ўзбекистондагига қараганда анча тезкор. Аммо уларда бугун ҳам газеталар миллионлаган нусхада чоп этиляпти.

Муҳими, газета ўқиш кишида мутолаа кўникмасини ҳосил қилади. Бундан хулоса қилиш мумкинки, газета ўқимаётган авлод китоб ўқишдан ҳам йироқлашяпти. Шундай экан, босма нашрлар тақдирига омматан бефарқлик ёш авлоднинг саводхонлик даражасига ҳам салбий таъсир қилишини тушуниб етишимиз лозим.

Китобда шу каби фикрларни ўқир экансиз, бу эътиборсизлик ва бефарқлик оқибатидан маънавий йўқотишларимизнинг кўламини ҳис қиласиз.

Сулаймон Мардиев.